Ямандаги ҳусийчилар Исроилга қарата учирган баллистик ракета Тел-Авивдаги Бен-Гурион аэропорти яқинида портлади.

Интернетда эълон қилинган кадрларда ҳайдовчилар йўлда машиналарни тўхтатиб, яширинишга уринаётганини кўриш мумкин. Ижтимоий тармоқларда йўловчилар терминалидан олинган тасвирларда тутун устуни кўтарилгани акс этган.

Кўринишидан, ракета аэропорт атрофидаги панжара яқинига тушган.

Исроил оммавий ахборот воситалари хабар беришича, портлаш оқибатида тўрт киши яраланган, яна икки киши бомбапанагоҳга кетаётганда жароҳатланган.

Бен-Гурион аэропортида парвозлар бир муддат тўхтатилди.

Зарба оқибатида аэропортнинг учинчи терминалига олиб борувчи йўл шикастланган.

Исроил телевидениесида портлаш оқибатида ҳосил бўлган чуқурлик атрофида мамлакат полиция марказий округи бошлиғи Яир Хецрони қутқарув хизматлари ва аэропорт ходимлари билан бирга тургани акс этган кадрларни намойиш этди.

«Шундоққина орқамда воқеа жойи кўриниб турибди – диаметри бир неча ўн метр ва чуқурлиги бир неча ўн метр бўлган воронка, – деди у. – Шуни айтиш керакки, аҳоли кўрсатмаларга қулоқ тутди ва шунинг учун бугун бизда стресс ҳолатларини ҳисобга олмаганда, ушбу ҳодиса натижасида жабрланганлар йўқ. Шуни таъкидлашим керакки, вазият барқарорлаштирилган, полиция Аэропортлар бошқармаси билан биргаликда барча кириш йўлларини ёпмоқда ва жиддий зарар йўқ».

Шунга қарамай, Германиянинг Lufthansa ва Испаниянинг Air Europa авиакомпаниялари якшанба куни Тел-Авивга парвозларни тўхтатди.

Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими ракетани нега ўтказиб юборган?

Исроил ҳарбийлари ҳодиса тафсилотлари текширилаётгани ва нима учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ракетани тутиб ололмаганига аниқлик киритаётганини маълум қилган.

Ҳусийчилар вакили Яҳё Сари ўз телемурожаатида Исроил аэропорти «энди авиаташувлар учун хавфсиз эмаслиги»ни айтди.

Мудофаа вазири Исраэл Кац эса шундай деди: «Ким бизга зарар етказса, бунга жавобан етти карра кучлироқ зарба қабул қилиб олади».

Эрон кўмагида ҳаракат қилаётган ҳусийчилар мунтазам равишда «Бен-Гурион» аэропортини ўққа тутишга уриниб келмоқда.

Гуруҳ Ғазодаги Ҳамас билан бирдамлик белгиси сифатида Исроилга ракета ҳужумлари уюштирмоқда, аммо камдан кам ҳолатларда Исроил ҳаво мудофаасини ёриб ўтишга муваффақ бўлинмоқда.