Оҳайолик 7 ёшли бола қорни очлигидан ўйинчоғини сотмоқчи бўлди
Оҳайода 7 ёшли бола егуликка пул топиш мақсадида ўзининг ўйинчоғини сотмоқчи бўлди. Бу ҳақида CNN хабар берди.
"Полиция маҳкамасига номаълум киши келиб, қўлида кучук (ўйинчоқ) кўтариб олган боланинг ёлғиз юргани ҳақида маълум қилди", - деди Франклин полицияси ходими Стив Дунҳам.
Офицерлар айтилган жойга келишганида Дунҳам дорихона ёнида турган болани кўриб қолди ва у билан гаплашиш учун машинадан тушди.
"Мен қандайдир кўнгилсизлик юз берди деб ўйладим", - деди у. "У эса қорни жуда очлигини ва шу боис егулик учун пул топишга ҳаракат қилаётганини айтди".
Полиция бошлиғи Русс Уитмен бола бир неча кун давомида туз тотмаганини айтди.
Дунҳан болани олиб, ресторанга борди ва у билан бирга овқатланди. Қолган хавфсизлик ходимлари эса унинг уйига йўл олишди.
Бола яшайдиган уйга етиб келган полиция ходимлари уйнинг "бир аҳволда" эканлигини ва у ерда бошқа болалар ҳам борлигига гувоҳ бўлишди. Уйнинг ичида чиқинди ва спиртли ичимликлар бутилкалари ёйилиб ётганлиги етмагандек, ҳамма ердан мушук ахлатининг ҳиди келарди.
Бу уйда кўчада топилган боладан ташқари яна 11, 12, 15 ва 17 ёшдаги бошқа болалар ҳам яшаши маълум бўлган. Лейтенант Брайан Пасификонинг сўзларига кўра, болаларнинг ота-онаси ўз айбларини тан олишмаган.
Васийлик органи вакиллари болани олиб кетиши учун оиланинг бошқа бир аъзоси билан боғланишди.
Франклин полициясининг маълум қилишича, боланинг ота-онаси ҳибсга олинмади, аммо болалар ҳозирча қариндошлар қарамоғида бўлади.
Уитменнинг сўзларига кўра, бу оилага молиявий ёрдам бериш учун Франклиндаги Муқаддас Мария черковида пул йиғилади.
Франклин Оҳайо штатининг жануби-ғарбида жойлашган.
Мавзуга оид
11:33 / 23.11.2024
Ижтимоий ҳимояга муҳтож болаларни жойлаштиришнинг муқобил шакллари жорий этилмоқда
10:53 / 16.11.2024
Ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолган болалар ота-онасидан олиб қўйилиши мумкин
13:05 / 09.11.2024
Россияда полиция «анъанавий қадриятлар»ни мустаҳкамлашни бошлайди
08:10 / 26.10.2024