Ўзбекистон | 08:50 / 12.07.2024
28274
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги яна бир автосалон одамларни алдагани айтилмоқда

Kun.uz’га қилинган мурожаатга кўра, автосалон масъуллари машина олиш мақсадида тўлов қилган кўплаб фуқароларни алдаб юрибди. Айрим мижозларга эса машина берилган, аммо ҳужжати тўғрилаб берилмаган.

Фото: Kun.uz

Тошкент шаҳридаги яна бир автосалон одамларни алдаётган бўлиши мумкин. Kun.uz’га мурожаат қилган бир нечта фуқаро пойтахтдаги автосалонга пул тўлаб, машина ололмаётганини маълум қилди.

Мурожаатда келтирилишича, Тошкент шаҳридаги “Allianse Motors” МЧЖ мижозлар билан шартнома тузиб, машиналарни вақтида келтириб бермаган. Айримларни эса етказиб берилган авторанспорт воситасининг ҳужжатини тўғрилаб бермасдан овора қилмоқда.

2024 йил 19 май куни “Allianse Motors” МЧЖ билан BYD машинасини сотиб олиш бўйича шартнома туздим. Автосалонга дастлаб 63 млн 900 минг сўм, 20 май куни 178 млн 500 минг сўм тўлов қилганман.

Менга ўзини автосалон директори деб таништирган Давлат Нарзиев машинани 15 кунда келтириб беришни ваъда қилганди. Ушбу муддат ўтгач, мен машинани сўрай бошладим. У эса эрта-индин дея алдаб юрди.

2024 йилнинг 29 июн куни машинам келганини, шартнома бўйича қолган суммани тўлаб кетишим кераклигини айтди. Автосалонга бориб, қолган тўловни тўлаб келдим. Эртаси куни машинани эвакуаторга юклаб уйимга келтириб беришди. Лекин бугунгача машинанинг ҳужжатларини тўлиқ қилиб бергани йўқ”, дейди мурожаатчи Асилбек Бобоёров.

Шунингдек, мурожаатда “Allianse Motors” МЧЖ масъуллари тўлов қилган бир неча ўнлаб одамларни алдаб келаётгани, уларга машиналарини шартнома бўйича ўз вақтида етказиб бермаётганлиги таъкидланган.

Статистика агентлиги очиқ маълумотларига кўра, 2021 йил декабр ойида давлат рўйхатидан ўтказилган “Allianse Motors” МЧЖ Давлатбек Нарзиевга тегишли.

Жорий йил март ойи охирида «автомашиналарни 3 ой муддат ичида автосалондан чиқариб, етказиб бериш»ни айтиб, 74 нафар фуқаронинг 6,1 млрд сўмлик пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритган Тошкент шаҳридаги Мy Cars автосалони эгалари қамалганди.

Орадан кўп ўтмай, электромобиллар савдоси билан шуғулланувчи 4 та автосалон эгалари ўзаро тил бириктирган ҳолда, юзлаб одамларнинг ишончига кириб, 200 доллар эвазига уларнинг номига кредит чиқартиргани ҳамда 2 ой ичида кредитни узиб беришни ваъда қилгани ҳамда миллиардлаб суммаларни ўзлаштиргани аниқланди.

Мавзуга оид