Ўзбекистон | 09:57 / 11.03.2021
9784
4 дақиқада ўқилади

Қашқадарёда ноқонуний қурилаётган бинолар ҳақида маълумот берилди

Қурилиш вазирлиги Қашқадарё вилояти ҳудудида тадбиркорлар томонидан олиб борилган қурилишларни ўрганиб, уларнинг баъзиларидаги хато ва камчиликлар ҳақида маълумот берди.

1. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳри «Шўртан» МФЙ ҳудудидаги «1-сон комплекс лойиҳа қурилиш ва монтаж» хусусий корхонаси томонидан қурилаётган кўп қаватли турар жой биносида мажбурий юритилиши лозим бўлган ижро ҳужжатлари юритилмаган. Шунингдек, бинода ишлатилган монолит темир бетон конструкцияларининг лойиҳавий мустаҳкамлигига мос келиши бўйича лаборатория синов хулосалари олинмаган, шаҳарсозликка рухсат берувчи ҳужжатлар расмийлаштирилмаган ҳамда ҳудудий инспекцияни хабардор этмасдан қурилиш-монтаж ишлари бошланган.

«Ушбу аниқланган камчиликлар бўйича пудратчи ташкилотга нисбатан 2020 йил 24 декабрда ёзма кўрсатма берилиб, камчиликлар бартараф этилмагани сабаб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилган ва ҳужжатлар судга топширилган», дейилади вазирлик ахборотида.

2. Қарши шаҳар Ислом Каримов ҳамда Тупхона кўчалари чорраҳасида «Улкан иншоот қурилиш сервис» МЧЖ томонидан қурилаётган меҳмонхона биносида ҳам камчиликлар аниқланган. Объект қурилиши учун тайёрланган лойиҳа-смета ҳужжатларига ижобий йиғма экспертиза хулосаси ҳамда объектни лойиҳалаштириш учун ишлаб чиқилган бош режа, фасад кўриниши учун архитектура ва шаҳарсозлик кенгашининг баённомаси олинмаган. Шунингдек, бу ерда ҳам ҳудудий инспекцияни хабардор этмасдан қурилиш-монтаж ишлари бошланган.

Бундан ташқари, объектда ишлатилаётган қурилиш материаллар сифат ҳужжатлари мавжуд эмас, темир бетон конструкцияларида ишлатилган бетон қоришмаларининг лойиҳавий мустаҳкамлигига мослиги бўйича лаборатория синов хулосалари ҳам йўқ.

«Мазкур аниқланган камчиликлар ҳудудий инспекция томонидан 1136-сонли ёзма кўрсатмада белгиланган муддатда бажарилмагани сабаб маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома расмийлаштирилиб, ҳужжатлар судга юборилган», дейилади ахборотда.

3. Қарши шаҳар Жайхун кўчаси ҳудудида «Назира» хусусий корхонаси томонидан қурилаётган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчалари ва навес қурилиши ҳудудий инспекцияни хабардор этмасдан бошлангани сабаб объектда қисқа муддатли инспекторлик текшируви ўтказилди.

Текширув жараёнида объектда «Қурилишда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш» қоидасининг 7.2-банди талабига зид равишда пойдеворнинг тупроқ ости зичлигини аниқлаш бўйича лаборатория синов хулосалари олинмаган. Ишчи лойиҳада навес қурилиши ишларида устунларга Д150 мм.ли металл қувурлар, том ёпма ишларида металл фермалар кўрсатилган бўлиб, амалда эса устунлар ўрнига олдин фойдаланилган йиғма темир бетон устунлар ва колонналар монтаж қилинган.

Аниқланган камчилик ва нуқсонлар бўйича пудратчи “Назира” хусусий корхонаси раҳбарига берилган ёзма кўрсатма белгиланган муддатда бажарилмаганлиги учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисида баённома тузилиб, ҳужжатлар судга юборилган.

4. Қамаши тумани Оқгузар маҳалласи ҳудудида «Замин метан сервис» МЧЖ томонидан қурилаётган икки қаватли супермаркет биноси қурилиши ҳам ҳудудий инспекцияни хабардор этмасдан бошланган ва шу сабаб у ерда қисқа муддатли инспекторлик текшируви ўтказилган.

Текширув жараёнида «Қурилишда ишлаб чиқаришни ташкил қилиш» қоидасининг 1.13-банди талабига зид равишда объектда мажбурий юритилиши лозим бўлган техник ижро ҳужжатларидан умумий журнал, материалларнинг кирим назорати, махсус ишлар, бетон, пайванд, техника хавфсизлиги журналлари юритилмагани аниқланган. Юқоридаги қоиданинг 2.4-бандига асосан бино қурилишида ишлатилган монолит темир бетон конструкцияларининг мустаҳкамлиги лойиҳага мослиги бўйича лаборатория синов хулосалари олинмаган, камчиликларни бартараф этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилган.

Бунгача Тошкент шаҳриТошкент вилояти, Жиззах ва Бухородаги ноқонуний қурилишлар ҳақида маълумот берилганди.

Мавзуга оид