Жаҳон | 14:10 / 29.12.2025
3222
2 дақиқада ўқилади

Россияда янги тартиб: Путин амалдорлар декларациясини ўзгартирди

Ҳар йиллик декларациялар ўрнига, амалдорлар ва депутатлар хизматга киришда, янги лавозимга тайинланганда ҳамда қиммат мол-мулк харид қилганда даромадлари ҳақида маълум қилиши керак бўлади. Янги қонунлар икки ҳафта ичида қабул қилинди.

Фото: kremlin.ru

Россияда давлат хизматчилари ва депутатлар эндиликда ҳар йили даромадлари ва мол-мулки тўғрисида декларация топширишга мажбур эмас. Бу ҳақдаги қонунлар тўплами РФ президенти Владимир Путин томонидан якшанба, 28 декабр куни имзоланиб, расмий ҳуқуқий ахборот порталида эълон қилинди.

Шу билан бирга, қонунларда амалдорлар хизматга қабул қилинаётганда, янги лавозимга тайинланганда, бошқа лавозимга ўтказилганда ёки кадрлар захирасига киритилганда декларация тақдим этиши шартлиги белгилаб қўйилган. Шунингдек, улар ўз молиявий ҳолатидаги айрим ўзгаришлар ҳақида ҳам хабар бериши керак бўлади — масалан, давлат хизматчисининг оиласи уч йиллик умумий даромадидан қимматроқ бўлган мол-мулк сотиб олинган тақдирда.

Амалдорларнинг мол-мулки ва пул маблағларини назорат қилиш “Посейдон” онлайн-тизими орқали амалга оширилади. У ФНС, Росфинмониторинг, Росреестр, ГИБДД ва бошқа идораларнинг маълумотлар базалари билан ўзаро ҳамкорлик қилади.

Қонун 2026 йил 1 январдан кучга кириши керак. Қонун лойиҳалари 10 декабр куни Давлат думасига киритилган, 18 декабр куни парламентда иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилинган, 24 декабр куни эса Федерация кенгаши томонидан маъқулланган.

Россияда амалдорлар 1995 йилдан бери ҳар йили даромадларини декларация қилишга мажбур бўлиб келган. 2023 йил феврал ойида эса депутатлар ва сенаторларнинг даромадлари ҳамда мол-мулки ҳақидаги маълумотлар фақат “умумлаштирилган кўринишда” эълон қилинадиган қонун қабул қилинган эди — яъни фамилиялар, аниқ сумма ва кўчмас мулк рўйхатларисиз. Очиқ манбаларда фақат депутат декларация топширган-топширмагани ва унда хатолар бор-йўқлиги ҳақида маълумот қолади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид