Молия | 20:42 / 16.09.2025
8765
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда исломий банклар учун лицензиялаш жорий этилади

Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия жорий этилади. Мазкур лицензия билан тўлақонли исломий банк сифатида фаолият кўрсатиш ёки мавжуд анъанавий банкларда исломий дарча яратиш мумкин бўлади. Шунингдек, исломий фаолиятни амалга оширувчи банкларга тўғридан тўғри савдо фаолияти билан шуғулланишга рухсат бериш таклиф этиляпти.

Фото: Getty images

16 сентябр кунги Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Ўзбекистонда ислом банкини жорий этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Марказий банк раиси ўринбосари Аброрхўжа Турдалиевнинг таъкидлашича, исломий молияда савдо ва ҳамкорликни молиялаштириш асосий усуллар ҳисобланади. Бироқ, «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 7-моддасига мувофиқ, банкларга тўғридан тўғри савдо фаолияти билан шуғулланиш, юридик шахслар ташкил этиш ёки уларнинг устав капиталида иштирок этиш тақиқланади, бу эса чекловларни келтириб чиқаради. Бундан ташқари, Солиқ кодексига мувофиқ, товарларни реализация қилиш бўйича айланма ҚҚС солиш объекти сифатида эътироф этилади. Бу эса, савдо орқали амалга ошириладиган исломий молиявий хизматларнинг анъанавий молиявий хизматларга нисбатан қимматроқ бўлишига олиб келади.

Турдалиевнинг маълум қилишича, исломий банкни тўлиқ жорий этиш нафақат қонунчиликдаги чекловларни олиб ташлашга, балки институционал асосларни яратишга қаратилган комплекс ёндашувни талаб қилади. Шу жиҳатдан Солиқ ва Фуқаролик кодексларига, шунингдек, 8 та қонунга халқаро тажрибадан келиб чиқиб ўзгартиришлар киритиш талаб этиляпти.

Лойиҳага кўра, Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия жорий этилади. Мазкур лицензия билан тўлақонли исломий банк сифатида фаолият кўрсатиш ёки мавжуд анъанавий банкларда исломий дарча яратиш мумкин бўлади.

Шунингдек, асосий исломий молиявий операциялар: муробаҳа, мудораба, мушорака, вакала, салам аниқланади. Исломий фаолиятни амалга оширувчи банкларга тўғридан тўғри савдо фаолияти билан шуғулланишга, юридик шахслар ташкил этишга ва компанияларнинг устав капиталидаги улушларни чекловларсиз сотиб олишга рухсат бериш таклиф этиляпти.

Марказий банкда ва банкларда исломий молия кенгаши ташкил этилиши, уларнинг вазифа ва функциялари белгиланади. Шунингдек, қонун лойиҳаси билан Ўзбекистонда исломий молия операциялари учун махсус солиқ режими жорий этилиши кўзда тутилган.

«Бу аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига исломий молиявий хизматлар кўрсатувчи исломий банклар, исломий „дарчалар“ ва исломий микромолиявий ташкилотларни ташкил этиш имконини беради. Натижада муқобил молиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди, шунингдек, бизнесни молиявий қўллаб-қувватлашнинг янги воситалари жорий этилади», деди Турдалиев.

Депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллади.

БМТ Тараққиёт дастури сўровномасига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 68 фоизи, бизнес вакилларининг эса 60 фоизи диний эътиқоди сабаб анъанавий банк хизматидан фойдаланишни хоҳламайди.

Эслатиб ўтамиз, бундан уч йил олдин, ўндан ортиқ банкларда ислом дарчаларини йўлга қўйиш устида ишлар бошлангани хабар қилинганди. Тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровларда ҳам уларнинг 38 фоизи ислом молияси асосида ресурс олиш истагини билдирган.

Ўзбекистонда ислом молиясининг кенг кўламда жорий этилиши 5 млрд долларлик қўшимча ресурс пайдо бўлишига ва мамлакатдаги рақобат муҳитига анча ижобий таъсир қилиши мумкинлигини давлат раҳбари ҳам айтиб ўтганди.

2024 йилнинг май ойида Марказий банк раиси ўринбосари Беҳзод Ҳамроев ислом молияси тўғрисидаги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилгани, лойиҳа йил охиригача парламентга киритилишини маълум қилганди

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид