Жаҳон | 17:40 / 21.05.2026
4995
3 дақиқада ўқилади

ОАВ: Эрон олий раҳбари бойитилган уранни мамлакатдан олиб чиқиб кетишни тақиқлади

Эрон олий раҳбари Мужтаба Хоминаий мамлакатнинг юқори даражада бойитилган уран захирасини хорижга олиб чиқмаслик бўйича кўрсатма берган. Бу ҳақда икки нафар юқори лавозимли эронлик манбага таяниб, Reuters агентлиги хабар берди.

Фото: Majid Asgaripour / West Asia News Agency via REUTERS

Нашрга кўра, мазкур қарор Теҳроннинг ядровий музокаралардаги позициясини янада қаттиқлаштирган. Бу эса АҚШ президенти Доналд Трамп маъмурияти билан олиб борилаётган тинчлик музокараларини мураккаблаштиради.

Reuters суҳбатлашган Исроил расмийларига кўра, Трамп Эрондаги юқори даражада бойитилган уран мамлакатдан олиб чиқилиши ҳақида Исроилга ваъда бериб қўйган. Исроил расмийлари тинчлик келишувининг ҳар қандай шаклида бу талаб албатта бўлиши керак, деб ҳисобламоқда.

Ғарб давлатлари, жумладан АҚШ ва Исроил узоқ йиллардан бери Эронни ядровий қурол яратишга интилаётганликда айблаб келади. Асосий сабаблардан бири – Эроннинг уранни 60 фоизгача бойитаётгани. Бу кўрсаткич фуқаролик мақсадлари учун талаб қилинадиган даражадан анча юқори бўлиб, ядровий қурол учун зарур 90 фоизлик даражага яқин ҳисобланади. Теҳрон эса ядровий қурол яратиш нияти борлигини рад этади.

Эронлик манбаларга кўра, Теҳронда Вашингтон ҳозир амалдаги сулҳдан фақат вақтинча тактик восита сифатида фойдаланиб, кейин яна ҳужумларни бошлаши мумкин деган кучли шубҳа мавжуд.

Эрон парламенти спикери, бош музокарачи Муҳаммад Боқир Ғолибоф ҳам “душманнинг очиқ ва яширин ҳаракатлари” АҚШ янги ҳужумларга тайёрланаётганини кўрсатаётганини айтди.

Трамп эса чоршанба куни Эрон тинчлик келишувига рози бўлмаса, АҚШ янги зарбалар беришга тайёрлигини билдирди. Шу билан бирга, у “тўғри жавобни олиш” учун Вашингтон бир неча кун кутиши мумкинлигини ҳам айтди.

Reuters маълумотига кўра, урушдан олдин Эрон 60 фоизгача бойитилган уран захирасининг ярмини мамлакатдан чиқаришга тайёрлигини билдирган. Бироқ Трампнинг бир неча бор ҳужум билан таҳдид қилиши ортидан Теҳрон позициясини ўзгартирган.

Шу билан бирга, масалани ҳал қилиш учун “амалий формулалар” ҳам борлиги айтилмоқда. Улардан бири – бойитилган уранни Атом Энергияси Халқаро Агентлиги назорати остида қайта суюлтириш варианти.

АЭХА ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил июн ойида Эрон ядровий объектларига зарбалар берилган пайтда мамлакатда 60 фоизгача бойитилган 440,9 килограмм уран мавжуд бўлган. Ҳозир унинг қанча қисми сақланиб қолгани аниқ эмас.

Қайд этилишича, Эрон расмийлари юқори даражада бойитилган ураннинг бир қисми тиббий мақсадлар ва Теҳрондаги тадқиқот реактори учун кераклигини таъкидламоқда.

Аввалроқ Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Арағчи бойитилган уран захираларини Россияга олиб чиқиш масаласида Москва билан дастлабки маслаҳатлашувлар ўтказилганини тасдиқлаган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид