Алишер Қодиров камбағалликда одамларнинг ўзини айблади. Дониёр Ғаниев апорофоб бўлмасликка чақирди
Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг эътибори депутатлар Дониёр Ғаниев ва Алишер Қодировнинг камбағаллар ҳақидаги баҳсига қаратилди. Қодиров ҳаракати, илми ва ҳунари йўқ одам камбағал бўлишини иддао қилди. Ғаниев эса унга қарши фикр билдириб, одамлар камбағаллик қопқонига тушиб қолиши сабаб камбағалликдан чиқолмаслигини айтиб, ўтган эпохада мигрантлар “дангаса, ношукр”га чиқарилганини эслатди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров Twitter'даги саҳифасида камбағалликнинг сабаблари ҳақида твит қолдирди.
“Халқаро мезонларга кўра, 7 йил аввал 34 фоиз аҳоли камбағал эди, 2023 йилда 14 фоизга камайган. Камбағаллик мағлубиятдир! Ким камбағал бўлади? Ҳаракати, илми, ҳунари йўқ одам камбағал бўлади!
Давлат қанча ҳаракат қилмасин, мағлублар камбағал бўлиб қолаверади!” – деб ёзди у.
Қодировнинг фикрлари тармоқ фойдаланувчилари орасида баҳсларга сабаб бўлди. Кўплаб фойдаланувчилар у камбағалларнинг ўзини айбдор қилаётганини қоралади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев бу борада кинояли твит қолдирди.
“Тўғри, илми, ҳунари йўқ, дангаса одам камбағал бўлиши мумкин. Лекин бу ҳамма камбағал шундай дегани эмас. Худди аҳмоқ одамлар ҳам депутат бўлиши мумкин-у, лекин бу ҳамма депутат ҳам аҳмоқлигини англатмагандек”, – деди Ғаниев.
У Нобел совриндорлари А.Банержи ва Э.Дуфлонинг фикрларини келтириб, одамлар меҳнат қилмагани учун эмас, балки кўп ҳолларда “камбағаллик қопқони” (очлик, касаллик, ишсизлик, таълим ололмаслик)га тушиб қолиши ортидан қашшоқликдан чиқолмаслигини таъкидлади.
Дониёр Ғаниевни қўллаб-қувватлаганлар тармоқдаги баҳс иштирокчиларининг катта қисмини ташкил қилди. Аммо уни масаланинг моҳиятини англаб етмасдан бировни аҳмоққа чиқарган нодон деб атаганлар ҳам бўлди.
Алишер Қодиров, Ғаниевнинг исмини тилга олмасдан, депутатлар аҳмоқ бўлиши мумкинлиги ҳақидаги фикрни калтабинлик, қолаверса сайловчига, мамлакат тараққиётига ҳисса қўшган ва қўшаётган амалдаги ва собиқ депутатларга нисбатан ҳурматсизлик деб баҳолади. У камбағаллар камбағалликдан чиқиши учун ўзи ҳаракат қилиши кераклигини айтди.
“Фикр эгасининг бу хулосага қандай келганини сўраб кўриш керак, чунки унинг жуда яқин қариндошлари ичида ўз даврининг фидойи депутатлари бор. Ҳар ҳолда инсонни аҳмоқ дейиш учун уни жуда яқиндан билиш керак. Шахсан мен бундай депутатларни билмайман.
Такрор айтаман, инсон яхши яшашига халақит берадиган муаммоларни енгиб ўтиши керак. Истаса давлатни, истаса ота-онасини, истаса бутун дунёни айбдор деб билсин: бой берилган ҳаёт уникидир! Инсон қаерда ва қандай ҳолатда бўлишидан қатъи назар, ҳаракати, билими ва ҳунари билангина мақсадига эришади. Ижтимоий кўмакка муҳтож қатлам бутун дунёда давлатнинг қарамоғида бўлиши муҳокама мавзуси эмас”, – деб ёзди у.
Кейинроқ Дониёр Ғаниев “аҳмоқ” сўзини фикрини тушунтириш учун айтгани, ҳеч бир собиқ ёки амалдаги депутатни тўғридан тўғри аҳмоқликда айбламаганини айтиб баёнот берди.
“Бир пайтлар хориждаги мигрантларимиз “дангаса, ношукр” деб аталиб, улардан жирканиш сиёсати тарғиб қилинганига ҳам гувоҳ бўлганмиз. Шукрки, ҳозирда давлат позицияси бу борада 180 градус ўзгарган. Бугун, ҳатто, давлат раҳбари ҳам мигрантларни дангаса деб эмас, балки замонамиз қаҳрамонлари сифатида эътироф этмоқдалар.
Лекин, афсуски, баъзи фикр эгалари (ўзлари билиб-билмайми) ҳалиям ўтган эпохадаги каби иқтисодий ночор қатламларни камситувчи, уларга нисбатан нотўғри қарашларни шакллантирувчи апорофобик сиёсат тарафдори эканини кўриш ачинарли.
Зотан, мамлакат аҳолисининг 14 фоизини (5 млн фуқаро) ёппасига ҳаракатсизлик, масъулиятсизликда айблаб, уларни ўз шароитларига лойиқ деб ҳисоблаш апорофобик дискриминациянинг энг классик кўриниши ҳисобланади.
Хавотирлиси шуки, жамиятда бу каби дискриминация, стереотипларнинг шаклланиши нафақат ижтимоий ва иқтисодий тенгсизликларни янада кучайтириши, балки камбағал аҳоли қатламининг “қашшоқлик тузоғи”дан чиқиб кетишини ҳам қийинлаштиради.
Хайриятки, бу каби жамиятни бўлувчи сиёсий қарашдагилар ҳокимият тепасида эмас. Бугун камбағалликни қисқартириш энг аввало инклюзив ижтимоий сиёсатни илгари суриш, камбағал аҳолига сифатли ижтимоий хизматлардан (таълим, тиббиёт) кенг фойдаланиш имкониятини яратиш орқали эришилишини ҳукумат яхши англаб етган”, – таъкидлади Дониёр Ғаниев.
Унинг қўшимча қилишича, камбағал фуқароларга нисбатан камситишларнинг олдини олишда давлат билан бирга, жамият ҳам бирдек масъул эканини унутмаслик керак.
Эслатиб ўтамиз, июл ойида Ўзбекистонда камбағаллик чегараси янгиланиб, 568 минг сўм этиб белгиланганди. Бунинг ортидан бу миқдорни белгилаган Статистика агентлиги ва мустақил иқтисодчи ўртасида баҳс келиб чиққанди.
Мавзуга оид
18:21 / 11.11.2024
Алишер Қодиров ЛГБТ тарғиботини тақиқловчи қонун ишлаб чиқилишини маълум қилди
15:34 / 20.10.2024
Россиялик депутат Ўзбекистон фуқароларига виза режимини жорий этишга чақирди. Жамоатчилик бунга жавоб қайтарди
16:23 / 29.08.2024
“Болалар 7-синфдан кейин қобилиятидан келиб чиқиб ўқитилиши керак” – Алишер Қодиров
10:39 / 06.08.2024