Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
XCM молиявий пирамидаси ишида 5 ходим интизомий жазоланган, бири ишдан бўшатилган – ИИВ
ИИВ ҳузуридаги Киберхавфсизлик марказига кўра, XCM молиявий пирамидасидан ҳозирча аниқланган жабрланганлар сони мингдан ортиқ. Уни тарғиб қилган ИИБ ходимларига нисбатан хизмат текшируви ўтказилган: 5 нафарига интизомий жазо қўлланилган, 1 нафари ишдан олинган. Ҳозирда XCM бўйича терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилмоқда.
23 декабр куни Ички ишлар вазирлиги маданият саройида журналистлар иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Унда йил якуни бўйича соҳада қилинган ишлар қаторида, ОАВ вакилларининг саволларига жавоб берилди.
Хусусан, вазирликнинг Киберхавфсизлик маркази директори ўринбосари Жаҳонгир Сагдуллаев Kun.uz мухбирининг нима сабаб ХCМ молиявий пирамидаси юзасидан чора кўриш ортга сурилаётганига оид саволига изоҳ берди.
Унинг айтишича, бу бўйича ҳозирга қадар мингдан ортиқ фуқаролар жабрлангани аниқланган ва терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказиляпти.
“Бизга бу молиявий пирамида тўғрисида ҳанузгача фуқаролар томонидан ариза келиб тушгани йўқ. Сайтингизда эълон қилингандан кейин биз ичига кириб ўргандик. Бу пирамиданинг асосий ташкилотчилари бугунги кунда чет элда фаолият юритаётгани ҳамда Ўзбекистондаги офислари, лидерлари, бунга хайрихоҳ бўлган шахслар тўлиқ аниқланган. Улардан далиллий ашёлар олинган. Бу криптовалюта, криптоактивлар кўринишида бўлганлиги учун ҳозирда Binance платформасига сўров жўнатганмиз. Жавоби келгандан кейин, албатта, қонуний қарор қабул қилинади.
Бунинг натижасини олмасдан туриб, биз жиноят иши масаласини ҳал қила олмаймиз. Шу сабабдан бу ерда озгина вақт билан боғлиқ масала бор. Ҳозир жабрланувчиларнинг ҳар бири билан алоҳида гаплашиляпти”, – деди Жаҳонгир Сагдуллаев.
Мазкур кейсда жабрланувчиларнинг ўзига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-4-моддасига асосан, яъни криптоактивлар билан боғлиқ муомалани ноқонуний тарзда амалга оширишгани сабаб маъмурий чора кўрилган.
“Қонунни билмаслик жавобгарликдан озод қилмайди. Шу сабабдан бу фуқаро бўладими, тарғибот қилган ходимлар бўладими – барчасига нисбатан зарурий чоралар кўрилади. Қонунчилик шуни назарда тутади. Ушбу молиявий пирамидани ташкил қилган етакчилари, умуман асосчилари – барчаси аниқланиб, уларга ҳам зарурий чоралар кўрилади. Фақатгина ҳозир вақт билан боғлиқ масаламиз турибди”, – деди расмий.
Вазирликнинг Шахсий хавфсизлик бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ҳусниддин Азизовга кўра, ХCМ ишини тарғиб қилган ИИО ходимлари жазоланган. Унга кўра, ҳолат юзасидан хизмат текшируви ўтказилиб, 1 нафар ходим ишдан бўшатилган ва 5 нафарига интизомий таъсир чоралари қўлланилган.
Kun.uz манбасига кўра, ХCМ молиявий пирамидасини тарғиб қилган Самарқанд вилояти Паст Дарғом тумани ИИБ профилактика инспектори ишдан олинган.
Ички ишлар вазири ўринбосари Рамазон Ашроповнинг маълум қилишича, 2025 йилда ИИО ходимлари томонидан 87 та жиноят содир этилган, 2024 йилда бу рақам 67 та бўлган. Уларнинг 18 нафарига суд жазо тайинлаган, 48 нафарига нисбатан тергов ҳаракатлари ва 19 нафарига нисбатан эса суд жараёни давом этмоқда. 1 нафари ярашув билан тугатилган, 1 нафарини айби исботланмаган.
Шунингдек, 2025 йилда хизмат интизомини қўпол равишда бузган 124 нафар ходим салбий сабабларга кўра тизимдан бўшатилгани қайд этилди.
Мавзуга оид
19:13
“2025 йилда хизмат вазифасини бажариш чоғида 6 нафар ходим вафот этди, 131 нафари жароҳатланди” – ИИВ
21:21 / 16.12.2025
Kun.uz огоҳлантирган XCM молиявий пирамидаси ўн минглаб одамни чув туширди. Ўзбекистонликларни ким шилмоқда?
13:51 / 11.12.2025
ИИВ ва FIA Ўзбекистонда йўл ҳаракати хавфсизлигини ошириш бўйича ҳамкорликка келишди
09:28 / 11.12.2025