Жиноятга айланган “оилавий зўравонлик”, жазоси оғирлаштирилган жинсий тажовуз – аёллар ва болалар ҳимояси кучайтирилади
Кеча сенаторлар томонидан хотин-қизлар ва вояга етмаганларга нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарликлар учун жазо чоралари кучайтирилишини назарда тутувчи қонун лойиҳаси маъқулланди. Қонун билан Жиноят кодексининг бир қатор моддалари бўйича жазо чоралари кучайтириляпти. Олдинроқ Саида Мирзиёева ушбу қонунни қабул қилиш осон бўлмаганлигини, кураш ҳамма учун қийин кечганлигини билдирганди.
Сенатнинг ўттиз тўққизинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан “Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни маъқулланди.
Қонун билан 5 та кодекс ва 10 та қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Улардан энг муҳимларига тўхталиб ўтамиз.
Жиноят кодексида:
– аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлашни (115-модда) 60 млн сўмгача жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазолаш таклиф этилмоқда. Бу турдаги жиноят учун амалда 15 млн сўмгача жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси белгиланган;
– номусга тегиш ёхуд жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш (118, 119-моддалар). 1-қисми учун 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми учун 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси таклиф этиляпти. Амалда 1-қисми 3 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми эса 7 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни ташкил этади;
– шахсни жинсий алоқа қилишга мажбур этганлик учун (121-модда) 1-қисми 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш; 2-қисми 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 3-қисми оғирлаштирувчи ҳолатларда 5 йилдан 8 йилгача қамоқ озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилмоқда. Амалда 1-қисмида 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; 2-қисмида 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш белгиланган;
– 16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш (128-модда). Бу турдаги жиноятни қилган шахс эндиликда 1-қисми 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, 3-қисми 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. Амалда бу жиноят 1-қисми 480 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 3 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 3-қисми 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
– 16 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилганлик учун (129-модда) 1-қисми 2 йилдан 3 йилгача озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 2-қисми 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш, 3-қисми – агар ўша ҳаракатлар зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб содир этилган бўлса – 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазо белгилаш таклиф этилмоқда. Амалда 1-қисми 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари, 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари; 2-қисми 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, 5 йилгача озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш белгиланган;
– порнографик маҳсулотни тайёрлаш, олиб кириш, тарқатиш, реклама қилиш, намойиш этиш (130-модда). Бу жиноят тури учун 3-қисм (вояга етмаган шахсга нисбатан содир этиш) 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш таклиф этиляпти. Амалда бу жазо муддати 3-5 йилни ташкил этади.
Бундан ташқари, оилавий зўравонлик ҳаракатлари учун янги жиноятлар таркиби ва жиноий жавобгарлик белгиланмоқда. Унга кўра, оилавий зўравонлик–хотинига (эрига), собиқ хотинига (собиқ эрига), бир рўзғор асосида биргаликда яшаётган шахсга ёки умумий фарзандга эга бўлган шахсга нисбатан содир этилган мулк, таълим олиш ҳуқуқини, соғлиқни сақлаш ёки меҳнатга оид ҳуқуқни амалга оширишга тўсқинлик қилиш, мол-мулкка ва шахсий ашёларга қасддан шикаст етказиш, ушбу шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлаш, уларни қўрқитиш, яқин қариндошларидан ажратиб қўйиш 6млн сўмдан 21 млн сўмгача жарима ёки 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари, озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Агар бу ҳаракатлар оғирлаштирувчи ҳолатларда содир этилса, 3йилдан 12 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилади.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда:
– ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий равишда жалб этиш туридаги жазо киритилмоқда ва уни тайинлаш ҳамда бажариш тартиби белгиланмоқда;
– алимент бўйича мажбуриятларга эга бўлган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан маъмурий тарзда чиқариб юбориш қўлланилмайди;
– вояга етмаган, меҳнатга лаёқатсиз шахслар ва ота-онани моддий таъминлашдан бўйин товлаш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларни
содир этган шахсларга нисбатан “ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий жалб қилиш” тарзидаги жазо тури жорий этилмоқда;
– шаҳвоний шилқимлик- шахсга нисбатан унинг учун номақбул бўлган, унинг шаъни ва қадр-қимматини таҳқирлайдиган, шахснинг ташқи қиёфасини ёки қадди-қоматини тавсифлашда, имо-ишора қилишда, тегинишда, чақиришда ифодаланган, шаҳвоний хусусиятга эга бўлган ҳаракатлар қилиш учун 600 минг сўмдан 2,1 млн сўмгача жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ қўлланилади;
– ота-онанинг ўз вояга етмаган болаларига васий ёки ҳомий тайинлаш бўйича мажбуриятларини бажармаслиги 1,5 млн сўмдан 3млн сўмгача жаримага сабаб бўлиши мумкин;
– оилавий (маиший) зўравонлик учун 3 млн сўмдан 6 млн сўмгача жарима ёки 15 суткагача муддатга маъмурий қамоқ белгиланмоқда.
Мавзуга оид
22:39 / 13.11.2024
Самарқандда мактаб ўқувчисини зўрлаганликда гумонланиб 8 киши ушланган – Бош прокуратура
12:03 / 13.11.2024
Самарқандда мактаб ўқувчиси бир гуруҳ шахслар томонидан ўғирлаб кетилиб, зўрланди
18:52 / 08.11.2024
Ҳар йили дунёда 1 миллиарддан ортиқ бола зўравонликка дучор бўлмоқда — ЖССТ
20:57 / 31.10.2024