Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси (UzNIF) маҳаллий ва халқаро фонд бозорларида IPO ўтказиш ниятини тасдиқлади. Бу ҳақда Kun.uz'га тақдим этилган пресс-релизда сўз боради.

Дуал листинг доирасида Тошкент фонд биржасида чакана ва институционал инвесторларга компаниянинг оддий акциялари, Лондон фонд биржасида эса муайян институционал инвесторлар учун GDR'лар таклиф этилади.

Маълум қилинишича, BlackRock, Franklin Templeton, Redwheel бошқарувидаги айрим фондлар ва ҳисобварақлар ҳамда Allan & Gill Gray Foundation'нинг тўлиқ эгалигидаги иккита ғазначилик компанияси билан жами тахминан 300 млн доллар миқдоридаги GDR'ларга якуний таклиф нархида обуна бўлиш бўйича одатдаги шартларга мувофиқ таянч (“cornerstone”) келишувлар тузилган.

  • BlackRock (АҚШ) – жаҳондаги энг йирик активлар бошқарувчиси. Дунё бўйлаб ушбу компания бошқарувидаги активлар қиймати 12,5 триллион доллардан ошади. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев BlackRock катта бошқарувчи директори Адебайо Огунлеси билан сўнгги бир йилда уч марта учрашув ўтказди.
  • Franklin Templeton (АҚШ) ва Redweel (Британия) ҳам йирик инвестиция компаниялари бўлиб, уларнинг ўзбек акцияларига кириши – бошқа инвесторларнинг ишончи учун муҳим аҳамиятга эга.

Якуний нарх, сотиладиган GDR'лар ва акциялар сони букбилдингдан кейин белгиланади ва 2026 йил май ойи ўрталарида эълон қилиниши кутилмоқда.

Акцияларнинг биржага жойланиши – нарх ва таклиф ҳажми эълон қилинганидан кейин “қисқа муддат ичида” рўй беради.

UzNIF'ни 2025 йил май ойидан буён Franklin Templeton (АҚШ) компаниясининг шуъбаси бошқариб келмоқда. Компаниянинг Марказий Осиё бўйича бош ижрочи директори Мариус Дан мазкур IPO Ўзбекистондан биринчи халқаро акциядорлик таклифи бўлишини қайд этди.

“UzNIF IPO'си Ўзбекистон капитал бозорлари учун ҳам, кенг доирадаги инвесторлар учун Марказий Осиёнинг энг тез ривожланаётган иқтисодиётларидан бирига кириш имконини тақдим этишга мўлжалланган инвестиция платформаси сифатида UzNIF учун ҳам муҳим босқич ҳисобланади. Ушбу IPO Ўзбекистондан илк халқаро акциядорлик таклифи бўлади, бу эса мамлакатнинг ислоҳотлар дастури доирасида эришган сезиларли ютуқларини, барқарор иқтисодий ўсишини, жадал трансформациясини ҳамда халқаро инвесторлар учун тобора жозибадор бўлиб бораётганини тасдиқлайди”, – деди Мариус Дан.