Жаҳон | 10:14 / 19.09.2016
7614
2 дақиқада ўқилади

WSJ: НАТО келаси йили Болтиқ мамлакатларига ҳарбийларини жойлаштиради

Фото: EPA

НАТО 2017 йил май ойида Болтиқбўйи мамлакатлари ва Польшада ўзининг янги батальонларини жойлаштиришни режалаштирмоқда. Айрим ҳарбий бўлинмалар белгиланган базаларга 4 минг аскардан иборат асосий гуруҳлардан аввалроқ келишади. Бу ҳақда The Wall Street Journal газетаси ўзининг электрон сонида ёзган.

НАТО ҳарбий қўмитаси раиси, чех генерали Петр Павелнинг сўзларига кўра, ҳарбий бўлинмалар келаси йилнинг биринчи ярмида келишни бошлайди. Польшада эса, мингга яқин ҳарбийлар апрель ойидаёқ жойлаштирилади. 

"Мазкур тўртта жанговар гуруҳлар ҳақида сўз юритадиган бўлсак, биз уларнинг нафақат машғулотлар ўтказиш мақсадида бўлишини назарда тутамиз, - деган генерал Павел. – Бу кучлар фақат ушлаб туриш эмас, зарурат пайдо бўлганда ҳужум қилиш воситалари ҳам бўлади".

Эслатиб ўтамиз, НАТОнинг июль ойида Варшавада бўлиб ўтган саммитида альянснинг шарқий чегараларини мустаҳкамлаш учун Литва, Латвия, Эстония ва Польшада халқаро ҳарбий батальонни жойлаштиришга қарор қилинган эди. Хусусан, Латвияга Канада, Литвага ГФР, Эстонияга Буюк Британия ҳарбий қисмларини олиб кириши белгиланган. АҚШ Польшага батальонини жойлаштиради. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид