Ўзбекистон | 22:30 / 23.10.2025
4444
5 дақиқада ўқилади

Тартибга олинадиган чегирмалар, “шаффоф” Ҳаж навбати ва “форма”даги фирибгарлар – маҳаллий дайжест

Кун давомида Kun.uz ёритган муҳим маҳаллий янгиликлар билан таништирамиз.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Чакана савдодаги акция ва чегирмалар ҳаққоний бўлиши керак – ҳукумат қарори

Вазирлар Маҳкамаси қарори билан чакана савдода акция ва чегирмаларни қўллаш тартиби белгиланди ва қоидаларни бузганлик учун жавобгарлик киритилди. Бундан мақсад – чакана савдодаги нархлаш ва реклама амалиётини истеъмолчи манфаатига мослаштириш, дея хабар берди Рақобат қўмитаси.

Қарорга кўра, акциялар эълон қилиш ва чегирма беришда истеъмолчини чалғитиши мумкин бўлган усуллар чекланади. Жумладан:

  • чегирма эълон қилинганда кўрсатиладиган “аввалги нарх” сўнгги 30 кун ичидаги энг паст нарх бўлиши шарт (қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бу қоида татбиқ этилмайди);
  • нархномада акциядаги нархни одатдаги нархдан каттароқ шрифтда ёзиб визуал устун қўйиш орқали истеъмолчини адаштиришга йўл қўйилмайди;
  • нархни сунъий кўтариб, кейин “чегирма” сифатида тушириш орқали рақобатдошликни сохталаштириш қатъиян тақиқланади;
  • акция/чегирма ҳақидаги маълумотлар солиқ органларига 10 кун олдин тақдим этилиши лозим.

Сотувчи чегирма эълон қилишдан олдин товар ва нархлар ҳисобини юритиб, сўнгги 30 кунда амалда бўлган нархларни қайд этиши ва зарурат туғилганда истеъмолчига тақдим қилиши шарт.

Шунингдек, сотувчи акция ўтказиш шартлари, амал қилиш муддати, сотиб олиш тартиби, акцияга қўйиладиган товарлар номи (туркуми), нархи, имтиёзлар ҳамда бошқа муҳим маълумотларни аниқ ва тушунарли шаклда эълон қилиши керак.

Акция давомида қўйилган товарлар етарли захира билан таъминланиши шарт. Агар чегирма учун шахсий маълумот талаб этилса, уларни қайта ишлаш амалдаги қонунчиликка мувофиқ амалга оширилиши ва истеъмолчига мақсад ҳамда шартлар ҳақида ахборот берилиши лозим.

Қоидаларни бузган тақдирда, белгиланган тартибда жавобгарлик чоралари қўлланади.

Ўзбекистон фуқаролари энди Ҳаж ва Умрага онлайн рўйхатдан ўтиши мумкин

“Ҳаж ва Умранинг ягона портали” сервиси ишга туширилди. У орқали ташкилотларга шахсан бориш ва қоғоз ҳужжатлар расмийлаштиришсиз ариза топшириш мумкин.

Дин ишлари бўйича қўмита хабарига кўра, электрон навбатга рўйхатдан ўтиш икки усулда амалга оширилади — Ягона интерактив давлат хизматлари портали www.my.gov.uz ва www.haj-umra.gov.uz сайти орқали.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги “махсус кийимдаги” фирибгарлардан огоҳ бўлишга чақирмоқда

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўзларини давлат ёнғин назорати органи, ФВВ ходими сифатида таништириб, одамлардан пул йиғаётган махсус кийим кийган шахсларнинг вазирликка ҳеч қандай алоқаси йўқлигини, шу билан бирга ёнғинларнинг олдини олиш билан боғлиқ тадбирлар учун соҳа ходимлари томонидан умуман пул ундирилмаслигини маълум қилди.

Вазирликка кўра, махсус кийимли шундай шахслар хонадонга келса, улардан биринчи навбатда шахсини тасдиқловчи гувоҳномасини тақдим қилишни сўраш керак. Уни ФВВ ходимларининг намунавий гувоҳномаси билан солиштириб кўриш керак (монтажда кўрсатилади). Уларнинг фаолият тури ҳамда қандай хизматлар кўрсатиши ва ишларни бажаришларига аниқлик киритувчи саволлар бериш керак.

Вазирлик бундай шахслар фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш юзасидан бирор ишни бажармасдан, мажбурий тартибда тўлов талаб қилган ҳолатларда 95 772-10-50 ишонч телефон рақамига мурожаат йўллашни тавсия қилмоқда.

Газ тармоқларига “газ насоси” ўрнатиш тақиқланади: хатарлар ҳақида огоҳлантириш берилди

Ижтимоий тармоқларда табиий газ босимини сунъий ошириш мақсадида «газ насоси» қурилмаларини ўрнатиш тарғиб этилмоқда. Ҳукумат қарори билан бундай қурилмаларни газ тармоқларига улаш қатъиян тақиқланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 319-сонли қарори (129-банд) талабларига мувофиқ, газ қувурлари, газ тақсимлаш шохобчалари ва газ тақсимлаш тармоқларининг технологик иш режимига халал берувчи қурилмалар — жумладан, «газ насос»ларини ўрнатишга рухсат йўқ.

Мутахассислар бундай қурилмалардан фойдаланиш ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиши, портлаш ва бошқа бахтсиз ҳодисаларга олиб келиши эҳтимолини қайд этмоқда.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид