Ортда қолаётган ҳафта нисбатан тинч ўтди. Трамп президентлигининг 100 кунлик юбилейини нишонлади, унинг маъмуриятида илк истеъфо юз берди. АҚШ ва Украина узоқ кутилган нодир металлар бўйича келишувни имзолади. Эронда Исроил фойдасига жосуслик қилгани айтилган эркак қатл этилди. Бир неча дақиқа вақтингизни аямасангиз, видеода ҳафтанинг баъзи муҳим воқеаларини эслаймиз.

Трампнинг «юбилейи»

Бу ҳафта Трамп АҚШ президентлигига қайтганига 100 кун бўлди. Республикачи бу кичик юбилей муносабати билан интервю берди, ўзининг ютуқларини санади, жуда кўп мақтанди. Америкаликлар ҳам Трампнинг 100 кунлигини сарҳисоб қилишди. Уларнинг аксари Трамп даврини ҳозирча хавотир билан қаршиламоқда. Чунки республикачининг қайтиши нарх-наво ошишига, савдо бозорларида тахмин қилиб бўлмас ҳолатлар юзага келишига сабаб бўлди.

Трампнинг 100 кунлиги дунё сиёсатида амалдаги мувозанатнинг қулаши билан ёдда қолди. 20 январгача АҚШ Европанинг ажралмас, шубҳасиз энг асосий ҳарбий иттифоқчиси эди. Энди бундай эмас, Трамп очиқчасига Америка ҳеч ким учун туриб бермаслигини айтди.

Ички сиёсатда Трамп ва Маск мамлакатнинг бошқа давлатларга миллиардлаб доллар ёрдам кўрсатиш дастурларини ёпди, бюджет харажатларини камайтиришга киришди. Ҳатто АҚШнинг ўзидаги ижтимоий ёрдам дастурларини чопиш бошланди. Университетлар, оммавий ахборот воситаларини молиялаштириш тўхтатилди. Хуллас, Трампнинг 100 кунлигига бир сўз билан можароли деб таъриф бериш мумкин.

Майк Уолц «сургун бўлди»

Трамп Овал кабинетдаги кичик юбилейини нишонлаётган вақтда унинг маъмуриятида илк истеъфо юз берди. Миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Майк Уолц Signal мессенжери атрофидаги можаро ортидан ишдан кетди.

Эсингизда бўлса, аввалроқ Оқ уйдаги юқори мартабали мулозимлар, ҳатто вице-президент Вэнс ва мудофаа вазири Ҳегсет Ямандаги ҳусийчилар позицияларига зарба берилишини Signal'даги чатда муҳокама қилган ва Уолц унга адашиб Atlantic журнали бош муҳарририни қўшиб қўйганди.

Журналист чатдаги ёзишмаларни тарқатгач, бу иш катта шов-шувга сабаб бўлди. Сенатда чатда бўлган мулозимлар сўроқ қилинди, МРБ директори чатда зарбалар вақти, Америка самолётлари қачон зарба позициясида бўлишигача ёзилганини тасдиқлади. Демократлар бу давлат сири экани, Трамп маъмурияти вакиллари жазоланиши шартлигини айтишди. Трамп можаро бошланган вақтда ўз маъмуриятидаги мулозимлар тарафини олганди, лекин Уолцнинг истеъфосига қараганда президент бу можарони жиддий қабул қилган.