Жаҳон | 16:33 / 29.12.2025
5134
6 дақиқада ўқилади

Эйфориядан оммавий сотувларгача. Bitcoin билан нималар бўляпти?

Йил охирига келиб Bitcoin кескин арзонлашди. Хусусан, октябр бошида криптоактив нархи 126 минг доллардан ошган бўлса, декабрга келиб 84 минг долларгача пасайди. Бунга қайси омиллар таъсир кўрсатди? Яқин истиқболда Bitcoin билан нималар юз бериши мумкин? 

Фото: Bloomberg

TRT энг машҳур криптовалюта билан охирги ойларда юз берган вазиятни таҳлил қилди.

Рекорддан минимумларгача

Рақамли валюталар бежизга энг хатари юқори активлар қаторига киритилмайди. Бунга узоқдан мисол излаш шарт эмас. Октябр бошида Bitcoin нархи 126 минг доллардан ошган бўлса, декабрга келиб криптовалюта 85 минг доллардан арзонлашди.

«2025 йил охиридаги Bitcoin баҳосининг пасайиши кескин ўсишдан кейинги техник тузатишга ўхшайди. Бу ушбу актив учун хос бўлган одатий динамикага мос келади. Шу билан бирга, якунланаётган йил давомида Bitcoin фақатгина 4-9 фоизга арзонлашди. Январ бошида криптовалюта қарийб 93 минг доллар атрофида сотилаётганди», дея ҳолатни изоҳлаган AMarkets таҳлилчиси Игор Расторгуев.

Бироқ жорий ҳолат фақат коррекция билан чекланиб қолмади. Одатда барча активлар битта сабаб туфайли арзонлайди – сотувчилар энтузиазми харидорларникидан кучлироқ бўлиб чиқади. Бу ерда битта савол бор: бундай фон қандай шаклланди?

«Сўнгги пайтларда Bitcoin’нинг глобал ликвидлик билан бевосита боғлиқлиги тобора аниқроқ кўриняпти. Оддий қилиб айтганда, бу тизимдаги пул миқдори билан боғлиқ. Глобал ликвидлик кенгайган даврларда Bitcoin гуллаб-яшнайди, қисқарган пайтларда эса турғунлашади», - дея тушунтиради White Birds биржа савдоси бўлими раҳбари ўринбосари Ян Пинчук.

Август ўрталаридан бошлаб эса глобал ликвидлик қисқара бошлади. Бундан ташқари, АҚШ Федерал захира тизимининг (ФЗТ) қатъий пул-кредит сиёсати ҳам Bitcoin’га қарши ишлади. Шу сабабли регулятор раҳбари Жером Пауэл Доналд Трампнинг норозилигига учради. АҚШ президенти уни фоиз ставкаларини секин пасайтираётгани учун бир неча бор танқид қилди.

Инвесторлар зарарни ҳисоблашни бошлади

 Ноябр ойи ўрталарида инвесторлар оммавий равишда хатарли активлардан «тинч бандаргоҳ»га — қимматбаҳо металлар, юқори кредит рейтингига эга давлат облигациялари ва шунга ўхшаш воситаларга ўта бошлади. Бироқ кейин вазият ўзгара бошлади. ФЗТ вакиллари декабр ойида ставка пасайтирилиши мумкинлиги ҳақида сигнал берди. Бунга АҚШ меҳнат бозори бўйича маълумотларнинг ёмонлашгани сабаб бўлди. Пауэл таъкидлаганидек, пул-кредит сиёсати юмшатилгач, ишсизлик камайиши керак. Аммо инфляция аксинча тезлашади.

Бу Bitcoin’га маълум даражада таянч бўлди ва нархнинг 90–94 минг доллар оралиғида тикланишига ёрдам берди. Аммо кўтарилиш узоқ давом этмади. Инвесторлар Bitcoin сотиб олишни вақтинча тўхтата бошлади. Масалан, дунёдаги энг йирик корпоратив Bitcoin эгаси — Майкл Сейлорнинг Strategy Inc компанияси шундай йўл тутди.

Компания 21 декабргача бўлган бир ҳафта ичида 748 миллион доллар жалб қилганини, аммо Bitcoin сотиб олмаганини маълум қилди. Аввалроқ эса тахминан 2 миллиард долларга «тангалар» харид қилиб, умумий захирасини 671 268 Bitcoin’га етказганди. Бундан ташқари, Strategy Inc нақд пул захираларини ҳам оширди. Эҳтимол, компания криптовалюталар нархининг арзонлашишига тайёрланаётган бўлиши мумкин.

Рақамли валюталар ҳануз энг хатари юқори активлар қаторида қоляпти. Масалан, Bitcoin’га фаол сармоя киритган Британия компаниялари сезиларли зарар кўрган. Криптовалюта курсининг кескин тушиши сабабли якунланаётган йилда уларнинг йўқотишлари қарийб 80 миллион фунт стерлингни ташкил этди, дея хабар берди Telegraph нашри.

Coinglass маълумотларига кўра, Bitcoin сўнгги етти йил ичидаги энг зарарли йил якунига яқин турибди. Энг машҳур криптовалютанинг тўртинчи чорак (тўлиқ бўлмаган) даромадлилиги минус 22,71 фоизни ташкил қиляпти. Фақатгина 2018 йилда зарар каттароқ бўлган — минус 42 фоиз.

Криптобозордан оммавий чиқиб кетиш бошланиши мумкинми?

Хатарли активлар курси ҳақида гап кетганда ниманидир прогноз қилиш икки баравар қийин. Шу сабабли экспертларнинг фикрлари ҳам турлича. Масалан, Сrypto Quant компанияси вакиллари Bitcoin нархи пасайишини кутяпти. Таҳлилчиларнинг баҳосига кўра, талабнинг сусайиши фонида криптовалюта бозори «айиқ» тренди босқичига ўтган. Сrypto Quant яқин уч–олти ой ичида Bitcoin 70 минг долларгача тушишини истисно этмаяпти. Агар ҳозирги тенденциялар сақланиб қолса, кейинчалик курс ҳатто 56 минг долларгача қулаш эҳтимоли ҳам бор.

Ҳамма ҳам пессимист эмас. Айрим таҳлилчилар йилнинг биринчи ярмида нарх 120–170 минг доллар оралиғида бўлишини кутяпти. «Асосий омиллар — ФЗТнинг фоиз ставкалари бўйича сиёсати ва ETF орқали институционал қабул қилинишнинг давом этиши билан боғлиқ. Ушбу сегментга яна 50–100 миллиард доллар оқими кутиляпти», - дейди Игор Расторгуев.

2026 йилда Bitcoin’ни нималар қўллаб-қувватлаши мумкин?

Глобал ликвидликни кенгайтириш цикли ўз чўққисига яқинлашган бўлиш эҳтимоли юқори. Бу омил Bitcoin нархига босим ўтказишда давом этади, дейди Ян Пинчук.

Экспертнинг таъкидлашича, бошқа томондан 2026 йилда хатарли активлар учун ижобий бўлиши мумкин бўлган қатор воқеалар кутиляпти.

Биринчидан, ФЗТнинг янги раҳбари ким бўлиши маълум бўлади. Жером Пауэлнинг ваколат муддати май ойида якунланади.

«Доналд Трампнинг позициясини ҳисобга олсак, фоиз ставкаларини янада агрессив пасайтиришни қўллаб-қувватлайдиган номзод тайинланиши мумкин. Меҳнат бозори заифлашиб бораётгани фонида 2026 йил давомида ставканинг тахминан 100 базавий пунктга пасайтирилиш эҳтимоли бор. Бу эса Bitcoin учун ижобий омил», - дейди Ян Пинчук.

Бундан ташқари, ноябр ойида Конгрессга оралиқ сайловлар бўлиб ўтади. Ҳозир бу ерда кўпчилик ўринларни республикачилар эгаллаб турибди. Сайловлар яқинлашган сари партия Конгрессдаги назоратни сақлаб қолиш учун иқтисодий рағбатлантиришни кучайтириши кутиляпти. Бу ҳам хатарли активларни қўллаб-қувватлаши мумкин.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид