Ўзбекистон | 15:22 / 20.05.2021
22116
19 дақиқада ўқилади

Хориждаги шифокорларни катта маош ваъда қилиб қайтариш қанчалик тўғри қарор? Мутахассислар билан суҳбат

Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев Kun.uz'га берган интервьюсида хорижда ишлаётган ўзбекистонлик юқори малакали тиббиёт ходимларини ватанга қайтишга чақирди ва хориждан қайтган шифокор-мутахассисларга уёқдагидан кам бўлмаган маош тўланиши, улар яхши лавозим ва уй-жой билан таъминланиши, уларни қайси тумандаги қайси клиникага жойлаштириш масаласи билан Вазирлар Маҳкамасида шахсан ўзи шуғулланишини айтганди.

Kun.uz профессор, невролог Зарифбой Ибодуллаев, Саудия Арабистони Мадина шаҳридаги қирол Фаҳад шифохонаси шифокор-анестезиологи, тиббиёт фанлари доктори Аброр Акмалов ҳамда лор шифокори, узоқ йиллар Сомалида фаолият олиб борган, айни пайтда Ўзбекистонга қайтган Илҳом Мирвалиевнинг ушбу ташаббус қанчалик самара бериши ҳақидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқди.

– Холис айтадиган бўлсак, бу хорижий давлатларга ишлаш учун чиқиб кетган шифокорларни Ўзбекистонга қайтариш бўйича иккинчи уриниш. Аввалроқ ҳам бундай ташаббус билдирилган, бироқ берилган катта-катта ваъдаларга ишониб ватанга қайтганларнинг кўпчилиги салоҳиятига муносиб жойларга қўйилмагани учун кўплаб мутахассисларнинг ҳафсаласи пир бўлиб, ортларига қайтиб кетганини орқаваротдан эшитиб юрибмиз. Сизнингча, бу галги уриниш қандай натижа беради? Ўтган галги сценарий такрорланмаслигига кафолат борми?

Зарифбой Ибодуллаев, профессор, невролог:

– Аввало, муҳтарам Беҳзод Мусаев бу масалада Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан маслаҳатлашдимикан, деган савол пайдо бўлади. Иккинчидан, мен энг катта тиббиёт даргоҳи бўлмиш Тошкент тиббиёт академиясида ўттиз йилдан буён ишлайман, келиб ҳурматли профессорлар, аҳволингиз қандай, академияни хориж даражасига олиб чиқиш учун сизларга қандай шароитлари қилиб бериш керак, нима камчиликлар бор, деб шу пайтгача катталаримиздан ҳеч ким юракдан қизиққани йўқ.

Энг қизиғи, Беҳзод Мусаевнинг бу интервьюсидан кейин мен Human.uz’га чиқиб бу ҳақда гапирдим. Менга ҳамкасбларим ҳалигача қўнғироқ қилиб, интервьюдан кейин ҳукуматдан, бош вазир ўринбосари ёки у кишининг ёрдамчилари алоқага чиқдими, билдирган фикрларингиз бўйича юзма-юз суҳбатга чақиришдими, деб сўрашади. Ҳеч ким шу пайтгача мен билан боғлангани ҳам, фикрларимга расман муносабат билдиргани ҳам йўқ.

Зарифбой Ибодуллаев

Тизимдаги муаммоларни ҳал қилиш учун биргина ССВнинг кучи етмаслигини биламан. Бу молиялаштириш билан боғлиқ. Молия вазирлиги керакли маблағларни ажратмай келаётгани учун қанчадан-қанча ғоялар амалга ошмай ётибди. Хориждан олиб келинадиган шифокорлар билан ҳам худди шу муаммо кузатилиши эҳтимолдан холи эмас.

Шу пайтгача хорижлик мутахассислар Ўзбекистонда мураккаб операцияларни бажариб, келиб-кетиб юришибди. Аммо улар маълум бир иш учун вақтинча олиб келинади, топширилган вазифани бажарганидан сўнг қайтиб кетишади, яъни муқим ишлаб қолишаётгани йўқ.

Беҳзод Мусаевнинг фикрича, хориждаги ўзбекистонлик тиббиёт ходимларини доимий ишлашга олиб келиб, айни пайтда чет элда олаётган ойликларини беришмоқчи. Бунинг остида бир тагмаъно бор: ҳурматли ўзбек профессорлари, сизлар ўша ойликка лойиқ эмассизлар, сизлар улар даражасида эмассизлар деган мазмун чиқади.

Таъкидлаш керакки, назарий билимни хоҳлаган жойдан олиб келишсин, бунга қарши эмасман. Лекин ўзбек олимига китобда ёзилган дастурлар асосида даволаш учун шароит қилиб берилсин. Ўзбекистондаги тиббиёт ходимларига хориждаги шароитни қилиб берамиз, ҳеч бўлмаса, Тошкент тиббиёт академиясига энг замонавий жиҳозларни олиб келамиз, сизларнинг даражангизда тиббий ёрдам кўрсатадиган ассистентлар, ёрдамчиларни таъминлаб берамиз, дейишганда бошқача гап бўларди. Аслида бу ишларни 2016 йилдаёқ бошлаш керак эди. Аввал чиройли шароитни яратиб қўйишсин, кейин хоҳлаган давлатдан мутахассисларни чақираверишсин, марҳамат.

– Сизнингча, Ўзбекистон медицинаси аҳволини ўнглаш учун ислоҳотларни нимадан бошлаш тўғри бўларди? Ёки хориждаги мутахассисларни ортга қайтариш энг оқилона қарор ҳисобланадими?

Аброр Акмалов, Мадина шаҳридаги Қирол Фаҳад шифохонаси анестезиолог-консултанти, тиббиёт фанлари доктори:

– Расмийлар бирор фикр айтишдан, муҳим қарор қабул қилишдан олдин бўлиб турган воқеаларни таҳлил қилиш керак, деб ҳисоблайман. Бир савол бор, нега хорижга чиққан шифокорлар Ўзбекистонга қайтиб келиши керак? Бунга сабаб кўп фуқароларимиз мураккаб операцияларга эҳтиёжи бўлгани учун чет элга чиқишяпти. Қолаверса, аҳолимиз юртимиздаги соғлиқни сақлаш тизимидан миннатдор эмас.

Нима қилибди четга чиқиб даволанса дейиш мумкин. Биринчидан, даволаниш учун чет элга борган фуқароларимиз турли мураккаб вазиятларга тушиб қолишмоқда, иккинчидан эса Ўзбекистонда етарли шарт-шароит бўлмагани, айрим турдаги операцияларга ҳалигача рухсат берилмаётгани учун жуда катта миқдордаги валюта чет элга чиқиб кетмоқда.

Аброр Акмалов

Савол туғилади, фуқароларимиз соғлиғини тиклаш учун чет элга чиқишяпти? Ҳар бир давлатда бунга сабаб бўлувчи бир неча омиллар бўлади. Фикримча, ушбу омилларнинг биринчиси, ўзида ўша даражадаги операцияларни қила оладиган шифокорларнинг йўқлигидир. Иккинчиси, Ўзбекистондаги тиббиётдан кўнгли тўлмаслиги билан боғлиқ. Учинчиси эса кимдир чет элга чиқиб, чет элда яхшироқ шифо топишига ишонади, пули бор ва хорижда даволанаман, операцияни хорижда қилдираман дейиши мумкин.

Ўзбекистонда бир йилда қанча бемор даволаниш учун хорижга боряпти, асосан қандай операциялар учун қайси давлатларга чиқяпти, буни таҳлил қилиш, статистикасини юритиш керак. Шундан сўнг Ўзбекистоннинг бу борадаги шароити етарлимими ёки йўқ, баҳо берса бўлади. Беморлар Ўзбекистоннинг ўзида қилиниши мумкин бўлган операциялар учун ҳам хорижга кетишяптими ёки юқорида айтилганидек, маълум бир жарроҳлик амалиётлари юртимизда амалга оширилмаётгани учун дардига чет элдан шифо излаб кетишяптими? Чунки аслида четга чиқиб қилинаётган операцияларнинг кўпини Ўзбекистонда қилса бўлади.

Айниқса, трансплантология соҳаси ривожланишдан ортда қолиб кетди. Ўзбекистонда 30-40 йиллар аввал буйрак кўчириб ўтказишлар жуда ривожланган эди. Кейинчалик юридик томондан тақиқлангани учун ҳам ортга сурилиб кетди. Хайриятки, сўнгги йилларда ушбу амалиёт қайта тикланди.

Муаммонинг сабаби нимада, Ўзбекистонда бу нарсани қилиш учун моддий техника базаси борми-йўқми, агар бўлса, врачлар етишмаяптими, деган саволлар туғилиши табиий.

Менимча, ҳозир юртимиздаги тиббиёт муассасаларининг моддий техника базаси талабга жавоб бермайди. Хорижда фаолият юритаётган ўзбекистонлик шифокорларни олиб келиш керакдир, буни инкор этмайман. Лекин масаланинг бошқа жиҳатлари ҳам бор.

Менда аниқ статистика йўқ, бироқ эшитишимча, айни пайтда 5-10 минг нафар тиббиёт ходимлари чет элда юрибди. Буларнинг ҳаммасини олиб бориб иш билан таъминлаб бўлмайди, бу биринчидан. Иккинчидан, булар чет элда энг камида минг доллар – йўқса ўн минглаб доллар маошга ишлаяпти. Ўртача 3 минг доллар дейлик. Хориждан Ўзбекистонга қайтариб олиб келинадиган тиббиёт ходимларининг ҳар бирига ойига уч минг доллардан маош бериш – ақлга сиғмайдиган нарса. Бу шошма-шошарлик билан қабул қилинган қарорга ўхшаяпти. Бу масалани яхшилаб таҳлил қилиш керак.

Ҳозир чет элда ишлаётган шифокорлар Ўзбекистонга олиб келинди ҳам дейлик. Бироқ уларга хориждагидан ўн баравар кўпроқ ойлик берган тақдирда ҳам Ўзбекистондаги тиббиёт муассасаларининг моддий техника базаси билан улар хорижда қилган ишини қила олмайди. Энг аввало, шуни тўғрилаш керак.

Фикримча, Ўзбекистонда салоҳияти, билими юксак бўлган врачлар кўп. Уларнинг маълум бир қисмигина четга чиқиб ишлаяпти, холос. Кейинги пайтда тиббиёт ходимларига куч ишлатиш, уларни дўппослаш, обрўсизлантириш ҳолатлари кўпайгани сабаб ҳам бу касб эгалари чет элга чиқиб кетишмоқда. Шифокорларни ҳимоя қилувчи қонун қабул қилиш учун ҳаракатлар бошланганига ҳам бир неча йил бўлди. Аммо нимагадир қабул қилинмаяпти.

Зарифбой Ибодуллаев:

– Яқинда тиббиёт ва таълим соҳаси ходимлари Ўзбекистонда коррупцияга энг кўп қўл ураётгани айтилди. Менимча, аввал тиббиётнинг аҳволини яхшилаш, ойликларни кўтариш, ходимлар учун шароитларни яхшилаш лозим. Шундан кейин ҳам коррупция ҳолатлари кўплиги сақланиб қолса, айбдорлар сўзсиз жазоланса адолатдан бўлади. Мен профессор илмий унвонига эга бўла туриб, ойлигим минг доллардан сал ошади. Кези келганда 2016 йилдан маошларимиз анча кўтарилганини айтмоқчиман, бунинг учун миннатдорчилик билдираман. Лекин бошқа мамлакатлар, узоққа бормасдан қўшни Қозоғистон билан солиштирганда бу анча кам ҳисобланади.

Келинг, кичик таҳлил ўтказамиз. Ўзбекистонда яхши врачлар нега кам? Профессор соат 14:00гача ишлайди-да, иш вақти тугагач уйига кетмайди ёки ўз устида ишламайди. Балки аксарият тиббиёт ходимлари каби хусусий клиникаларга бориб, яна 3-4 сўм пул топай дейди. У фан номзоди, доктор бўлди, у янада ривожланиши учун тинмай изланиши керак аслида. Ишдан кейин ассистентлари билан бирга ўтириб ишлаши, соҳасига оид янгиликларни таҳлил қилиши керак.

Агар профессор илмий унвонига эга шифокорлар беш минг доллар, уларнинг ассистентлари уч минг доллар иш ҳақи олишганда эди, улар иш вақти тугаши билан хусусий клиникаларга қараб югуришмасди. Балки профессор ассистенти билан бирга илм қиларди. Ассистент ҳам билимини оширарди ва талабаларга ўргатарди.

– Илҳом ака, нима деб ўйлайсиз, хориждаги ўзбек шифокорларини ортга қайтариш қанчалик тўғри қарор? Бу ҳаракат чиндан ҳам тиббиётимиздаги тизимли муаммоларга ечим бўлиши мумкинми?

Илҳом Мирвалиев, ЛОР шифокори:

– Бугунги кунда ўзим таниган шифокорлардан 50 нафари чет элда. Хорижда ишлаб юрган ўзбекистонлик тиббиёт ходимларини ватанга қайтариш – жуда қийин иш. Чунки қайтиб келиб сарсон бўлиб иш топа олмай юриши мумкин. Масаланинг бошқа тарафи ҳам бор. Бирор хорижий мамлакатда ишлаб юрганлар Ўзбекистонга қайтган тақдирда бу ердаги тартиб ва шароитларга кўникиши қийин бўлади. Чунки у томондаги шароитлар, имкониятлар, умуман, тиббиёт, даволаш иши умуман бошқача.

Илҳом Мирвалиев

Шу сабабли аввал моддий-техник базани яхшилаб қўйиш керак. Келса, шунча ойлик берилсаю, ишлаш учун шароит бўлмаса, бу кутилган натижани бермайди. Бу билан фақат муаммолар кўпаяди. Сенга ойлик берилди, ишламаяпсан, деган гаплар бошланади. Бир ишни амалга оширишдан олдин пойдеворини яратиб қўйиш керак.

– Сиз 13 йил давомида ҳам хорижда ишлаб келдингиз. Оилавий шароит тақозоси туфайли Ўзбекистонга қайтгансиз. Қайтганингиздан сўнг вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси кадрлар бошқармасига бориб учрашибсиз. Шундан сўнг иш топа олдингизми?

Илҳом Мирвалиев:

– Ўзбекистонга декабрь ойида қайтгандим. Пандемия вақти эди, текширувлардан ўтган бўлсак ҳам 15 кунлик карантинда бўлдик. 2021 йилнинг январь ойи бошида Наманган вилояти соғлиқни сақлаш бошқармасининг кадрлар бўлимига бордим. Хориждан қайтиб келганимни, ишламоқчи эканимни айтдим. Узоқ вақт чет элда бўлганим учун малака ошириш муддатим ўтиб кетган. Шу масалани сўрадим. Улар бу масалани ССВдаги тегишли мутасаддилар билан маслаҳатлашиб, жавоб берамиз дейишди. Бунга ҳам анча бўлди. Менга улардан ҳеч қандай хабар бўлмади. Кейин ўзим ҳам бормадим. Хусусий клиникада ишлаш таклифи тушди. Малака ошириш ишлари ҳал бўлса, бориб ишлаш режамизда бор.

– Аброр ака, ўн йилдан бери хорижда ишлаяпсиз Бошқа давлатлардаги ҳамкасбларингиз билан алоқада бўлсангиз керак. Ҳеч бўлмаса сўнгги 3-4 йил мобайнида Вазирлар Маҳкамаси, ССВ ёки бошқа мутасадди идоралардан кимдир сизлар билан боғландими? Ўзбекистон тиббиётини ривожлантириш учун нималар қилиш кераклиги ҳақида маслаҳат, йўл-йўриқ сўрадими? Ҳеч бўлмаса ZOOM орқали хориждаги ўзбек шифокорларининг конференцияси ташкил этилдими?

Аброр Акмалов:

– Булар бўйича мурожаатлар бўлгани йўқ. Сизлар билан октябрь ойида қилган интервьюмиздан кейин бошқа ҳеч ким алоқага чиққани йўқ.

– Айни пайтда хорижда фаолият юритаётган шифокорларни қайтариб, уларга ўша ерда олиб турган маошларини берамиз дейишдан олдин уларнинг фикрини ўрганиш керак эмасмиди? Балки улар қайтмоқчи эмасдир?

– Аввало, қайси соҳадаги шифокорлар етишмаётганини кўриб чиқиш керак. 10 минг врач четда юрган бўлса, уларнинг кўпи оддий врачлар. Ўрнини ҳеч ким босолмайди, қайтмаса бўлмайди дейдиган врачлар кам. 10-20 нафар бўлиши мумкин.

Хориждан шифокорлар қайтарилиши керак бўлса, буни оммавий эълон қилиб ҳам ўтирмасдан ўшаларнинг ўзига чиқиб чақириш мумкин эди. Шифокорлар Ўзбекистонга қайтгач, иш тополмай қолиши мумкинлигини Илҳом ака мисолида ҳам кўриш мумкин.

Хориждан олиб келинадиган шифокорларга хориждагидек иш ҳақи тўлаш учун давлатнинг жуда катта маблағи сарф бўлади. Хорижда ишлаётган тиббиёт ходимлари ҳам бу ердаги шифокорлардан катта фарқ қилмайди. Тўғри тушуниш керак. Уларга хорижда олган ойлиги берилиб, бу ердагиларнинг маоши ўзгартирилмаса, бу Ўзбекистондаги шифокорлар учун, қўпол қилиб айтганда, тарсаки ургандек бўлади. Соҳаси бўйича етук мутахассис бўлган, Ўзбекистонга олиб келмаса бўлмайдиган шифокорларни таклиф қилиб ишлатса арзир, лекин ҳаммасини ватанга қайтариб, уларга хорижда олаётган ойлигини бериш хато бўлади. Бунинг ўрнига маҳаллий мутахассисларга хориждагидек шароит яратиш, агар улар эплай олмаса, шундан сўнг бошқа вариантларни ўйлаб кўрса бўлади.

Бир шогирдимиз бундан 3-4 йил олдин мен билан алоқага чиқди. Магистратурани Кореяда ўқияпман, республика тиббий марказларидан бирида анестезиолог бўлиб ишлардим, раҳбариятимга чет элга чиқиб ўқиб келаман деганимда агар шундай қилсанг, қайтиб келганингда сени ишга олмаймиз дейишган. Шунақа бўлса ҳам 3 йил магистратурада ўқиди, ўқишнинг барча харажатларини ўзи тўлади. Ўзбекистонга қайтганидан сўнг 1-2 йил иш топа олмай юрди. Ҳеч қаерга ишга олишмади. У ҳозир Саудияга келиб ишлаяпти.

Энди ўша бир пайтлар ойлик берилмаган одамни олиб бориб, бу ердаги ойлиги берилиши айтиляпти. Бу гаплар қандайдир мантиққа, реалликка тўғри келмаяпти. Шунинг учун аввал бу масаланинг барча жиҳатларини кўриб чиқиш керак, таҳлил қилиш керак. Масалан, хориждан олиб келинадиган фуқароларга ўша жойдаги иш ҳақи қайси манба ҳисобидан берилади? Ёки бунинг учун махсус жамғарма ташкил этиладими? Одатда, фойдали ғоя ва дастурларга ҳам қийналиб пул ажратадиган, кўп ҳолларда пул йўқ деб турадиган Молия вазирлиги бу ташаббусга рози бўлганми? Эртага шифокорлар яхши иш жойини ташлаб келсаю, сансалорлик ва алдов қурбони бўлмайдими? Хуллас, саволлар жуда кўп.

– Айни пайтда хорижда фаолият юритаётган шифокорларни қайтариб, уларга ўша ерда олиб турган миқдордаги маошларини берилиши ватанда ҳамма муаммоларга сабр қилиб ишлаб келаётган шифокорларимизнинг хорижга оммавий бош олиб чиқиб кетиши билан боғлиқ янги тўлқинни юзага келтирмайдими?

Зарифбой Ибодуллаев:

– Биринчидан, бизда ҳисобот бериш ўзига хос анъанага айланди. Одатда президент яхши таклифларни беради. Ўзлари ҳам видеоселектор йиғилишларининг бирида қанча топшириқлар бажарилмай қолаётганини айтиб ўтдилар. Бугун бир топшириқ берилса, эртаси куни ҳамма масъуллар ОАВга чиқиб ундай қиламиз, бундай қиламиз деб гапиради. Минг афсуски, шу билан барчаси унут бўлади, кўп нарса қоғозда қолиб кетади, топшириқлар ижроси қоғозда бажарилади.

Мутасаддилар ёшлар чет элга малака оширишга ёки ўқитишга юборилса у ерда қолиб кетади деб менга кўп марта айтишган. Аммо бунинг механизмини қилса бўлади-ку? Хорижлик олимлар келади-кетади, улардан оладиган фойдамиз кам бўлади. Ўзимизнинг олимларни чет элга юбориб, хорижлик мутахассисларга берадиган ойликка ўқитиб олсак, улар ватанга қайтиб келишади. Тиббиётимизга бунинг фойдаси кўпроқ бўлади.

Яна айтаман, хориждан шифокорларни олиб келаман дейишдан олдин ўзимизнинг врачлар ўқиши учун шароит яратинглар. Кафедрага келинглар, биттаям лаборатория йўқ. Аппаратура йўқ. Қанақа ўқитиш мумкин? Ўзбек талабаларига ўзбек институтларида хориж шароитини яратиб беринг. Беш йилдан кейин биз сизларга натижа берамиз.

– Ўзбекистонда оддий шифокорларнинг ўртача иш ҳақи 2-3 млн сўм атрофида. 0,25 ставка асосида 800 минг сўмга ишлаётганлар ҳам бор. Тўғри, илмий унвони бор бўлса, 5-6 млн сўм атрофида ойлик олиши мумкин. Бироқ хориждаги тиббиёт мутахассисларига тўланаётган иш ҳақлари билан солиштирганда бу жуда кам. Мана шу шароитда ишлаётган шифокорлардан касбига садоқат кутиш қанчалик тўғри бўлади?

Зарифбой Ибодуллаев:

– Тиббиёт ходими, врач доими ўз устида ишлаши, изланиши, мутахассислиги бўйича энг янги китобларни сотиб олиб ўқиб бориши керак. Ҳозир яхши китоблар камида 200-300 минг сўм. Ойлиги ҳозирги аҳволда бўлса, бундай қиммат китобларни қандай сотиб олади? Бугун тиббиёт кундан-кунга ривожланиб бормоқда, ҳар куни бир янгилик бор. Уларни ўзлаштириб бормаса, у нормал шифокор бўла олмайди.

Бугунги кунда баъзи шифокорларимиз топаётган пули оиласининг эҳтиёжларини қондиришга етмаётгани учун бир неча жойда ишлашмоқда. Ишдан кейин навбатчиликларда туришади. Эс-у дарди фақат пул топиш, рўзғор тебратиш, боласини ўқитиш бўлиб қолган. У қачон ўз устида ишлашга, билимини бойитишга вақт топади? Қачон тиббиётга оид янги адабиётларни ўқиб чиқишга вақт топади? Қачон соҳасига оид энг сўнгги китобларни биринчилар қаторида қийналмай сотиб оладиган бўлади? Мана шу саволларга жавоб топилгандан кейин қолган масалаларга ўтса бўлади, назаримда.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Тайёрлаган:  Жамшид Ниёзов

Мавзуга оид