Ўзбекистон | 22:58 / 06.06.2020
17986
7 дақиқада ўқилади

Сардобадаги сув омборида эҳтимолий ҳалокат оқибатлари олдиндан моделлаштирилиши керак эди – эксперт

Сардобадаги сув омборида эҳтимолий ҳалокат оқибатлари олдиндан моделлаштирилиб, фалокат натижасида келтириладиган зарар тахминан ҳисоб-китоб этилиши ва агар зарар миқдори катта бўлса, сув омбори қурилишини бошқа жойга кўчиришлари лозим эди. Бу ҳақда Канадада яшовчи ўзбек инженери Шарофиддин Қарабоев Kun.uz’га берган интервьюсида айтди.

– «Сардоба» фожиаси рўй берганига ҳам бир ойдан ошди. Ҳодиса юзасидан жиноят иши очилди. Мазкур ишга алоқадор бўлган икки киши аллақачон ҳибсга ҳам олинди. Тергов жараёни давом этмоқда.

Фожиа сабаблари ҳукумат томонидан тузилган махсус комиссия томонидан ҳам ўрганилмоқда. Ўзингизнинг таъбирингиз билан айтганда, масаланинг бу тарафини мутасаддиларга қўйиб берайлик-да, сиз билан фожиани юзага келтирган омиллар ҳақида гаплашсак.

Kun.uz’да эълон қилинган мақолангизда сув омборидаги фалокатга лойиҳалаш жараёнидаги хатолар сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини баён қилгансиз. Аммо биз суҳбатлашган мутахассислар лойиҳаларда, одатда, ҳисоб-китоблар ортиғи билан кўзда тутилиши, фожиага катта эҳтимол билан қурилишдаги хатолар сабаб бўлганини айтишди. Бу фикрга қўшиласизми? Фалокат лойиҳалаш чоғидаги хатолар туфайли содир бўлгани мутахассис сифатидаги тахминингизми ёки қўлингизда бу борада қандайдир маълумотлар борми?

Албатта, мен Ўзбекистондаги ҳар бир мутахассис фикрини ҳурмат қиламан. Балки улар лойиҳа жараёнида хатоликлар бўлмаслигини айтишганида қўлларида шунга яраша маълумот, асос бўлиши мумкин. Шунинг учун уларнинг фикрига қарши чиқмоқчи эмасман. Бироқ ўз тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, лойиҳалаш даври жуда мураккаб жараён ҳисобланади.

Канадада бўлганим учун дунёдаги жуда машҳур, номдор инженеринг-консалтинг фирмалари билан ҳамкорлик қиламан. Улар шу даражада машҳурки, бошқа кўп давлатларда ўз офисларига эга. Шундай бўлса-да, улар тайёрлаган лойиҳанинг сифатини, стандартларга мос келишини кимдир текшириши керак. Мен шундай иш билан шуғулланаман. Бундай фирмалар лойиҳанинг биринчи хомаки варианти тайёр бўлгач, бизга юборишади. Ҳатто ўша номдор инженеринг компанияларининг ҳам ишида ўнлаб, баъзида ундан ҳам кўп хатолар топилади. Биз эса хатоларни шарҳлаган ҳолда уларга қайтарамиз. Фирмалар улар устида ишлашга, камчиликларини тўғрилашга яна камида 3-4 ой вақт сарфлайди. 

Шундан сўнг қайта ишланган вариантни юборишгач, биз яна синчковлик билан уни ўрганиб чиқамиз. Битта лойиҳа 5-6 марта ўзаро телефон ва видео ҳамда жонли мулоқот орқали муҳокама қилинади. Мен Ўзбекистонда лойиҳаларни ким текширишини, назорат қилишини аниқ билмаганим учун лойиҳалашда хато бор деган тахминга келдим ва ўз фикримда қоламан.

Шарофиддин Қарабоев

Ўзи дунёда сув омборлари қандай қурилади? Мақолангизда қурилиш учун нотўғри жой танланган бўлиши мумкинлиги, жой рельефи ва бошқа жиҳатлар ҳисобга олиниши зарурлиги ҳақида айтгансиз.  Ростдан ҳам ҳалокат рўй берганда сувнинг қаерга қараб оқиши, келиб чиқиши мумкин бўлган зарар кўлами ҳисобланадими? Масалан, «Сардоба» сув омборининг қурилиши 2012 йилда бошланган бўлса, унда ҳалокат рўй берганда сувнинг Айдаркўлга ёки Қозоғистон тарафга қараб оқиши ҳисоб-китоб қилиниши керак эдими?

Сув омбори ҳар бир давлат учун стратегик объект ҳисобланади. Ҳукумат бундай иншоот халқимиз ва ҳукуматимиз учун, иқтисодиётимиз ривожланиши учун муҳим объект бўлади, деган ташаббус билан чиқади ва шу асосда алоҳида ишчи гуруҳ тузилади.

Унинг таркибига етук олимлар, универститетда дарс берадиган профессорлар ва бошқа соҳа вакиллари киритилади. Бу ишчи гуруҳнинг олдида, аввало, қурилиш учун қулай, хавфсиз, ҳамма талабларга жавоб берадиган жой танлаш вазифаси туради. Одатда, бу жараён Канадада 1-2 йил давом этади. Мен ҳам шундай ишчи гуруҳлар раҳбари сифатида фаолият кўрсатганим учун бу борада тажрибам етарли.

Канадада яшаётган ўзбек инженери — Сардоба фожиаси ва қурилишдаги инқироз ҳақида

Бу жараёнда ОАВда очиқ маълумотлар бериб борилади, қурилиш бўладиган ҳудуднинг космосдан олинган суратлари, аэросамолёт орқали олинган расмлар ёки ўша ҳудуднинг топографик карталари олинади. Бундан ташқари, белгиланган ҳудудда қурилишни амалга ошириш учун керакли материаллар мавжудми, агар «ҳа» бўлса, улар қурилиш ҳудудидан қанча узоқликда жойлашгани ўрганилади.

Агар ҳалокат бўлса, сувнинг қаерга қараб оқиши ва кузатилиши мумкин бўлган эҳтимолий зарар ҳисобланадими, деган савол ҳам бердингиз.

Албатта, булар ҳисоблаб чиқилади. Канадада бу «risk-management» деб аталади.

Айни пайтда биз технологиялар ўта ривожланган даврда яшаяпмиз. Масалан, инглиз тилида ишлаб чиқилган «Google Earth» дастури мавжуд. Бу дастур орқали Ер шаридаги исталган жойнинг космосдан олинган суратини кўриш мумкин. Одатда, бу сурат ясси кўринишда бўлади. Шунингдек, ернинг 3D кўринишида ҳам маълум ҳудуднинг баланд-пастлигини, ер сатҳининг рельефини кўриш мумкин.

Ҳозир бунга ўхшаган инженерингга оид дастурлар жуда кўп ва Ер шарининг исталган жойини кўриш, денгиз сатҳидан қанча баландликда эканлигини аниқлаш мумкин. Булар бажарилгач эса фақат битта иш қолади: белгиланган ҳудудга сувни киритасиз. Компьютерда моделлаштирилган тарзда сувнинг оқишини аниқлаштириш мумкин.

Масалан, ўтган йили Америкада кучли шамол бўлган пайтда океанда сув сатҳи кўтарилиши хавфи мавжуд бўлган. Мухбирлардан бири эса қирғоқда туриб репортаж тайёрлаган. Операторлар эса компьютер орқали агар мухбир турган ҳудудни 30 сантиметр,  1 ва 1,5 метр сув босадиган бўлса, қандай ҳолат бўлиши мумкинлигини жонли равишда телетомошабинларга кўрсатиб берган. Бу кўпчиликда қизиқиш уйғотди ва шов-шувларга сабаб бўлди.

Бундай ҳолатлар оддий одамлар учун янгилик бўлиши мумкиндир, лекин биз шунга ўхшаш дастурлардан иш тажрибамиз давомида доимий фойдаланамиз.

Шунинг учун айтиш мумкинки, сув омбори каби стратегик объектларда, албатта, керакли дастурларни ишлатиш, юзага келиши мумкин бўлган хавфни олдиндан ҳисоб-китоб қилиш шарт.

Тўлиқ суҳбатни Kun.uz’нинг Youtube’даги саҳифаси орқали томоша қилиш мумкин.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди

Мавзуга оид