Жамият | 19:40 / 23.10.2025
9170
2 дақиқада ўқилади

Гувоҳлар келмади: Фурқат тумани ИИБ ва мактаб директори ишидаги навбатдаги суд мажлиси қандай ўтди?

Гувоҳ тариқасида чақирилган (“тезкор тадбир”нинг бевосита иштирокчилари бўлган) ИИБ ходимлари Ғайрат Отақулов ва Юсуф Ёқубов келмагани боис суд ишни кўришни бошқа кунга қолдирди. Судланувчилар Акмал Хўжаев ва Жасур Расулов гувоҳлар эшитилмай туриб кўрсатма бермасликларини айтди.

Фото: Kun.uz

Фарғонада ИИБ ходимлари томонидан таҳқирланган Гулираъно Қосимова иши доирасида навбатдаги суд мажлиси 22 октябр куни бўлиб ўтди. Унга гувоҳ тариқасида чақирилган, “тезкор тадбир”нинг бевосита иштирокчилари бўлган ИИБ ходимлари Ғайрат Отақулов ва Юсуф Ёқубов таклиф қилинганди. Аммо гувоҳларнинг ҳар иккиси судга келмади.

Судланувчилар Акмал Хўжаев (собиқ ИИБ бошлиғи) ва Жасур Расулов (ИИБ бошлиғининг собиқ ўринбосари) гувоҳлар эшитилмай туриб кўрсатма бермасликларини айтди.

Шу сабаб суд иши 24 октябрга қадар танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz олдинроқ Фурқат туманида мактаб директори бўлган Гулираъно Қосимова билан содир бўлган ҳолат ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда Фурқат тумани ИИБ ходимлари аёлни калтаклаб, кийимларини йиртиб, яланғоч ҳолда тасвирга олгани ҳақида гап боради. Ҳолат Сенат қўмитаси томонидан назоратга олинган. Омбудсман Фурқат тумани ИИБнинг 4 нафар масъул ходими жиноий жавобгарликдан озод этилганини маълум қилиб, ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахснинг қилмиши тўлиқ ва холисона ўрганилишини сўраган.  

Аввалги суд мажлисида кўрсатма берган Фурқат туман солиқ инспекцияси собиқ бошлиғи, иш бўйича жабрланувчилардан бири бўлган Қурбонали Абдураҳмонов ўзи билан бир вақтда ишлаган туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев унга милиция ходимлари кунига 20 та телевизор олиб берасан деган топшириқ берганини, у рад этганидан сўнг ИИБ бошлиғи “ИИБга қарши чиқиш қандай бўлишини кўрсатиб қўйиш” билан таҳдид қилганини эслаганди.

Муаллиф:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид