Янгийўлда “участкавой”лардан кунига 2тадан фуқарони жаримага тортиш талаб қилинмоқда
Сўнгги вақтларда профилактика инспекторларига фуқароларга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштириш бўйича “план” белгилаб берилгани бот-бот қулоққа чалинмоқда. Kun.uz'га келиб тушган маълумотлар бундай ҳолат Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ҳам борлигини кўрсатади.
Қувалик ва наманганлик собиқ инспекторлар вазир Пўлат Бобожоновга йўллаган видеомурожаатларида ҳам мажбурий юкламалар, коррупция ва бошқа муаммолардан шикоят қилишганди. Гарчи Kun.uz'га интервью берган ИИВ мулозими Бахтиёр Бердиалиев профилактика инспекторларига фуқароларни жаримага тортиш бўйича кунлик режа белгилаб берилганини бутунлай инкор қилган бўлса-да, бундай ҳолат нафақат Қува ёки Наманганда, балки Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам содир бўлаётгани таҳририятга келаётган мурожаатлардан маълум бўлмоқда.
Жойлардаги ички ишлар органлари раҳбарлари бир-бири билан кимўзарга рақобатлашаётгани, буни ким кўп жарима ундириш орқали намоён қилишга ҳаракат қилаётгани жабрини “участкавой”лар тортяпти. Kun.uz'га юборилган овозли хабарларда бундай топшириқлар Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида ҳам авж олгани ҳақида сўз боради.
Аудиода Янгийўл тумани 2-сонли ИИБ бошлиғи подполковник Олим Собиров экани айтилаётган шахс қўл остидаги профилактика инспекторларига Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183- (майда безорилик) ва 187-моддалари (жамоат жойида алгоколь ичиш) бўйича иккитадан маъмурий баённома тузиб, эрталабки йиғилишга олиб келиш ҳақида топшириқ бераётгани акс этган:
“Эртага ҳар бир ходим эрталабгача иккитадан, битта 187, битта 183, агар бунинг иложи бўлмаса, иккита 187 ёзиб, олиб келиши керак. Шарт! Ҳозир Хайрулла ака [Янгийўл тумани ИИО ФМБ ҲПБ бошлиғи Хайрулла Болтабоев] ҳаммангни чиқарворди “развод” ўнда деб. Ҳозир ўнда телефон қилиб, қани “протокол”, “начальник”ка нима деб жавоб бераман деяпти.
Ўшанчун кимни ёзасан, кимни нима қиласизлар, ҳар бир ходим эрталабки йиғилишга – “развод”га иккитадан 187 опкелиши шарт. Туни билан топиб, ёздик 187 иккитадан деб бериш керак. Бўлмасам эрталаб “развод”да “начальник” ****ец қилади. Мен кечқурун ёздираман ҳаммасига, шеттаман ўзим, текширувчиман деганман”.
Бу аудиоёзув Янгийўл тумани 2-сонли ИИБда хизмат қилувчи профилактика инспекторларига топшириқлар бериб бориладиган Telegram'даги гуруҳда ёзиб қолдирилган.
Kun.uz манбасига кўра, аудиода маъмурий баённомаларни талаб қилаётгани айтилган бошлиқ, Олим Собиров ва Хайрулла Болтабоевлардан ҳам юқори турувчи раҳбар – Янгийўл туман ИИО ФМБ бошлиғи Анвар Султонов ҳисобланади. Манба айнан Анвар Султоновнинг тазйиқлари туфайли Янгийўл туманидаги ички ишлар органларида мана шундай ноқонуний топшириқлар авж олганини айтади.
“Бу кимса тепадагиларга ўзининг “яхши ишлаётгани” расмийлаштирилаётган маъмурий баённомалар сони ва ундирилаётган жарималар салмоғини кўрсатишга одатланган. Кўрсаткич талаб қилаверишининг юки эса профилактика инспекторларининг зиммасига тушяпти”, дейди исмини ошкор қилмаслигимизни сўраган янгийўллик ходимлардан бири.
Буни қарангки, Янгийўл тумани 2-сонли ички ишлар бўлими бошлиғи подполковник Олим Собиров ҳам Қува туманининг “бош миршаби ўринбосари” майор Азиз Аҳмаджонов каби ходимлардан турли баҳоналар билан пул йиғишга одатланган бўлиши мумкин. Kun.uz'га юборилган аудиода унинг овозига ўхшаш овоз эгаси қандайдир тадбир учун қўл остидаги барча ходимлардан эрталабки йиғилишга 200 минг сўмдан олиб келишни талаб қилганини эшитиш мумкин.
“Эртага эрталабки йиғилишга ҳамма 200 минг сўмдан олиб келсин. Тадбир бор. Тушунмаганлар нима экан, нимага деган саволларинг бўладиган бўлса, эрталаб Мирзо Улуғбекка борган бўлса билади. Билмаганлар менга телефон қилса тушунтираман. Ҳамма юз фоиз икки юз мингдан эрталабга олиб келиши шарт.
Эрталабки йиғилишда ҳаммадан оламан. Тушунганлар алоқага чиқиб, “ответ” беринглар. Тушунмаганларинг телефон қилиб сўранглар, тушунтираман ҳар бирингга алоҳида-алоҳида”, дейилади аудиода.
Олим Собиров биз билан телефон орқали суҳбатда ходимлардан ҳар куни иккитадан маъмурий баённома ва пул талаб қилганини рад этди.
“Бўлиши мумкин эмас. Ҳеч қанақа тадбирга ходимлардан ҳеч қачон пул йиғилмаган. Пул йиғиладиган тадбирнинг ўзи бўлмаган. Ходимлардан пул йиғилмайди”, дея таъкидлади подполковник.
У, шунингдек, Kun.uz'га юборилган аудиодаги овоз ўзиники эканини ҳам инкор қилди. “Эшитиб кўрмаган бўлсам, қаердан биламан”, дея таъкидлади Собиров. Бироқ унга Telegram орқали аудиони жўнатишнинг имкони бўлмади. Ўзи бизга алоқага чиқишини илтимос қилиб ёзган смс-хабаримизга эса жавоб ёзмади, Telegram'дан ҳам алоқага чиқмади
Подполковник Олим Собиров, шунингдек, профилактика инспекторларига фуқароларга жарима ёзиш бўйича топшириш берилган бўлиши мумкинлигини инкор қилмади.
“Кунлик мажбурий юклама йўқ. Лекин ҳудудларда жиноятнинг олдини олиш мақсадида муқаддам судланган ёки сабабсиз кўчада ичиб юрган ё жамоат жойида ичган шахсларни аниқлаб, иккитадан маъмурий баённома ёзинглар деган бўлишимиз мумкин. Бу мажбурий эмас, [ҳуқуқбузарлик] бўлса-бўлмаса ёзасан осмондан олиб дейилган жойи йўқ лекин.
Ҳолат бўйича аниқлаб келинглар дейилган. Қанча кўп шунақа профилактик ҳолатларни аниқласангиз, [жиноятнинг олди олинади]. Чунки жиноят ичкиликдан кўп бўлади. Уйда эр-хотин ўртасида, кўчада, кафе-барларда ичкиликнинг орқасидан кўп жанжал, жиноят бўляпти. Ўша жиноятларнинг олдини олиш мақсадида уларга маъмурий “протокол” ёзилсин дейилган”, дейди Янгийўл тумани 2-сонли ИИБ бошлиғи.
У навбатчилик пайтида ҳудудида ҳеч қандай ҳуқуқбузарлик содир бўлмагани учун маъмурий баённома расмийлаштиролмаган ходимларга ҳеч қандай чора кўрилмаслигини иддао қилди.
“Мажбурсан деб талаб қилинмайди. Иккитадан аниқлик киритиб, ҳудудингга чиқ ҳамманг, ичкилик бўладиган кафе-бар, “вино-водка” сотадиган жойларда айланиб маъмурий баённома топинглар дейилган бўлиши мумкин. Топиб келолмаса, ҳеч нарса бўлмайди. Мажбурмас топиб келишга.
“Протокол” ёзмаса ишдан бўшатилган жойи аниқланмаган шу пайтгача. Йигирма йилга яқин ишлаган бўлсам, унақа ҳолат бўлмаган. Бўлмайди. Мажбурият, мажбурсан деган жойи йўқ”, дейди у.
Шу билан бирга, Олим Собиров агар тунги навбатчиликка тушган ходимларга юклама белгилаб берилмаса, топшириқ берилмаса, у хонасига бориб ухлаши, жиноятчиликнинг олдини олиш учун кўча-кўйда айланиб юрмаслигини уқтирди. У “наряд”га тушган ходимлар юклама белгилаб берилгач, гап эшитмаслик учун ҳам ҳаракат қилишини айтмоқда.
“Асосан “ночь”да юрганларга айтилади. “Ночь”да юрганларингда айланиб ҳудудда бесабаб, бемақсад юрганларни аниқлаб, маъмурий баённома расмийлаштиринглар дейилади. [Профилактика инспекторлари] юрсин, излансин деган мақсадда шундай топшириқ берилади. Ўзларинг биласизлар деворсангиз, у тўғри хонасига бориб ухлаши мумкин. Ҳудудда профилактика бўлсин, жиноятнинг олди олинсин деган мақсадда айтилади.
“А-так”, мажбурият қўйилмаган. [Маъмурий баённома] топиб келиш шарт деган жойи йўқ. Имкон бўлди, мана, мен ҳудудимда битта ичкиликни аниқладим, 183 ёздим. Ё бўлмаса 183 қилдим дейилса бўлди. 183 материал қилиниб судга чиқарилади. Иккита ёзишим керак эди, лекин битта жарима ёздим ёки биттаям ёзолмадим деса, нега қилмайсан, топ деган талаб йўқ.
Шунчаки, бу нарса ходимларни ишлатиш учун айтилади. Агар топшириқ бериб, юклама белгиламасангиз ҳеч ким ишламайди-да. Хонасига бориб ётади, чунки ҳеч қандай топшириқ йўқ, юклама йўқ. Хонасидан “вызов” бўлса чиқади, “вызов” бўлмаса чиқмайди. Бир сутка “наряд” ўтилади. Юклама белгилаб, уни қил, буни қил десангиз, ҳаракат қилади. Ҳеч бўлмаса, битта аниқлай дейди. Хонасида ўтираверса, ичган одам: “Мен ичганман, “протокол” ёз” деб мелисанинг олдига келмайди-ку!” дейди Янгийўл тумани ИИБ мулозими.
Kun.uz манбаси Олим Собиров айтган сўзларнинг акси сифатида бир нечта суратларни тақдим этди. Улардан бирида, манбага кўра, Янгийўл тумани ИИО ФМБ бошлиғи Анвар Султонов ҳамда унинг ўринбосари бўлиб ишлаган, бугунги кунда Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўлими бошлиғи вазифасида хизмат қилаётган Хайрулла Болтабоев ИИБ биносида профилактика инспекторларидан маъмурий баённомаларни санаб олаётгани акс этган.
Бошқа манбалардан олинган ҳисобот-жадвалга кўра, Янгийўл туманида 65 нафар профилактика инспектори бор ва улар 2021 йил 17 декабрь ҳолатига кўра улар томонидан 8727 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. Белгиланган жарималарнинг умумий суммаси 830 232 578 сўмни ташкил этади. Шундан 120 880 243 сўм ундирилган, қолдиқ сифатида қолаётган, яъни шу пайтгача ундирилмаган жарималар миқдори эса 710 144 335 сўмдан иборат.
Кўриб турганингиздек, Kun.uz'нинг бир нечта манбаси ва аввалроқ рўй берган ҳолатлар ички ишлар тизимида “план”лар борлигини кўрсатиб турибди. Масъуллар эса буни фақат рад этмоқда холос. Ҳақиқатни аниқлаш, ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш ва тизимда бундай номақбул ишлар бошқа такрорланмаслигини таъминлаш – бошқа тегишли органларнинг вазифаси.
Дарвоқе, Kun.uz Самарқанд шаҳридаги профилактика инспекторлари фуқароларга “аҳолини хатловдан ўтказиш амалга оширилмоқда” деган алдов билан ўзларидаги планшетларига қўл қўйдириб кетганликлари, билъакс орадан вақт ўтиб фуқароларга турлича маъмурий жарималар қўллангани ҳақида “салом хат”лари кела бошлагани ҳақидаги масалани ўрганмоқда. Бундан ҳам “участковой”ларга қўйилган “план”нинг иси келмоқда. Тафсилотлари ҳақида тез кунларда хабар берамиз.
Жамшид Ниёзов, журналист
Монтаж устаси: Муҳиддин Нидо
Мавзуга оид
16:18 / 15.11.2024
Янгийўлда 5 туп дарахтни кесиб ташлаган шахс табиатга 533 млн сўм зарар етказди
20:43 / 14.11.2024
Еврокомиссия Meta’ни қарийб 800 млн евро жаримага тортди
18:34 / 08.11.2024
Марказий банк 7 та банк ва 2 та микромолия ташкилотини жаримага тортди
07:50 / 31.10.2024