Ўзбекистон | 18:54 / 16.02.2022
60695
14 дақиқада ўқилади

Умра ва Ҳаж зиёрати: Жавобсиз қолаётган саволлар ва охири кўринмас монополия

Ўзбекистондаги очиқлик сиёсатига қарамай, монополияга асосланган Ҳаж ва Умра зиёратининг ташкил этилиши ва хизмат кўрсатувчи компанияларнинг танлаб олинишида ҳамон шаффофлик йўқ, зиёрат учун тўланган пулдан қайси хизмат учун қанча ишлатилиши эса сирлигича қолмоқда. Соҳадаги монополияни тугатиш ва пуллик хизматлар кўрсатишни хусусий секторга бериш вақти келмадими?

Kun.uz январ ойида “Ўзбекистонликлар учун Умра-2022 арзонроқ бўлиши ҳам мумкин эди. Аммо...” сарлавҳали мақола эълон қилган эди.

Мақолада Саудия Арабистонининг “Manazel Al-Mukhtara Trading Co” компаниялар гуруҳи ўзбекистонликлар учун Умра-2022 сафарини ташкил этиш бўйича нисбатан яхшироқ таклифларни билдирганига қарамай, тендерда соҳада етарли тажрибага эга бўлмаган транспорт-логистика компанияси ғолиб деб танлаб олингани ҳақида сўз боради.

Ўзбекистон Мусулмонлар идораси мазкур мақолага раддия берди, ушбу мақоламиз мазкур раддиядан кейин пайдо бўлган саволлар ҳақида бўлади.

Таъкидлаш жоизки, мақолани эълон қилишдан мақсад кимнидир ёмон кўрсатиш эмас, аксинча Умра ва Ҳаж зиёратини ташкил этиш борасида аввал амалга оширила бошланган ислоҳотларни давом эттиришга туртки бериш эди.

Ахир, пандемиядан олдин Умра тўловлари қарийб 4 млн сўмга арзонлаштирилгани ҳолда квоталар олиб ташланишига эришилган эди. Сарф-харажатлар камайтирилгани ҳисобига кўпчиликда ушбу муқаддас зиёратни амалга ошириш имкони пайдо бўлганди. Ҳаж ибодатини амалга ошириш нархлари 38 млн сўмдан 33 млн сўмга арзонлаштирилган, квоталар 7 200 кишига етказилган эди.

Қайд этиш лозим, давлат раҳбари кўплаб маротаба ўз чиқишларида барча соҳада шаффофликни таъминлаш, жамоатчилик назоратини йўлга қўйиш зарурлигини такрорлайди.

Аммо давлат идоралари ва жамоат ташкилотларининг очиқлиги ҳамда шаффофлиги нима учундир Умра ва Ҳаж харажатлари очиқланишига келганда ишламай қоляпти?!

Қолаверса, бутун дунёда, ҳатто ён қўшни мамлакатларда ҳам Умра ва Ҳаж зиёратларини ташкил этишнинг барча босқичлари шаффоф. Уларда Умра ва Ҳаж харажатлари давлат идоралари ва сайёҳлик ширкатларининг интернет саҳифаларида очиқ жойлаштирилган.

Ёдингизда бўлса, Мусулмонлар идорасига 12 банддан иборат саволларни йўллагандик. Буни қарангки, идоранинг на муносабатида ва на расмий жавоб хатида келтирилган саволларнинг бирортасига тайинли жавоб берилмаган.

Энди келинг, Мусулмонлар идорасининг муносабатини бироз таҳлил қилсак.

Диний идора ўз муносабатида Kun.uz сайти томонидан тендерга доир берилган очиқ-ойдин саволларга деярли жавоб берилмаган. Аксинча, “Абу Сарҳад”нинг мақтовига киришиб кетган. Аслида, муносабатда ушбу ширкатнинг неча йил транспорт-логистика ёки озиқ-овқат етказиш ишлари билан шуғулланиб келганига эмас, балки бевосита Умра зиёратини ташкил этишдаги тажрибаси очиқланиши керак эди. Афсуски, бу савол ҳамон мавҳум бўлиб қолмоқда. Kun.uz суриштируви натижасида “Абу Сарҳад” айнан умрачиларга фақат ва фақат транспорт хизматини кўрсатгани аниқланган эди.

 “Энг аввало, Ҳаж ва Умра вазирлиги талабига асосан, Умра хизматларини кўрсатиш бўйича подшоҳликда амалдаги қонунчиликка тўла мос келадиган лицензияга эга бўлган ширкат бўлишига катта эътибор қаратилди. Кенг қамровли ўрганишлар натижаларида, Саудия Арабистонидаги “Abu Sarhad” ширкати ўзбекистонлик зиёратчиларга хизмат кўрсатиш учун муносиб, деб топилди”, дея таъкидлайди идора.

Аммо, яна “кенг қамровли ўрганишлар”ни исботлайдиган, иккинчи томонни мот қилиб қўядиган бирорта ҳужжат муносабатга илова қилинмаган.

Қолаверса, Hilton Makkah Convention Hotel меҳмонхонаси идора айтганидек Ҳарамдан 150 эмас, 600 метр узоқликда жойлашганини йирик платформаларда кўриш мумкин.

“Ҳар бир зиёратчи учун совға (термос, сумка, тўшак, соябон ва ҳ.к) берилади. Ватанга қайтишда Зам-зам суви, хурмо ва жойнамоз туҳфа этилади”.

Қизиқ, пандемиядан аввалги йилларда бу ҳадялар берилмаганми? Ёки термос, сумка, тўшак, соябон, Ватанга қайтишда бериладиган Зам-зам суви, хурмо ва жойнамоз учун зиёратчиларимиз 4 млн 770 минг сўм устама тўлаши керакми?

“Шунингдек, ушбу мухбир Ўзбекистон мусулмонлари идораси шартнома имзолаган “Abu Sarhad” ширкати ҳақида ҳам турли асоссиз маълумотларни баён этгани журналистик этикасига тўғри келмаслигини алоҳида таъкидлаймиз. Масалан, ширкатнинг сайти йўқ деб иддао қилди.

Лекин ширкатнинг расмий https://abosarhad.com/ интернет сайти инновацион хизматлар билан фаолият олиб бормоқда.

Шунингдек, Facebook ижтимоий тармоғида юқори сифат ва замонавий хизматларни ўз ичига олган саҳифаси фаол ишламоқда. Бундан ташқари, Instagram, Twitter, Telegram каби тармоқларга ҳам эгалигини билиб олиш керак”, – дейилади идора муносабатида.

Аввало, “Або Сарҳад”ми ёки “Абу Сарҳад”, Мусулмонлар идораси ўзи учун аниқлаб олиши мақсадга мувофиқ.

“Тўғриси, Kun.uz таҳририяти мухбири шунча асоссиз маълумотларни кенг оммага эълон қилиш ва асл вазиятдан мўмин-мусулмонларни чалғитишга нима туртки бўлганини тушунмадик”.

Идоранинг нимани тушунмаганини биз ҳам тушунмадик. Зеро, мақолада Умра 4 млн 770 минг сўмга арзонроқ бўлиши мумкинлиги ҳақида сўз борган эди. Бу эса, пандемиядан олдинги рўйхат бўйича 10 минг киши деб ҳисоблангандаям салкам 4,4 млн АҚШ долларини англатади. Айни шунча сумма Умрага борувчилар чўнтагида қолиши, бошқа эҳтиёжига сарфлашлари мумкин эди.

Ошкора баҳс-мунозара кетаётган экан, яна таъкидлаймиз, қарши томонни “мот” қилувчи бирор далил-ҳужжат тақдим этишнинг наҳотки иложи бўлмаса.

40 йиллик тарихга эгалиги иддао қилинган компаниянинг интернетдаги саҳифаларига назар ташласак.

“Або Сарҳад”нинг сайти ва тармоқлардаги саҳифаларининг аксари 2021 йил феврал ойидан сўнг ташкил этилган. Буни юқоридаги ҳаволалар орқали истаган киши текшириб олиши мумкин.

Унинг бош саҳифасидаги маълумотларда асосан recruiting – хорижлик ишчиларни Саудия Арабистонига ёллаш, яъни, ишчи виза бериш (эътибор қилинг, ишчи виза ҳамда Умра ва ёки Ҳаж визаси умуман бошқа-бошқа нарсалар) билан шуғулланиши қайд этилган. Қуйидаги скриншот Мусулмонлар идораси сайтида араб тилидаги ҳолатида жойланган. Сайтдаги сўзларнинг ўзбек тилидаги маънолари билан танишиб олишингиз мумкин (Google-таржимон).

Бундан ташқари, қуйидаги скриншот қуйи қисмида “Abu Sarhad ishga qabul qilish idorasi” дея катта сўзлар билан ёзиб қўйилган. 

Келинг, энди сайтдаги рукнларни бирма-бир кўздан кечирамиз. 

Кўриб турганингиздек, рукнларнинг ҳеч бирида Ҳаж ёки Умра зиёратини ташкил этишга доир бирорта маълумотга кўзингиз тушмайди. Яна бир бор эслатиб қўйишни истардикки, бу маълумотлар айнан Ўзбекистон мусулмонлари идораси тақдим этган ҳаволаларда жойлашган сайт ва саҳифалар таҳлили холос.

Таъкидлаш керак, саҳифадаги арабча матнлар Google онлайн таржима хизматидан фойдаланилган ҳолда ўзбекчага ўгирилди. Уларда грамматик ва услубий хатолар бўлса-да, умумий мазмунни англаш қийинчилик туғдирмайди, деб ўйлаймиз. Уларнинг барчасида, асосан, ишга ёллаш ҳақида сўз боради.

Шу ўринда яна бир гап. 23 январда “Умра-2022” сафари доирасида ўзбекистонлик илк зиёратчилар гуруҳи Саудия Арабистонига ташриф буюрди. Расмий сайтда ёки саҳифаларда бу ҳақда ёки олдин кўрсатилган хизматлар ҳақида ҳам маълумотларга кўзимиз тушмади. Ўзбекистон билан “Умра-2022” сафарини ташкил этиш бўйича шартнома имзолангани ҳақида ҳам хабар қилинмаганди.

“Абу Сарҳад” ширкати, иддао қилинганидек, бир неча ўн йиллик тажрибага эга, жиддий ва йирик ташкилот ёки ширкат бўлса, бу каби хабарларни асосий сайтига жойлаш ишига бармоқ учидан қарашини қандай тушуниш мумкин? Ва умуман, бу сайтда Умра ва Ҳаж сафарларини ташкил этиш, ихтиёридаги ёхуд бошқарувидаги меҳмонхоналар рўйхати ҳақида маълумотлар йўқлигини қандай англасак бўлади?

Атиги 3 киши дўстлик алоқасини ўрнатгани кўринадиган Facebook саҳифасида эса, компания сайти сифатида негадир abosarhad.com сайти эмас, балки asumrah.com сайти кўрсатилган.

Ушбу саҳифани кўздан кечирар экансиз, унга жойланган постларда Умра ёхуд Ҳажга доир хабарлар жуда камлигини кўрасиз.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси тақдим этган яна бир Facebook-саҳифада (fb.com/nasserabdullahahmadabusarhad) транспорт воситалари ҳақидаги постларни ўқишингиз мумкин.

Мазкур саҳифада fb.com/AbuSarhadGroup саҳифаси ҳам борлигини кўрдик ва браузеримизга abusarhadgroup.com ҳаволасини тердик. Унда бирорта ҳам маълумотни ўқиш мумкин бўлмади. Яъни, бемалол айтиш мумкинки, шундай катта компаниялар гуруҳининг сайтида ҳеч вақо йўқ.

Ушбу сайт 2021 йил 7 январда рўйхатдан ўтган, сўнгги маротаба 2022 йил 24 январда янгиланган эди.

asumrah.com ҳаволаси орқали ўтганимизда эса, “Биз тез орада келамиз” ёзувига кўзимиз тушди.

Бу сайт 2021 йил 2 августда рўйхатдан ўтган бўлиб, сўнгги янгиланиш 2022 йил 24 январ куни амалга оширилган.

“Або Сарҳад”нинг Telegram саҳифаси
“Або Сарҳад”нинг Twitter саҳифаси
“Або Сарҳад”нинг TikTok саҳифаси

Шу ўринда компания сайтига доир яна бир қизиқ маълумот. Саудия Арабистони подшоҳлигида рўйхатдан ўтган компаниянинг сайти нима учундир Иорданияда Маҳмуд Момани исм-шарифли киши томонидан рўйхатдан ўтказилган.

Ўрганишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, 35 йиллик тарихга эга экани иддао қилинаётган “Абу Сарҳад”нинг веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари 2021 йилда очилган.

Очиқ маълумотлардан кўринишича, Abosarhad.com домени DV SSL тоифадаги сертификат билан фаолият юритади, бироқ бу домен ҳақиқийлигини тасдиқловчи энг содда сертификат бўлиб, йирик компаниялар ундан фойдаланмайди. Жиддий ва йирик компания ва ташкилотлар ўз доменлари учун EV SSL тоифали сертификатларни олишади.

Бундан ташқари, Умра ва Ҳаж сафарларини ташкил этишдаги 20 йиллик тажрибага эга “обрўли ва йирик” компаниянинг расмий сайти ва саҳифаларида айнан бизни қизиқтираётган масала, Умра зиёратини ташкил этишга доир бирорта ҳам маълумот мавжуд эмас (сайт ва саҳифаларнинг таҳлили 2022 йил 23 январ ҳолатига).

***

Умуман олганда, янги нарх бўйича Умра сафарига боришни ният қилиб, навбати келган фуқаро 17,8 млн сўм атрофида тўлов қилишга мажбур бўлмоқда. Бу тахминан 1 645 АҚШ доллари демакдир. Пандемиядан олдинги тўлов миқдори 1350 доллар атрофида эди.

Биз эса, сўнг сўз ўрнида Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этишда давлат монополияси сақланиб қолиши билан боғлиқ айрим салбий оқибатларни санаб ўтмоқчимиз.

Биринчидан, Умра ёки Ҳаж зиёратини амалга оширишни истаган ўзбекистонлик ўз моддий имкониятига мос меҳмонхона ва хизмат турини танлай олмайди. Ахир кимнинг шароити арзонроқ меҳмонхонада туришгагина етади холос.

Иккинчидан, ўзига кўрсатилаётган хизмат қанчага тушаётганини билмайди.

Учинчидан, оиласи ёки яқинлари билан бирга Умра ва ёки Ҳаж қилишни тушида ҳам кўролмайди.

Маълумот ўрнида айтиш жоизки, бутун дунёда Умра ва Ҳаж зиёратлари сайёҳлик фирмалари орқали амалга оширилади ва камида 3 хил тариф таклиф этилади. Умрани ният қилган киши якка ўзи борадими, оила аъзолари билан борадими, моддий имкониятидан келиб чиқиб ҳал қилади. Қандайдир рўйхат, навбат деган нарсаларни билмайди ҳам.

Тўртинчидан, айнан юқоридаги навбатлар ва рўйхатлардан чарчаган, кексайиб қолган ота-онасининг йиллар давомидаги орзусини рўёбга чиқаришни истаган фарзандлар ёхуд оиласи билан Умрага боришни истаган эрлар учинчи мамлакатлар орқали Ҳаж ва Умрани амалга ошириб келаётганлари ҳеч кимга сир эмас. Бугунги кунда, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Туркия, Қирғизистон, Қозоғистон ва бошқа давлатлар орқали муқаддас жойларни зиёрат қилаётган ватандошлар етарлича топилади.

Ҳатто, қўшни Қирғизистон орқали қирғиз паспортини олиб (яъни, хайрли иш йўлида ўзи билиб-билмай қонунларни бузиб), қийин вазиятга тушиб қолаётган ўзбекистонликлар ҳақида ҳам қулоққа бот-бот чалиниб қолмоқда. Аммо, айнан Ҳаж ва Умра зиёратларини ташкил этишдаги монополия ва чекловлар бундай ватандошлар сонини оширса, оширмоқдаки, асло камайтиргани йўқ.

Шундай экан, бизнинг Умра зиёратини ташкил этишга масъул ташкилотларга саволларимиз қуйидагича бўлади:

1. Барча шубҳа-гумонларга ўрин қолдирмаслик учун жорий Умра харажатларини ва келгусидаги Ҳаж зиёрати харажатлари сметасини очиқланг.

2. Умра-2022 учун тендерда нечта ширкат иштирок этди ва улар қандай қиймат тақдим этганига доир уларнинг ҳар бирининг тижорат таклифларини очиқланг.

3. Саудия Арабистони Ҳаж квотасини бутунлай бекор қилгани маълум. Энди ўзбекистонликларнинг Ҳаж квотаси қачон бекор қилинади?

4. Ўзбекистонликларнинг Ҳаж ва Умра зиёратини ташкил қилиш учун ўрнатилган монополияга барҳам бериладими?

Умид қиламизки, масъул идоралар бу саволларимиздан оғринмайдилар. Зеро ҳар бир фуқаро нимага қанча пул сарфлаётганини билишга тўла ҳақли бўлган очиқлик ва ошкоралик замонида яшамоқдамиз.

P.S.: Муқаддам ўзбекистонлкларга Умра ва Ҳаж зиёратини адо этишлари бўйича хизмат кўрсатган “Ал-Ҳидоя” ширкати Саудия Арабистонидан қарзлари туфайли фаолият кўрсатмаяпти. Унинг муассислари “Абу Сарҳад” ширкати билан келишган ҳолда биргаликда фаолият юритаётгани ҳақида маълумотлар бор. Яқинда Умрага бориб келганлар тасвирлаб берган кутиб олиш ва хизмат кўрсатиш ҳолатлари ушбу хабар ҳақиқатга яқин, деган тахминга асос бўлмоқда.

Бу ҳақида кейинги кўрсатувларимизда алоҳида тўхталамиз.

Толиб Раҳматов

Мавзуга оид