Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
«Байрамга 20 та телевизор берасан, деган топшириғини рад этгандим» — Фурқат туман ДСИ собиқ бошлиғи кўрсатма берди
Фарғонада ИИБ ходимлари томонидан таҳқирланган Гулираъно Қосимова иши доирасида навбатдаги суд мажлисида “тезкор тадбир” акс этган видео қўйиб берилди. Жабрланувчи бу видеолавҳадан уни калтаклашгани акс этган асосий кадрлар қирқиб ташланганини айтди. Шунингдек, суд мажлисида кўрсатма берган Фурқат туман солиқ инспекцияси собиқ бошлиғи Қурбонали Абдураҳмонов ўзи билан бир вақтда ишлаган туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев унга “ИИБга қарши чиқиш қандай бўлишини кўрсатиб қўйиш” билан таҳдид қилганини эслади.
15 октябр куни жиноят ишлари бўйича Қува туман судида Фурқат тумани ИИБнинг собиқ амалдорларига нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.
Суд мажлисида собиқ ИИБ раҳбари ва ўринбосарининг адвокатлари Kun.uz мухбирининг суд жараёнларидаги иштирокини чеклашни сўради. Ишни кўриб чиқаётган суд раиси Авазбек Раҳимов бу илтимосномани рад қилди.
Шундан сўнг Гулираъно Қосимованинг кўрсатувлари тингланди. Адвокатлар ҳолат юзасидан жабрланувчига саволлар билан мурожаат қилди.
Суд мажлисида Гулираъно Қосимованинг адвокати ҳолат, яъни тезкор тадбир акс этган видео билан таништиришни сўради. Сўровга асосан судга тақдим этилган видеолавҳа процеcс иштирокчилари томонидан кўриб чиқилди.
Видеолавҳа билан танишган Гулираъно Қосимова ундан ўзи калтаклангани акс этган асосий кадрлар қирқиб ташланганига эътироз билдирди.
Жабрланувчининг сўзларига кўра, экспертиза хулосалари ҳам сохталаштирилган:
“Экспертиза хулосалари сохта эканлигини судланувчилар тақдим этган видеода ҳам кўриш мумкин. Сабаби экспертиза хулосасида жароҳат эски, воқеа кунигача олинган деб берилган бўлса-да, видеода баданимда тан жароҳатлари йўқ эканлиги кўриниб турибди. Мени видеога олган Соҳиб Назаров, Тоҳир Баширов, Юсуф Ёқубовлар ҳам шу кунга қадар биз бу аёлни видеога олмаганмиз, деб жавобгарликдан қутулиб қолишаётган эди. Видеодан менинг калтакланганим акс этган жойлар кесиб ташланган”, деди Гулираъно Қосимова.
Шунингдек, суд мажлисида туман солиқ инспекцияси раҳбари Қурбонали Абдураҳмоновнинг ҳам кўрсатувлари тингланди.
“Менинг уйимга бостириб киришганида дастлаб уйимга наркотик қўйиб, Г.Қосимовадан гувоҳ сифатида фойдаланади деб ўйладим. Сабаби мен ИИБ собиқ бошлиғи А.Хўжаев билан икки маротаба, бири пахта терими вақти фермер кетидан тортишганман, иккинчиси милиция ходимлари кунига 20 та телевизор олиб берасан деган топшириғини рад этганимда тортишдим. Ўша вақт менга ИИБга қарши чиқиш қандай бўлишини кўрсатиб қўяман деган эди. Аммо икки ярим йил бирга ишлаб бир дастурхонда овқатланиб, ота-онамни таништириб уйимда меҳмон қилган инсонимдан бу даража пасткашликни кутмаган эдим.
Мен қачонки Г.Қосимова иккимизни ходимлар уриб ётоқхонага олиб кириб гўёки «ушлаб олган»дек видеога олишганда тузоқни тушуниб етдим. Пастки қаватга мени олиб тушиб кетишди, юқорида эса Г.Қосимова билан Соҳиб, Тоҳир, Юсуф ва бир нечта ходим қолган эди. Г.Қосимованинг урма деган қичқириқлари эшитилар эди. Мени эса юқорига чиқармай ушлаб туришди. Бир неча дақиқадан сўнг Г.Қосимовани олиб чиқиб, бизни ИИБ биносига олиб келишди. У ерда Г.Қосимова «ака, нимага ундай дейишаётганини тушунмадим, лекин ходимлар мендан сизни зўрлади деб кўрсатма беришимни талаб қиляпти», деди. Шу ерда билдимки, мени номусга тегишда айбламоқчи бўлишган”, деди Қурбонали Абдураҳмонов.
Суд иши 22 октябрга қадар танаффус эълон қилди.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz олдинроқ Фурқат туманида мактаб директори бўлган Гулираъно Қосимова билан содир бўлган ҳолат ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда Фурқат тумани ИИБ ходимлари аёлни калтаклаб, кийимларини йиртиб, яланғоч ҳолда тасвирга олгани ҳақида гап боради. Ҳолат Сенат қўмитаси томонидан назоратга олинган. Омбудсман Фурқат тумани ИИБнинг 4 нафар масъул ходими жиноий жавобгарликдан озод этилганини маълум қилиб, ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахснинг қилмиши тўлиқ ва холисона ўрганилишини сўраган.
Мавзуга оид:
Мавзуга оид
08:22
Фарғона ва Наманганда ер учун пора олган ҳоким ёрдамчилари ушланди
14:10 / 02.12.2025
“Сув сепиш билан иш битмайди” – Фарғона ҳавоси ҳамон ўта зарарли бўлиб қолмоқда
21:34 / 30.11.2025
Фарғонада ҳаво ифлосланиши рекорд даражани ташкил этди
19:56 / 30.11.2025