Ўзбекистон | 22:03 / 10.03.2022
18255
4 дақиқада ўқилади

Давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадлари ҳисобланадиган давр бошланди — Бурҳонов

Декларациялашнинг ҳуқуқий ва техник жиҳатлари устида олиб борилаётган ишлар шу йил июн-июл ойлари ёки узоғи йил охиригача якунланади, бироқ давлат хизматчилари 2022 йил 1 январдан кейин топган даромадлари ва ўз эгалигидаги активларини декларацияга киритишлари шарт бўлади.

2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини ҳисоблаш бошланган, лекин буни эълон қилиш учун ҳуқуқий асос – тегишли қонун қабул қилиниши керак. Бу ҳақда 10 март куни Жамоатчилик кенгаши олдида ҳисобот берган агентлик директори Акмал Бурҳонов маълум қилди.

“Тўғри, фармонда аниқ айтилган эди, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларининг мол-мулки ва даромадларини декларация қилиш тизими жорий этилади, деб. Агентлик бу борада вазирлик ва идоралар билан биргаликда, биринчи ўринда халқаро ташкилотлар кўмагида платформа ишлаб чиқдик. Платформанинг техник жиҳатларини тегишли идоралар – биринчи ўринда АКТ вазирлиги, Киберхавфсизлик маркази ва бошқа идоралар билан ҳамма техник регламентлар ишлаб чиқилган. Энг муҳими, қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасига кўра, гарчи ҳозирча эълон қилинмаган бўлса ҳам, июнда бўладими, июлдами – 2022 йил 1 январдан бошлаб [давлат хизматчиларининг] олган мол-мулклари ва даромадлари ҳисобга олинишни бошлайди.

Фақат ҳозир, қонунчилик жараёнида бизда чўзилиш бўлиб қолди, яъни қонунни ўзаро келишиш жараёни чўзилиб кетди. Лекин қонун лойиҳаси тайёр, айтганимдек, бу жамоатчилик муҳокамасига ҳам қўйилади. Ўйлайманки, бу йил албатта 2022 йил 1 январдан кейинги даврга тааллуқли мол-мулклари ва даромадлари декларацияланади.

2022 йил январдан ҳисоби бошланди, фақат ҳуқуқий асоси ва техник регламентлари керак. Булар ҳозир ишлаб чиқиляпти, биз алоҳида платформа яратяпмиз. Қонун кучга кирганда бу маълумотларнинг очиқланиш муддати кўрсатиб ўтилади. Биз 1 апрелдан деган эдик, тўғрисини айтсам, улгурмаяпмиз. Июндан, июлдан бўлар, балки йил охирида. Лекин [бу қонун бўйича] 2022 йилдаги даромадлари очиқланади”, дея Акмал Бурҳоновнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил июнь ойида қабул қилинган президент фармонида 2022 йил 1 январдан давлат хизматчилари, давлат улуши 50 фоиздан юқори ташкилотлар, давлат корхоналари ва муассасалари раҳбарлари ва ўринбосарлари, уларнинг турмуш ўртоғи ва вояга етмаган фарзандларининг даромадлари ва мол-мулкини мажбурий декларация қилиш тизими жорий этилиши белгиланган эди.

Фармонда “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 6 сентябрга қадар масъул идоралар томонидан Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозимлиги кўрсатилган.

Кейинроқ, 2021 йил июл ойида бўлиб ўтган матбуот анжуманида Акмал Бурҳонов амалдорлар топширган декларациялар барча учун очиқ платформага жойланишини билдирган. Шунингдек, у мажбурий декларация топширадиган давлат хизматчиларининг яқинлари доираси торлигига ҳам изоҳ берганди.

Акмал Бурҳонов 2021 йил 21 декабрь куни Сенат қўмита йиғилишида президент фармонида тизимни 2022 йил 1 январидан жорий этиш бўйича кўрсатма берилган бўлса ҳам, катта эҳтимол билан, йил охиригача қабул қилинмаслигини, давлат хизматчиларига декларацияларни тайёрлаш учун апрелгача вақт бериш режалаштирилганини айтган эди.

Бундан ташқари, 2021 йил май ойида Kun.uz'га интервью берган Акмал Бурҳонов декларациялашдан аввал давлат хизматчиларининг 2022 йил 1 январгача орттирган мол-мулкига бир марталик амнистия берилишини истисно қилмаган.

Фото: KUN.UZ

Шунингдек, 2022 йил 1 январдан бошлаб давлат хизматчиларига Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида ҳисобрақамлари очиш ва эгалик қилиш, пул маблағларини сақлаш, кўчмас мулк ва бошқа мол-мулкка эгалик қилиш ҳам тақиқланади.

Бурҳонов, шунингдек, декабр ойида “бир-иккита идораларнинг эътирозлари борлиги сабабли” коррупцион жиноят содир этган шахслар рўйхатига доир ва “Давлат сирлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини муҳокамага қўйиш кечикаётганини таъкидлаган эди. Бу лойиҳалар ҳозирга қадар муҳокамага қўйилмади.

Мавзуга оид