Ўзбекистон | 17:52 / 07.02.2026
10203
3 дақиқада ўқилади

Тоғларга кўп қор ёғди: бу йил баракали, аммо хавфли мавсум бўлади

Ҳисор тоғ этаклари, айниқса Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларининг тоғли ҳудудларида бу йил одатдагидан кўп қор ва ёмғир ёғиши кузатилмоқда. Бу бир томондан сув захиралари учун ижобий ҳолат бўлса, иккинчи томондан қишлоқларнинг узилиб қолиши ва баҳорда тошқинлар хавфини кучайтирмоқда. Иқлимшунос Эркин Абдулаҳатов йил аввалидаги ёғинлар ва уларнинг оқибатлари ҳақида фикр юритади.

Иқлимшуносга кўра, 2025 йил декабр ойидан бери ёғингарчилик деярли муттасил давом этган. Уч-тўрт кун қор ёғиб, қорлар эримасдан туриб яна ёғингарчилик кузатилган. Натижада Ҳисор ва Олой тоғ тизмаларида одатдагидан кўп қор захираси тўпланган.

Бу ҳолат тоғларда жойлашган кузатув станцияларида ҳам қайд этилгани айтилмоқда. Масалан, Хўжанд ва Душанбени боғловчи Анзоб довонида қарийб 2 метрга яқин қор йиғилган. Бу эса ёғингарчилик кўп бўлган 2024 йилга нисбатан ҳам қарийб икки баробар кўп демакдир. Ўша йили қиш ва баҳор ойларида ёғингарчилик юқори бўлган эди. Шу боис жорий йилда ҳудуд учун сув захираси билан боғлиқ вазият анча барқарор ва барокатли бўлиши мумкин, дейди мутахассис.

Бироқ кучли қор ёғиши хавфли ҳолатларни ҳам келтириб чиқаряпти. Жорий тунда Тожикистондаги М-34 автомагистралида, Анзоб довони кириш қисмида қор кўчкиси юз берган. Оқибатда туннел ичида автомобиллар ва одамлар қолиб кетгани хабар қилинди.

Ўзбекистонда ҳам шунга ўхшаш ҳолатлар кузатилмоқда. Ижтимоий тармоқларда Навоий вилоятининг Нурота ва Хатирчи туманларидаги тоғли қишлоқларни боғловчи йўллар ёпилиб қолгани ҳақидаги тасвирлар тарқалди. Хусусан, Чуя ва Лангар қишлоқларига олиб борувчи йўлларда 2-3 метр қалинликда қор йиғилган. Шунингдек, Қамаши туманининг Қизилтом қишлоғига борувчи 10 километрлик йўл қарийб икки ой давомида қор билан қопланиб, қишлоқ ташқи дунёдан узилиб қолган.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, айрим ҳудудларда қор қалинлиги 2-3 метрга етган. Бу ҳолат тўлиқ аномал ҳисобланмайди, аммо сўнгги йилларда бундай вазият деярли кузатилмаган.

Иқлимшуноснинг қайд этишича, сўнгги йилларда иқлим ўзгариши яққол сезилмоқда. Баҳорнинг эрта бошланиши ва иссиқ кунларнинг тез кириб келиши қорларнинг шиддат билан эришига олиб келиши мумкин. Бу эса ёғингарчилик билан қўшилиб, сойлар ва дарёларда сув тошқинлари хавфини оширади.

Шу боис нафақат Ўзбекистонда, балки қўшни Тожикистон ва Қирғизистонда ҳам масъул идоралар дарё ўзанларини мустаҳкамлаш, қирғоқларни тиклаш ишларига алоҳида эътибор қаратишлари лозим. Мутахассисларга кўра, жорий мавсум айниқса Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ҳамда Сув хўжалиги вазирлиги учун энг масъулиятли даврлардан бири бўлади.

Исомиддин Пулатов
Тайёрлаган Исомиддин Пулатов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид