Ўзбекистон | 21:28 / 26.06.2020
8229
3 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри оғир ва ўта оғир жиноятлар сони бўйича республикада 1-ўринда экани маълум бўлди

2020 йилнинг ўтган 5 ойидаги ҳолатга кўра, Тошкент шаҳрида оғир ва ўта оғир жиноятларнинг содир этилиши бўйича республика бўйича энг юқори кўрсаткич қайд этилмоқда.

26 июнь куни Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгаши аъзолари иштирокидаги мажлиси бўлиб ўтди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Мажлисда қайд этилишича, 2020 йилнинг 5 ойи мобайнида Тошкент шаҳрида 2906та жиноят қайд этилган бўлиб, уларнинг 41,4 фоизи ички ишлар ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида аниқланган ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан бироз яхшиланган.

«Бироқ олдини олиш мумкин бўлган айрим жиноятлар ўз вақтида бартараф этилмаган, натижада шу каби 1703та жиноят содир этилиб, 100 минг аҳолига нисбатан 65та жиноят тўғри келмоқда. Бу – республика кўрсаткичидан икки баравар кўпдир.

Бундан ташқари, шаҳарда 896та оғир ва ўта оғир жиноят қайд этилган бўлиб, республикада салбий биринчи ўринни эгаллаган.

Маҳалла ҳудудида содир этилган 1245та жиноятнинг жами жиноятга нисбатан салмоғи 43 фоизни ташкил этиб, шу турдаги жиноятлар ҳам республикада салбий 1-ўринни қайд этган», деди сенатор Фарҳод Боқиев.

Билдирилишича, пойтахтда 2020 йилнинг 5 ойида жами қотиллик жиноятларининг 9таси ёшлар, 4таси хотин-қизлар, 3таси илгари судланганлар томонидан, 8таси маст ҳолда ҳамда 14таси ўткир тиғли жисмдан фойдаланган ҳолда содир этилган.

Мажлис давомида алоҳида шуғулланишни талаб этувчи гуруҳлар ўртасидаги жиноятчилик кўрсаткичлари ҳақида маълумот берилди.

«Айрим тоифадаги шахслар ўртасида профилактик тадбирлар лозим даражада ташкил этилмагани боис 26 нафар вояга етмаганлар, 22 нафар мактаб ўқувчилари, 154 нафар хотин-қизлар, 452 нафар ёшлар, 529 нафар ишсизлар, 244 нафар муқаддам судланганлар томонидан жиноят содир этилган. Хусусан, бу ишлар Мирзо улуғбек, Яшнобод ва Сергели туманларида ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Пойтахтда хотин-қизлар томонидан содир этилган жиноятларнинг ҳар еттинчиси ўғрилик, ҳар бешинчиси эса фирибгарлик каби жиноятларни ташкил этган.

Пробация гуруҳи назоратида туриб жазони ўтаётган 46 нафар шахс жазони ижро этишдан бўйин товлаб, айрим хорижий мамлакатларга ёки республиканинг бошқа ҳудудларига қочиб кетган», деди сенатор.

Мавзуга оид