Ўзбекистон | 17:00 / 21.07.2020
16483
3 дақиқада ўқилади

«Ҳимоя воситалари беришмаяпти, беморларга яқинлашгани қўрқамиз» — жиззахлик шифокор

Kun.uz`га COVID-19 касаллигига оид турли вазиятлар билан боғлиқ мурожаатлар келишда давом этмоқда. Улардан бирида Жиззах шаҳридаги оилавий поликлиника шифокори ўз ҳудудидаги ҳолат ҳақида ёзиб юборган.

Фото: Getty Images

– Жиззах шаҳрида COVID-19 тарқалиши авжига чиқди. Ишхонамиздаги кўп шифокорларда инфекция аниқланди. Энг ёмони, шифохонамизда ҳимоя кийимлари умуман йўқ. Қўлқоп ва ниқобларни ҳам ўз маблағимизга сотиб оляпмиз. Бош шифокор бу масалада бизни эшитишни ҳам хоҳламайди.

Ҳозирда мен учун ажратилган маҳалла ҳудудида 10та оила карантинга олинган. Боришга ҳам қўрқаман. Касаллар «бизни текширмайсизларми, қанақа шифокорсизлар» деб жанжал қилишади. Бошқа иложим йўқ ахир. Ҳимоя кийими бўлмагач, уларга яқинлашиш хавфли.

Ўз маблағимизга 55 минг сўмдан 2 марта ҳимоя кийимлари, ниқоб ва қўлқоп сотиб олдик. Ойлик иш ҳақим 1,2 млн сўм. Майли деб шу вақтгача рози бўлиб ишладик. Энди вазият жиддийлашмоқда.

Бизга ҳам хавфсизлигимиз учун ҳимоя воситалари беришсин. Мутасадди ташкилотларга бир неча бор қўнғироқ қилдик. Маблағ йўқ ҳозирча, дейишди.

Поликлиникамизда 6 нафар ёш шифокор бор. Улар шифохонадаги ишларидан ташқари, ёши каттароқ бўлган шифокорларимизнинг ҳудудларига ҳам боришга мажбур бўлишяпти. Бизнинг шаҳар поликлиникаларига шифокорлар ҳам етишмайди. Иложи бўлса, тиббиёт йўналишида ўқиган ёш кадрлардан ёрдам кучлари жўнатилса, яхши бўлар эди.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz аввал ҳам коронавирусга қарши курашга жалб этилган тиббиёт вакиллари зарурий воситалар билан таъминланмаётгани ҳақида бир неча марта хабар берган эди. Аммо ушбу мақолаларга муносабат билдирилганича йўқ.

Мавзуга оид