Жаҳон | 18:25 / 14.11.2025
31939
4 дақиқада ўқилади

Россияда Об дарёси сувини Ўзбекистонга йўналтириш имконияти ўрганилади

Россия Фанлар академияси йиғилишида иккита устувор ғоя - Об дарёси сувининг бир қисмини Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги Орол минтақасига қайта тақсимлаш, шунингдек, Печора ва Шимолий Двина дарёлари оқимини Азов дарёсига чиқиш билан Волга ҳавзасига йўналтириш масалалари муҳокама қилинди. Бундай ёндашув, тадқиқотчиларнинг фикрича, нафақат Россия ичида, балки Марказий Осиё ҳудудида ҳам сув балансини оптималлаштириш имконини беради.

Фото: Flickr

Россия Фанлар академияси Сибирдаги Об дарёси сувининг бир қисмини Марказий Осиёга, хусусан, Ўзбекистонга йўналтириш лойиҳасини амалга ошириш имкониятини ўрганади, деб хабар берди РБК.

Гап 1970 йилларда Марказий Осиёнинг қурғоқчил ҳудудларига сув етказиб бериш учун очиқ каналлар қуришни назарда тутган советларнинг Сибир дарёларини «буриш» лойиҳасининг замонавий муқобили ҳақида бормоқда. Янги вариантда ёпиқ сув қувурлари тизимини яратиш кўриб чиқилмоқда, бу эса, олимларнинг фикрига кўра, сув йўқотишларини минималлаштириш ва атроф-муҳитга таъсирни камайтириш имконини беради.

Лойиҳани ишлаб чиқиш тўғрисидаги қарор октябрь ойида бўлиб ўтган Россия Фанлар академияси Ер тўғрисидаги фанлар бўлимининг «Қуруқликнинг сув ресурслари» илмий кенгаши йиғилишида қабул қилинди. Учрашувда Россия сув хўжалигини стратегик режалаштириш масалалари, жумладан, «дарё оқимини кенг кўламли ҳавзалараро ва трансчегаравий ўтказиш имкониятлари ва оқибатлари, шу жумладан иқлим таъсири ва иштирокчи мамлакатларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсири» кўриб чиқилди.

Россия Фанлар академияси Сув муаммолари институти илмий директори Виктор Данилов-Данилян сўзларига кўра, олимлар Фан ва олий таълим вазирлигига ушбу йўналишдаги илмий-тадқиқот ишларини молиялаштиришни давлат режасига киритишни таклиф қилмоқчи.

Йиғилишда иккита устувор ғоя - Об дарёси сувининг бир қисмини Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасидаги Орол минтақасига қайта тақсимлаш, шунингдек, Печора ва Шимолий Двина дарёлари оқимини Азов дарёсига чиқиш билан Волга ҳавзасига йўналтириш масалалари муҳокама қилинди. Бундай ёндашув, тадқиқотчиларнинг фикрича, нафақат Россия ичида, балки Марказий Осиё ҳудудида ҳам сув балансини оптималлаштириш имконини беради.

«Полипластик» гуруҳи директорлар кенгаши раиси Лев Гориловский тахминан 2100 км узунликдаги етти йўналишдан иборат ёпиқ босимли қувур қуришни таклиф қилди. Унинг ҳисоб-китобларига кўра, биринчи босқичда тизим йилига 5,5 миллиард куб метр, керак бўлса, уч-тўрт баравар кўпроқ сув етказиб беришни таъминлай олади. Шу билан бирга, компания матбуот хизмати «Полипластик» Сибир дарёлари сувларини кўчириш билан боғлиқ лойиҳаларнинг иштирокчиси ёки ташаббускори эмаслигини ва тақдим этилган материаллар фақат илмий-эксперт характерга эга эканини маълум қилди.

Йиғилишда сўзга чиққан академик Роберт Нигматулин Марказий Осиёда сув ва электр энергияси танқислиги кучайиб бораётганига эътибор қаратди. Унинг таъкидлашича, сув ресурслари тақчиллиги аллақачон чўлланишга, ҳосилдорликнинг пасайишига ва ижтимоий-иқтисодий хавфларга олиб келмоқда. Унинг сўзларига кўра, Об оқимининг фақат бир қисмидан фойдаланиш - йилига 20 дан 70 куб километргача, умумий ҳажми эса 3000 куб километр сув - минтақа муаммосини қисман ҳал қилиши ва шу билан бирга «Арктикага иссиқлик юкини камайтириши» мумкин.

«ИЭС Инжиниринг ва Консалтинг» компанияси лойиҳалар раҳбари Дмитрий Созонов сув қувури тизимини амалга оширишга киритиладиган сармояни камида 100 миллиард долларга, асосий қувватларни яратиш муддатини эса камида ўн йилга баҳолаган. Шунга ўхшаш кенг кўламли инфратузилма тизимларига мисол сифатида у Ливиядаги Буюк сунъий дарёни ва Калифорниядаги акведукни тилга олди.

Сибир дарёларини Марказий Осиёга буриш лойиҳаси 1970-1980 йилларда СССР Сув хўжалиги вазирлиги томонидан кенг миқёсда муҳокама қилинди. Лойиҳа тахминан йигирма йил давомида ишлаб чиқилди, аммо 1986 йилда КПСС Марказий Қўмитаси Сиёсий бюроси иқтисодий самарадорлик паст бўлишини қайд этиб, ишни тўхтатишга қарор қилди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид