Ўзбекистон | 23:55 / 26.05.2020
28654
8 дақиқада ўқилади

«Ўзбекнефтгаз» бензин импортига акциз ставкасини 4 бараварга оширишни таклиф қилди. Компания раиси ўринбосари бунга изоҳ берди

​​​​​​​Kun.uz онлайн интервьюларининг навбатдагисида «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси ўринбосари Улуғбек Ашуров сўнгги вақтларда кўп муҳокамаларга сабаб бўлаётган бир нечта масалага муносабат билдирди.

Ижтимоий тармоқларда «Ўзбекнефтгаз» АИ-80, АИ-91 ва АИ-92 маркали импорт бензинга акцизни 5 фоиздан 20 фоизга оширишни таклиф қилган ҳужжат сурати тарқалди.

Жамият бошқаруви раиси ўринбосари Улуғбек Ашуров томони Энергетика вазирлигига юборилган мактубда импорт қилинаётган тайёр нефть маҳсулотларининг алоҳида турларига акциз солиғини қайта кўриб чиқиш «мақсадга мувофиқ» экани айтилади.

Бу чора «импорт харажатларини камайтириш йўли орқали республика истеъмолчиларини мақбул нархлардаги нефть маҳсулотлари билан таъминлаш» ва «республика ҳудудида нефть маҳсулотлари ишлаб чиқаришни жадаллаштириш» важлари билан изоҳланган.

Улуғбек Ашуров Kun.uz мухбири билан суҳбатда ушбу ҳужжат ҳақиқийлигини тасдиқлади.

«Ҳужжат ҳақиқий. «Ўзбекнефтгаз» АЖ томонидан 7 май куни Энергетика вазирлигига таклифлар берилган. Ушбу таклифлар биринчи навбатда ҳозирги кундаги бозорнинг аҳволидан келиб чиқиб тайёрланган.

Бутун дунёда пандемия авж олиши барча соҳаларга, жумладан, нефть бозорларига, нефть маҳсулотлари савдосига ўзининг таъсирини кўрсатмоқда.

Шуни очиқ-ойдин айтишимиз керак, ҳозирги шароитда давлатлар томонидан ўзларининг ишлаб чиқарувчиларини ҳимоялаш мақсадида импорт қилинадиган маҳсулотларга жудаям кўплаб чекловлар киритилмоқда.

Масалан, Россия Федерацияси дунё миқёсида энг кўп нефть қазиб оладиган давлат бўлишига қарамасдан, ички бозорни ҳимоялаш мақсадида тайёр нефть маҳсулотлари импортини чеклаш бўйича қарорлар қабул қилган. Ушбу қарорлар вақтинчалик характерга эга.

Биз ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг мавжуд қувватларини максимал даражада ишлатиш мақсадида нефть маҳсулотлари хомашёсини олиб кириш учун жорий этилган акциз солиғини бекор қилишни таклиф қилганмиз. Бу орқали хориждан нефть маҳсулотларини хомашё кўринишида олиб келиб, тайёр маҳсулотни Ўзбекистоннинг ўзида ишлаб чиқаришни рағбатлантириш кўзда тутилган», – деди «Ўзбекнефтгаз» бошқаруви раиси ўринбосари.

Фото: Ўзбекнефтгаз

– Ҳужжат мазмунига кўра, «Ўзбекнефтгаз» Ўзбекистонга импорт орқали олиб келинадиган АИ-80, АИ-91 ва АИ-92 маркали бензин учун акциз солиғини 5 фоиздан 20 фоизга оширишни таклиф қилмоқда. Нима учун бундай қарорга келинмоқда?

– Чиндан ҳам тайёр нефть маҳсулотларининг импорти учун белгиланган акциз солиғини ошириш бўйича ҳам таклиф берганмиз. Ушбу таклиф бутун дунёда мавжуд бўлган ҳолатдан келиб чиқиб тайёрланган.

Сўзимнинг бошида айтганимдай, ҳозирги кунда кўплаб давлатлар ўзининг ички бозорини, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларини ҳимоя қилиш учун айрим чораларни қабул қилишмоқда. Юқорида Россияда бу борада кўрилаётган чоралар ҳақида айтиб ўтдим. Худди шундай қўшни давлат – Қозоғистонда ҳам 2020 йил 1 апрелдан тайёр нефть маҳсулотлари импортига чеклов қўйилган.

Россия ва Қозоғистон нега бу чекловларни жорий этмоқда? Бу биринчи навбатда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилишга қаратилган.

Масаланинг иккинчи томони ҳам бор, унга кўра экспортни қўллаб-қувватлаш учун ушбу чоралар қабул қилинмоқда. Жумладан, Россияда автобензин ва дизель ёқилғиси учун белгиланган экспорт божини 15,6 доллардан 2 долларга туширмоқда. Қозоғистонда шу пайтгача четдан олиб келинадиган ҳар бир тонна нефть [хомашёси] учун 40 доллар бож тўланган бўлса, май ойидан ушбу бож тўлови бекор қилинди.

Биз ҳам ўз навбатида ўзимизнинг ишлаб чиқарувчиларимизни ҳимоя қилиш мақсадида таклиф сифатида ижтимоий тармоқларда тарқаб кетган хатни чиқарган эдик. Бу – ўз номи билан таклиф. Бу бўйича якуний қарор Энергетика вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа юқори турувчи органлар томонидан қабул қилинади.

Бу бўйича бир тўхтамга келишдан олдин масала атрофлича ўрганилади, ҳамма ўз фикрини билдиради, бу жараёнда «Ўзбекнефтгаз» АЖ тақдим этган таклифлар инобатга олиниши ҳам, олинмаслиги ҳам мумкин. Биз ишлаб чиқарувчиларнинг манфаатларини кўзлаб, қолаверса, айни пайтдаги бозор конъюктурасидан келиб чиққан ҳолда ушбу таклифларни тайёрлаганмиз.

Пандемия даврида нефть маҳсулотларининг истеъмоли кескин камайиб кетди. Жумладан, Ўзбекистонда ҳам. Масалан, республикамизда пандемиягача бир суткада ўртача 2,5 минг тонна автобензин ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирги кунда бу кўрсаткич минг тоннага тушиб қолди.

Худди шундай дизель ёқилғисининг истеъмоли ҳам икки-уч баробар тушиб кетди. Бу ўз навбатида бозорга ҳам таъсирини ўтказмоқда.

– Импорт қилинадиган бензин маҳсулотлари учун солиқ ставкаларининг оширилишидан Ўзбекистондаги истеъмолчилар нимани ютишади? Аҳолига бундан қандай фойда бор?

– Жудаям тўғри савол. Бунга икки томондан қараш керак. Юқорида айтганимдай, биз биринчи навбатда нефть маҳсулотлари хомашёси учун акциз солиғини бекор қилишни таклиф қилганмиз. Бу ўз навбатида Ўзбекистонда ишлаб чиқариладиган бензин ва тайёр нефть маҳсулотлари таннархининг тушишига олиб келади.

Иккинчи томонидан айтиш керак, ишлаб чиқариш ҳажми қанча кўп бўлса, шунча таннарх камайишига олиб келади. Бу сўзларимизни эшитганлар нима учун монопол ташкилот томонидан бу таклифлар бериляпти, дея сўраши мумкин. Шу ўринда айтиб ўтишим керак, «Ўзбекнефтгаз» АЖ бу бозорда монопол эмас. Президентимизнинг 4664-сонли қарорлари қабул қилингандан кейин ҳозирги кунда тайёр нефть маҳсулотларининг барчаси биржа савдолари орқали реализация қилинмоқда.

Биз биринчи навбатда бозорда рақобат бўлишининг тарафдоримиз. Шунинг ҳисобига 4500 сўмлик бензин ҳозирги кунда 4000 сўмга тушди. Бу «Ўзбекнефтгаз» АЖ нархни белгилаб бергани учунмас, бозор механизмлари ишлаётгани учун.

Яқинда ўзим Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятларида борганимда кўрдимки, «Ўзбекнефтгаз» АЖ тасарруфидаги АЁҚШда АИ-80 маркали бензин учун 4000 сўм нарх белгиланган бўлса, кўплаб хусусий «заправка»ларда ушбу маркадаги бензин 3700-3800 сўмдан сотилмоқда.

Бу – соҳада бозор механизмлари ишлаётганининг тасдиғидир. Нафақат бензин, балки дизель ёқилғиси бўйича ҳам шу масалалар кўрилмоқда.

Кейинчалик ҳам таннархни пасайтириш, бозорда ўз ўрнимизни йўқотмаслик учун максимал даражада сифатли ва арзон нефть маҳсулотларини етказиб бериш бўйича ўзимизнинг стратегиямиз бор. Ҳозирги кунда тизимимиздаги нефтгаз корхоналари томонидан нафақат АИ-80 маркали бензин, балки АИ-92 ва АИ-95 маркали бензинларни ишлаб чиқариш ҳам йўлга қўйилди. Бу орқали юқори сифатли бензин бозорида ҳам ўз ўрнимизни топиш ниятидамиз.

– Пандемия кузатилмаганда бу таклиф юзага келармиди ёки йўқ?

– Пандемия даврида бутун дунёда «перепроизводства» мавжуд, шунинг учун бошқа йирик компаниялар захирасида мавжуд бўлган тайёр маҳсулотларини арзон нархда чиқаряпти. Бошқа давлатлар томонидан экспорт жуда қўллаб-қувватланяпти. Мавжуд экспорт божлари бир неча бараварга камайтирилган. Нафақат камайтирилган, айримлари бекор ҳам қилинган. Бу бозордаги кучли рақобатни кўрсатади.

Бошқа давлатлар ўз ишлаб чиқарувчиларига катта ёрдам беряпти. Пандемия бўлмаганида бундай таклиф биздан чиқмасди.

Улуғбек Ашуров бошқа қатор масалалардаги саволларга ҳам жавоб бериб ўтди. Тўлиқ суҳбатни Kun.uz`нинг YouTube`даги каналида томоша қилинг.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.

Мавзуга оид