Ўзбекистон | 17:02 / 10.07.2021
6077
3 дақиқада ўқилади

4 йилда 430 та кўчмас мулк объекти компенсация берилмасдан бузиб ташланган — Адлия вазирлиги

Ниҳоят бу масалани бевосита қонун билан тартибга солишга ҳаракат бошланди. “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Фото: Kun.uz

2016–2020 йилларда Ўзбекистон бўйлаб 430 та кўчмас мулк объекти тегишли тартибда компенсация берилмаган ҳолда бузиб ташланган, деб маълум қилди Адлия вазирлиги.

Вазирликка кўра, 2016–2019 йилларда давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкалари олиб қўйилиши муносабати билан 6 479 та мулк бузилган. Шундан мулк эгаларига 335,6 млрд сўм компенсация пули тўлаб берилмаган. 2020 йилда эса бузилиши назарда тутилган 263 та мулкнинг қиймати 99,4 млрд сўмни ташкил этган.

Адлия органларига мулк ҳуқуқи бузилишига оид 2019 йилда 626 та, 2020 йилда 88 та, 2021 йилда 3 та шикоят келиб тушган.

Вазирлик ҳисоботида сўнгги беш йилда 846 ҳолатда кўчмас мулк объектлари уларнинг мулкдорларини хабардор этмаган ҳолда бузиб ташлангани, 1388 ҳолатда мулкдорларни хабардор қилиш муддати бузилгани, 1244 ҳолатда кўчмас мулк объектлари баҳоланмаган ҳолда бузиб ташлангани келтирилади.

Адлия вазирининг матбуот котиби Севара Ўринбоеванинг Kun.uz'га маълум қилишича, соҳадаги қонунбузилиш ҳолатларига чек қўйиш, хусусий мулк дахлсизлигини янада мустаҳкамлаш мақсадида айни пайтда Адлия вазирлиги томонидан тегишли идоралар билан ҳамкорликда “Ер участкаларини компенсация эвазига жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар назарда тутилмоқда:

  • ер участкаси олиб қўйиладиган ҳолатларнинг қатъий рўйхати;
  • мулкдорлар билан аввалдан муҳокама ва розилик олиш тартиби;
  • уй-жойни бўшатиб қўйиш муддати (компенсация тўлангандан кейин 6 ойгача);
  • келтирилган ноқулайлик учун мулк қийматининг 5 фоизи миқдорида тўлов;
  • тўлов кечиктирилганда индексация қилиш;
  • компенсацияга турар жой беришда ижтимоий нормани ҳисоблаш;
  • мулкни эркин тасарруф этишига тўсқинлик қилувчи хатти-ҳаракатга йўл қўймаслик.

Таъкидланишича, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, ер участкасининг давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан 3908 та ҳолатда фуқароларнинг участкаларини олиб қўйишда қонун ҳужжатларига риоя этилмаган.

Ер участкаларини олиб қўйиш муносабати билан, мулкдорларга 486 млрд 512 млн сўм компенсация маблағлари тўлаб берилган, 273,8 гектар ер участкалари ажратилган. Амалга оширилган ишлар натижаси бўйича Президент Администрацияси ва Ҳукуматга тегишли таклифлар киритилган.

Мавзуга оид:

Мавзуга оид