Ўзбекистон | 18:20 / 11.05.2020
8308
4 дақиқада ўқилади

Ахборот технологиялари қўлланишига қараб раҳбарларнинг ойлик мукофот пулини белгилаш тизими йўлга қўйилади

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев 11 май куни рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш масалалари бўйича йиғилиш ўтказди.

«Экспертларнинг фикрича, келгуси 3 йилда иқтисодиётни рақамлаштириш орқали дунёдаги 22 фоиз иш ўринлари интернет технологиялари ёрдамида яратилади.

Шу боис жорий йил 28 апрелда «Рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукуматни кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида» президент қарори қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигида рақамли иқтисодиёт билан шуғулланадиган яхлит тизим яратилди. Жумладан, «Электрон ҳукумат», иқтисодиёт тармоқлари ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш, IT паркларни ташкил этиш ва бошқариш каби вазифалар тўлиқ вазирлик ваколатига ўтди.

Шу билан бирга, қарорда янги лойиҳаларнинг молиявий манбалари ҳам аниқ кўрсатилган. «Электрон ҳукумат» доирасида 1,3 триллион сўмлик 104та лойиҳа, иқтисодиётнинг реал секторида 5,3 триллион сўмлик 87та лойиҳа, телекоммуникациялар борасида 15,1 триллион сўмлик 35та, аграр соҳада 24та, IT парклар бўйича 18та лойиҳа амалга оширилиши белгиланган», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Йиғилишда Шавкат Мирзиёев «бу ишлар келгуси 2-3 йилда тўлиқ амалга оширилмаса, ҳар бир кечиккан йил мамлакатни 10 йил орқага тортиши»ни таъкидлаган.

Хизматларни рақамлаштириш борасидаги ҳозирги аҳвол таҳлил қилинган. Давлат идораларида мавжуд 700дан ортиқ ахборот тизимларининг атиги 30 фоизи «Электрон ҳукумат» тизимига улангани, давлат хизмати кўрсатувчи 80та идоранинг атиги 27таси Давлат хизматлари агентлигига интеграция қилингани қайд этилган.

Президент вазирлик ва идораларда ахборот технологияларини қўллаш даражасига қараб ундаги раҳбарларнинг ойлик мукофот пулини ошириш ёки камайтириш тизимини йўлга қўйиш бўйича топшириқ берди.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига давлат идоралари маълумотлар базасини таснифлаб, уларни идоралараро интеграцион платформага улаш, электрон ҳамкорликнинг ягона технологик талабларини жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Пандемия таъсирини инобатга олиб, энг зарур бўлган давлат хизматларини тезкор равишда электрон шаклга ўтказиш муҳимлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳрида электрон тиббиёт картаси, электрон шифохона ҳамда шошилинч тиббий ёрдам тизимларини жорий этиш, ижтимоий нафақалар ҳисобини юритишга мўлжалланган «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри»ни жорий йил якунига қадар ишга тушириш бўйича топшириқ берилди.

Давлат солиқ қўмитасига савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини онлайн назорат касса машиналарига ўтказиш, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини маркировкалаш ҳамда электрон ҳисоб-фактура тизимини жорий этиш юзасидан кўрсатмалар берилди. 

Келгуси беш йилда саноат корхоналарида ахборот технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига таннархни ўртача 13-15 фоизга пасайтириш мумкин.

Шунингдек, Тошкентда жамоат транспортларига ягона электрон чипта жорий этишни тезлаштириш бўйича топшириқ берилган.

«Транспорт вазирлигига темир йўлларда юк ташиш ҳамда Тошкент шаҳрида жамоат транспорти хизматлари тўлови учун автоматлашган тизимларни ишга тушириш, барча транспортларга ягона электрон билет жорий этишни тезлаштириш бўйича топшириқлар берилди», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Мавзуга оид