Фарғона вилояти Фурқат туманида мактаб директори бўлган Гулираъно Қосимова учун 2025 йилнинг 17 апрели даҳшатли кунга айланган. У ЙТҲга учраган турмуш ўртоғини даволатишга ўша куни таниши, туман солиқ инспекцияси бошлиғидан қарз сўраб боради. Бу солиқ идораси раҳбари билан ўзаро адовати бўлган Фурқат тумани ИИБ бошлиғига қулай фурсат эди: ИИБ ходимлари амалдор ва директорни гўёки “ушлаб олгандай” калтаклашга тушади, кийимларини йиртиб, яланғоч ҳолда тасвирга олишади. Аммо режа пухта ўйланмаган чоғи, аёлнинг кутилмаган қатъияти ҳаммасини остин-устун қилиб юборди.

Фурқат туманидаги мактаблардан бирининг директори бўлган 34 ёшли Гулираъно Қосимова туман солиқ инспекцияси ва ИИБ бошлиқларининг ўзаро адовати қурбони бўлди: ИИБ ходимлари аёлнинг шаъни ва қадр-қимматини топтаб, ерга қориштириб ташлашди. Директор ўзи билмаган ҳолда Фурқат тумани ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев томонидан туман солиқ инспекцияси раҳбари Қурбонали Абдураҳмоновга қўйилган “тузоқ”қа тушиб қолганди.

Бир тўда ходимлар қаршисида қип-яланғоч эдим”

2025 йил 17 апрел. Бу сана Гулираъно Қосимова учун даҳшатли кун бўлган.

Гулираъно Қосимова

Директор ўзининг таниши, Фурқат тумани солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмоновдан ЙТҲга учраган турмуш ўртоғини даволатиш учун қарз сўрашга боради. Ўша пайтда бир гуруҳ ИИБ тезкор ходимлари тўсатдан пайдо бўлиб, директор ва амалдорни қип-яланғоч қилиб ечинтирган ҳолда дўппослай кетишди:

Фурқат туманидаги 29-мактабда директор бўлиб ишлайман. Фурқат тумани Ички ишлар бўлими собиқ бошлиғи Акмал Хўжаев билан туман солиқ инспекцияси бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов ўртасидаги можаро қурбони бўлдим. Ҳақиқатан ҳам Қурбонали ака билан аввалдан танишман. У киши билан бирга ишлаганмиз.

Турмуш ўртоғим автоҳалокатга учраши оқибатида ўнг қўлидан жиддий жароҳат олганди. Операцияси учун ҳаммадан пул сўраб юрган вақтим эди. Шифокорларнинг саъй-ҳаракати билан қўли сақлаб қолинди. Аммо кўрикдан ўтганимизда зудлик билан қайта операция қилиниши зарурлигини, бу гал нервларни улаш кераклиги, акс ҳолда қўл қуриб қолишини айтишди.