Ўзбекистон | 15:51 / 27.01.2022
12928
4 дақиқада ўқилади

“Камикадзелар орасида юргандекман” — Камолиддин Раббимов Ўзбекистонда ЙТҲларнинг кўплиги ҳақида

“Ўзбекистон йўлларида юрганда, ўзимни камикадзелар орасида юргандек ҳис қиламан”, дейди узоқ йиллар Францияда яшаб, яқинда Ўзбекистонга кўчиб келган сиёсатшунос Камолиддин Раббимов. У президент Шавкат Мирзиёевнинг “права”ни сотиб олишга қарши курашни кучайтириш бўйича ташаббусини қўллаб-қувватлади.

Камолиддин Раббимов / Фото: Kun.uz

“Мана, мени уч ойдан бери қийнаб келаётган масалани, президент айнан мен ўйлаган шаклда кўтарибди. Кузатишларимга кўра, Ўзбекистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиб олиш – жуда кенг тарқалган. Бир нечта танишларим “менинг ўзим ҳам сотиб олганман” деб, ўзлари тан олиб, кулишди.

Баъзи танишларимнинг айтишича, сотиб олинган ёки малакасиз гувоҳнома олган ҳайдовчилар салмоғи 90%дан ҳам ошиши мумкин. Ўзбекистон йўлларида юрганда, ўзимни камикадзелар орасида юргандек ҳис қиламан.

Францияда 67 миллион аҳоли бор, машиналар сони 40 миллиондан зиёд. Лекин йилда бир марта авария кўрсак кўрардик, ёки у ҳам бўлмасди. Бу ерда кунига, кун ора автоҳалокат...” – дея ёзди Раббимов Facebook'даги саҳифасида.

Сиёсатшунос йўл белгилари етишмаслигига ҳам эътибор қаратиб, бунда Ички ишлар вазирлигини танқид қилди.

“Қолаверса, йўлларда йўл ҳаракати белгилари умуман етишмайди. Белги қўйишда чалкашликлар ҳам жуда кўп. Масалан, Самарқанддан Тошкентга йўлга чиққан ҳайдовчи, қанча тезликда ҳайдаши кераклигини, доим ҳам билавермайди. Сабаби, белгилар мутлақ етишмайди. Айниқса кечаси, бу одамларни жиддий чалғитади, адаштиради. Аҳоли пункти ва дарёни билдирувчи белги, бир хил фонда ва ёзув стилида ифода қилинади. Бундай мисоллар ўнлаб... Ички ишлар вазирлигининг сиёсати шуки, одамлар кўпроқ хато қилса ва кўпроқ жарима тўласа”, – дейди у.

Facebook'даги пост остида изоҳ ёзган қатор фойдаланувчилар Камолиддин Раббимовнинг фикрларини тасдиқлаган.

“Мен ҳам сотиб олдим. Яна имтиҳон учун алоҳида бериш керак. 2 марта дарсга бордим, униям комиссия келяпти деб чақиришди”, – дея ёзган У.Н. никли фойдаланувчи.

“Мени қийнаган нарсалар энди айтиляпти. Биттасини биламан , 20-25 йиллардан бери автомактабнинг раҳбари. Ҳеч нарсаси йўқ одам эди, ҳозир районни олдиларидан; уй-жойи 2 та, дўконлари ҳам бор, хотини ҳам 2 та... Ўзини тутиши ҳам бошқача... МРЭО билан ака-ука. [...] “Ука, ҳамма жойда, ҳатто пойтахтларда ҳам йигитлар ҳурматимизни қилишади, чунки ёрдам қилганмиз деб мақтанади акамиз”, – дея ёзган Бахтиёр Сапаров исмли фойдаланувчи.

“Айни ҳолатни мен ҳам ҳис қилдим Ўзбекистонда. Йўллар сифати, йўл белгилар ва ҳайдовчиларни тубдан ислоҳ қилиш керак. Нега ривожланган давлатларда ҳал қилинган бу муаммо бизда ислоҳ қилинмаган?” – деган бошқа бир юзер Муҳаммад Солиҳ.

Эслатиб ўтамиз, 26 январ кунги йиғилишда президент Шавкат Мирзиёев йўллардаги ҳалокатларда ҳалок бўлаётганлар сони коронавирус қурбонларидан кам эмаслигини таъкидлади.

“Шу ўринда, бир муҳим масалага барчанинг эътиборини қаратмоқчиман. Умуман, ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимасдан олиш оддий ҳолга айланиб қолди. Мана биз ўқиганмиз, уч йил ўқитарди. Ҳозир 3 ой ўқияпти, яна бормасдан гувоҳнома оляпти. Нима, Ўзбекистонда қонун йўқми? Шунинг учун, авариялар сони соат сайин ошиб бормоқда. Агар биз ўзимиз тан олмасак, чора кўрмасак, давом этаверади”, – деди президент.

Давлат раҳбари бу муаммони бартараф қилиш учун адлия ва ички ишлар вазирлари ҳамда бош прокурорга топшириқ берди: улар аввало ўқитиш тизимини тубдан такомиллаштириш, иккинчидан, ўқитмасдан ва ўргатмасдан гувоҳнома бериш “жинояти”га қарши жазони кучайтириш бўйича бир ой муддатда қонунчиликка қўшимча киритиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади.

Мавзуга оид