Ўзбекистон | 21:38 / 11.01.2021
13175
3 дақиқада ўқилади

«Безорилар 15 суткагача қамалади» — ИИВ тиктокерларни огоҳлантирди

Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистонда ҳам катта тезликда оммалашаётган TikTok ижтимоий тармоғида аудитория орттириш учун жамоат жойларида турли масхараомуз ва беодоб видеолар олаётган тиктокерларни маъмурий жавобгарликдан огоҳлантирди.

«Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларнинг TikTok платформасида фуқароларимизни, айниқса ёшларимизни ўзларига эътибор жалб қилиш мақсадида турли масхараомуз, одоб-аҳлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари тасвирланган видеоларини кўплаб кузатяпмиз. Шу ўринда эслатиб ўтмоқчиманки, фуқароларнинг осойишталигини ҳамда жамиятда юриш туриш қоидаларини бузиш майда безорилик ҳисобланади ва 15 суткагача қамоқ билан жазоланади.

Аслида ота-оналар фарзандларини назорат қилишга масъул ҳисобланади. Бу Ўзбекистон Конституцияси ва қонунларида белгилаб қўйилган. Бироқ айрим ота-оналар фарзандларини ёшлигидан талтайтириб юборгани, уларнинг тарбиясиз ва одобсиз қилиқларига кўз юмиб келганининг зарарини кеч тушунади.

Ота-оналар беўхшов қилиқлари билан тенгдошлари эътиборини қозонишга уринаётган фарзандларини тартибга чақирмаган тақдирда ҳам, биз бундай ахлоқсизлика йўл қўйиб бермаймиз», – деди ИИВ ахборот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов Kun.uz мухбири билан суҳбатда.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда Гулистон шаҳри марказидаги чорраҳаларнинг бирида 2 нафар йигит машиналар ҳаракатига халақит бериб, рақсга тушгани акс этган видео тарқалган, сўнг бу шахслар ҳуқуқ-тартибот идоралари томонида аниқланиб, 4 суткага қамалгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Олмалиқ ҳокимининг ўғли Тошкентда 150 км/соат тезликда автомобиль ҳайдаб, мазкур жараён акс этган видеони TikTok'га жойлаган, мазкур ҳолат ОАВ ва блогерлар танқидига учрагач, Тошкент шаҳар ИИББ томонидан йўл ҳаракати қоидаларини бузган ҳайдовчи жаримага тортилганди. Кўп ўтмай ҳоким Усмон Раҳимов шу важ билан ишдан олинди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг октябрида TikTok дунё бўйича смартфонларга энг кўп кўчириб олинган илова бўлгани айтилганди.

App Annie компанияси таҳлилчилари TikTok'ни 2020 йилнинг энг оммавий мобил дастури деб топган.

Мавзуга оид