Ўзбекистон | 14:03 / 29.04.2026
1963
3 дақиқада ўқилади

Миллий инвестиция жамғармаси Тошкент ва Лондонда IPO бошлади

Миллий инвестиция жамғармаси ўз акцияларини Тошкент фонд биржасида 4,65 сўмдан сотувга қўйди. Лондон фонд биржасида эса GDR обунаси 25 доллар туради. Буюртмалар 12 майгача қабул қилинади, иккиламчи савдолар 18 майдан бошланади.

Фото: Franklin Templeton

Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси ўз акцияларининг дастлабки оммавий таклифини (IPO) бошлаганини эълон қилди.

Нархлар

Дуал-листингда нархлар қуйидагича белгиланди:

  • Тошкент фонд биржасида бир дона оддий акция 4,65 сўмдан,
  • Лондон фонд биржасида бир дона GDR (64 700 та акциядан иборат) 25 АҚШ долларидан таклиф этилмоқда.

Тошкент фонд биржасидаги таклифда жисмоний шахс бўлган инвесторлар учун 12 млрд сўмгача бўлган буюртмалар доирасида 5 фоизлик чегирма амал қилади. Чегирма ҳисобига, улар учун бир донанинг акциянинг таклиф нархи 4,41 сўмни ташкил этади.

Дастлабки оммавий таклифда жамғарма акцияларининг тахминан 30 фоизи (5 миллиард дона акция) очиқ савдога чиқарилиши кўзда тутилган.

Эълон қилинган нархларда компаниянинг бозор капитализацияси 1,95 млрд долларни ташкил этади.

Саналар

Обуна бугун, 29 апрелдан бошланиб, 12 май куни Тошкент вақти билан соат 17:00 гача (Лондон вақти билан 12:00 гача) давом этади.

13 май куни жойлаштириладиган акцияларнинг якуний миқдори эълон қилинади ва Лондон фонд биржасида шартли савдолар бошланади.

18 майдан эътиборан Тошкент фонд биржасида иккиламчи савдолар, Лондонда эса шартсиз савдолар бошланиши кутилмоқда.

Тошкентда қандай обуна бўлиш мумкин?

Ўзбекистондаги чакана инвесторлар UzNIF акциясини сотиб олишга брокерлик компаниялари: Alkes Research, Avesta Investment Group ва Bluestone Financial Group орқали буюртма бериши мумкин.

Жисмоний шахслар 200 млн сўмгача бўлган харидларга Jett сервиси орқали ҳам буюртма бера олади. Бу сервисдан app.jett.uz сайти ёки Multicard, Zoomrad, MyUTC каби мобил иловалар орқали фойдаланиш мумкин.

Жамғарма портфели

Миллий инвестиция жамғармаси Ўзбекистонда транспорт, энергетика, коммунал ва телекоммуникация хизматлари каби соҳалардаги 13 та йирик давлат компаниясининг 25-40 фоиз улушларини ўзида жамлаган.

Жамғарма портфели 2025 йил 31 декабр ҳолатига 2,44 млрд долларга баҳоланган.

Қимматли қоғозлар сотувидан тушган маблағлар давлат бюджетига ўтказилади.

Бу – Ўзбекистон компаниясининг халқаро фонд бозоридаги илк IPO'си бўлмоқда. Унда таянч инвесторлар сифатида BlackRock, Franklin Resources ҳамда Redwheel бошқарувидаги фондлар ва ҳисобварақлар, шунингдек, 100 фоиз Allan & Gill Gray Foundation'га тегишли иккита ғазначилик компанияси иштирок этмоқда. Улар билан IPO нархида тахминан 300 млн долларлик GDR'лар обунаси бўйича келишувга эришилган.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид