Ўзбекистон | 22:13 / 19.05.2020
13447
2 дақиқада ўқилади

Энди Андижон ва Хоразмда ҳам ҳайдовчилик гувоҳномаларини давлат хизматлари марказларида янгилаш мумкин – ДХА

Андижон вилоятининг Андижон тумани ҳамда Хоразм вилоятининг Хива шаҳридаги давлат хизматлари марказида эски ҳайдовчилик гувоҳномасини янги намунадагисига алмаштириш хизматини кўрсатиш йўлга қўйилди. Бу ҳақда Kun.uz’га Давлат хизматлари агентлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати

“Айрим сабабларга кўра Андижон ва Хоразм вилоятларида ушбу ускуна мавжуд бўлмаган. Мазкур ҳудудлар аҳолиси бу ерда ҳам Давлат хизматлари марказлари орқали “права” алмаштириш хизматини йўлга қўйиш масаласида кўп маротаба ДХАга мурожаат қилган эди.

Албатта, ДХА бундай мурожаатларни эътиборсиз қолдирмаган ва “права” алмаштириш хизматини кўрсатувчи ДХМлар географиясини янада кенгайтирди. Эндиликда мазкур хизматни Андижон тумани, Хива шаҳри ва Қоракўл тумани (Бухоро вилояти) Давлат хизматлари марказларида ҳам олиш имкони мавжуд”, дейилади агентлик хабарида.

ДХА карантин даврида Давлат хизматлари марказларида фақатгина кечиктириб бўлмайдиган хизматлар кўрсатилаётганини эслатиб, аҳолига ўзлари ва яқинларининг соғлигини хавф остига қўймасдан, хизматлардан онлайн фойдаланишни тавсия қилади. Қайд этилишича, давлат хизматлари марказлари орқали карантин якунига етганидан сўнггина эски ҳайдовчилик гувоҳномаси янги намунадагисига алмаштириб берилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, эски намунадаги ҳайдовчилик гувоҳномалари 2021 йил 1 январдан бошлаб ҳақиқий эмас деб топилади. Шу сабабли 2020 йил 31 декабрга қадар эски намунадаги барча миллий ҳайдовчилик гувоҳномалари янги намунадаги миллий ҳайдовчилик гувоҳномасига алмаштирилиши керак.

Эски гувоҳномани янгисига алмаштириш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 70 фоизи миқдоридаги пул, паспорт ва эски ҳайдовчилик гувоҳномаси ҳамда унинг талони тақдим этилганда амалга оширилади.

Мавзуга оид