Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Учта Ўзбекистонни боқадиган газ”, истеъфо талаби ва сирли тайинлов – Алишер Султонов фаолиятига назар
Ўзбекистон энергетика секторининг узоқ йиллик раҳбари Алишер Султонов лавозимидан озод этилди. 58 ёшли собиқ амалдорнинг нима учун ишдан бўшатилгани ва унинг ўрнини ким эгаллаши ҳозирча маълум эмас. Kun.uz охирги 10 йилликда энергетика соҳасидаги энг муҳим лавозимларда ишлаган сиёсатчининг фаолиятига назар ташлайди.
Алишер Султонов ким?
Алишер Саидаббосович Султонов 1967 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1989 йилда Можайский номидаги ҳарбий-муҳандислик институтини тамомлаган. Меҳнат фаолиятига эътибор қаратсак, энергетика тизимининг аксарият тармоқларида ишлаганини кўриш мумкин.
Хусусан, Султонов 1996−1998 йилларда “Ўзнефтқайтаишлаш” компаниясида бош мутахассис лавозимида ишлаган. 1998−1999 йилларда Шўртан газ-кимё мажмуаси қурилишида бош мутахассис, 1999−2002 йилларда “Ўзбекнефтгаз” компанияси Шўртан қурилиши бошқармасида бошлиқ бўлган. 2002−2013 йилларда Шўртан газ-кимё мажмуасига раҳбарлик қилган. Ўша йиллари Ғузорнинг “Шўртан” футбол клуби ўз тарихидаги энг яхши натижаларни қайд этган.
Алишер Султонов 2013−2015 йилларда “Ўзбекнефтгаз” раиси ўринбосари, 2015 йил августидан 2018 йил сентябрига қадар компания раиси эди. У 2017 йил ноябрида бош вазир ўринбосари – геология, ёқилғи-энергетика комплекси, кимё, нефт-кимё ва металлургия саноати масалалари комплекси раҳбари этиб тайинланган.
2019 йил февралида энергетика соҳасида ягона давлат сиёсатини юритувчи орган – Энергетика вазирлиги ташкил этилиб, “Ўзбекэнерго”, “Ўзбекнефтгаз” ва “Ўзбекгидроэнерго”нинг давлат ваколатлари мазкур вазирликка ўтказилган эди. Ўшанда Алишер Султонов янги вазирликнинг биринчи раҳбари этиб тайинланди ва 3 йил давомида – 2022 йилнинг апрел ойигача мазкур лавозимда ишлайди. Унинг вазирликдан кетиши “соғлиғидаги муаммолар” билан изоҳланган эди.
2023 йилда Султонов Ўзбекистон президентининг нефт-газ, кимё ва энергетика масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлиб ишлаётгани маълум бўлди, лекин янги тайинлов ҳақида расмий хабар эълон қилинмади.
2025 йил ўрталарига келиб, Президент администрациясига раҳбар тайинланиши ортидан, Султоновнинг президент маслаҳатчиси мақоми бекор қилиниб, у президент вакили лавозимига туширилган эди. 16 декабр куни эса, сиёсатчи лавозимидан озод этилгани маълум қилинди. Расмий хабарда истеъфо сабабига аниқлик киритилмаган.
Ҳукумат кортежидаги авария
2018 йил 20 августида, ўша пайтда бош вазир ўринбосари ва “Ўзбекнефтгаз” раиси бўлган Алишер Султонов бош вазир Абдулла Орипов билан бирга Бекободдан Тошкентга қайтишда жиддий йўл-транспорт ҳодисасига учрайди. Ўшанда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган Damas ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, кортежга урилганди.
Султоновда чап сон суяги чиқиши, чаноқ косачаси ёпиқ синиши, кўкрак қафаси 7-10 қовурғалари ёпиқ синиши, бош тепа соҳаси лат ейиши қайд этилади. Шундан сўнг сиёсатчи соғлиғи билан боғлиқ муаммолар сабаб узоқ вақт даволангани айтилади.
“Газимиз учта Ўзбекистонни боқа олади”
2021 йил 1 январ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда тасдиқланган табиий газ захиралари 1 трлн 867 млрд куб метрга баҳоланган эди. Ўшанда жорий қазиб чиқариш ҳажмларида бу захиралар камида 34 йилга етиши маълум қилинган. Ўша йилнинг феврал ойида энергетика вазири сифатида “Америка овози”га интервю берган Алишер Султонов “газимиз учта Ўзбекистонни боқа олади”, дея таъкидлайди. Айнан шу жумла собиқ амалдорни омма орасида янада танитган дейишимиз мумкин.
Амалда нима бўлди? Газ қазиб олиш ҳажми 2019 йилдаги 60,7 млрд куб метрдан 2024 йилда 44,6 млрд куб метргача ёки 26,5 фоизга камайди. Қисқариш тенденцияси 2025 йилда ҳам давом этяпти. Натижада 2023 йилдан бошлаб қазиб олишдаги тақчиллик Туркманистон ва Россиядан газ импорт қилиш ҳисобига қоплана бошланди. Шу тариқа, Ўзбекистон табиий газ экспортчисидан, табиий газнинг соф импортёрига айланиб қолди. Афсуски, мавжуд қазиб олиш кўлами учта Ўзбекистон тугул, битта Ўзбекистоннинг эҳтиёжларини қондиришга ҳам етмаяпти.
Депутатнинг истеъфо талаби
2021 йилда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси собиқ депутати Дониёр Ғаниев энергетика соҳасидаги муаммоларни қаттиқ танқид остига олиб, вазирлик раҳбариятидан истеъфога чиқишни талаб қилганди.
“Бугун Ўзбекистон бўйлаб энергия инқирози кечмоқда. Айнан ўта оғир кечган 2020 йилдан сўнг, ҳар йилгидан-да совуқ келган қиш мавсумида инқироз барчани қийнамоқда! Бу ҳолат нафақат аҳоли орасида кескин норозилик, ижтимоий инқирозни келтириб чиқармоқда, балки иқтисодий фаолликни сусайтирмоқда ҳамда мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир ўтказмоқда. Энг ачинарлиси, энергетика соҳасидаги муаммолар охирги йилларда олиб борилган барча ижобий ўзгаришларни “ювиб юборяпти”. Саволлар кўп, жавоб эса кўпдан бери йўқ… Саволларга жавоб бера олмаётган раҳбарлар эса доимгидек жим.
Аслида бу ҳолатга биз депутатлар ҳам қисман айбдормиз, чунки Энергетика вазирлигининг раҳбариятини ўзимиз тасдиқлаб берганмиз. Мамлакатдаги бу ҳолатда энергия инқирози юз беришига сабаб бўлган раҳбарлар истеъфоси энг тўғри йўл бўлади. Аслида демократик давлатларда бундай инқирозлар ортидан раҳбарлар ўз ихтиёри билан истеъфо беради. Лекин бундай қила олиш учун биринчи навбатда раҳбарда орият бўлиши керак. Бизнинг энергетика соҳа раҳбарларида эса энергетика таъминоти каби орият ҳисси ҳам “инқирозда”, – дея ёзганди Дониёр Ғаниев ўзининг Теlegram'даги каналида.
Газ қазиб олишни 62 млрд кубга ким етказади?
Куни кеча лавозимидан олинган Алишер Султонов Ўзбекистон–2030 стратегиясида белгиланган “табиий газ қазиб олиш ҳажмини 62 млрд куб метрга етказиш” вазифасининг ижроси учун энг асосий масъуллардан бири эди – ушбу стратегия қабул қилинган пайтда у президент маслаҳатчиси сифатида фаолият юритаётганди.
Бу вазифани бажариш учун ишлаб чиқариш ҳажми кейинги 5 йил ичида камида 1,5 баробарга ошиши керак. Ушбу стратегик вазифа кимга юклатилиши ҳозирча номаълум. Газ тақчиллиги муаммосини ҳал қилишга ёрдам бериши керак бўлган М25 конидаги авариядан кейин, лойиҳанинг келгуси тақдири ҳам очиқ қоляпти.
Умуман олганда, Алишер Султоновнинг Ўзбекистон энергетика сектори раҳбари сифатидаги фаолияти ҳали кўп таҳлил қилинади. Чунки соҳада охирги 10 йиллик даврнинг кўплаб ютуқлари билан бир қаторда, миллиардлаб доллар сарфланган, аммо кутилган натижани бермаётган лойиҳалари ва баҳсли қарорлари ҳам талайгина.
Мавзуга оид
09:00
2026 йилги режалар, янги газ кони ва бюджетнинг ёпиқ муҳокамаси — ҳафта дайжести
20:14 / 25.12.2025
Декабр ойи бошидан бери пропан 10 фоизга қимматлашди
10:03 / 25.12.2025
Тошкентда автобусларга газ қуйиш шохобчалари 33 тадан 11 тагача қисқартирилди
07:35 / 25.12.2025