Ўзбекистон | 14:48 / 03.11.2016
28505
10 дақиқада ўқилади

Давлат мулозимларига фуқароларни ҳар куни қабул қилиш мажбурияти юкланди

Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органларида фаолият юритувчи раҳбар ходимларига мамлакат фуқароларининг мурожаатлари ва муаммолари устида жиддий шуғулланиш вазифаси юклатилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, мурожаатлар билан ишлашнинг натижадорлигини ошириш мақсадида 2016 йил 27 октябрида 366-сонли қарори қабул қилди

Унда ёзилишича, фуқаролар ва ташкилотларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича давлат органларининг масъулиятини ошириш мақсадида 2014 йил декабрь ойида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Қонуннинг мақсади ва моҳияти, унинг ижросини амалга ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. 

Вазирлар Маҳкамаси томонидан ушбу Қонун ижросининг қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлардаги аҳволи мақсадли ўрганилди. Хусусан, 2016 йил учун тасдиқланган иш режа асосида «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси ва уларнинг тизимидаги ташкилотларда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда қатор шаҳар ва туманлар ҳокимликларида мақсадли ўрганишлар амалга оширилди.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларда мурожаатлар билан ишлаш масаласи танқидий муҳокама этиб борилган, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинган, уларнинг мурожаатлари кўриб чиқилган ва ҳақли талаблари қаноатлантирилган ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўрилган.

Шу билан бирга, таҳлиллар натижаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида жиддий камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

2016 йилнинг 9 ойида республикадаги барча давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларга жисмоний ва юридик шахслардан жами 338,2 мингта мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,1 фоизга кўпайган. Шу жумладан, Вазирлар Маҳкамасида мурожаатлар сони — 16,3 мингтани, вилоят ҳокимликларида — 50,0 мингтани, шаҳар ва туманлар ҳокимликларида — 200,8 мингтани ҳамда вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқарув органларида — 71,2 мингтани ташкил этган, дейилади қарорнинг кириш қисмида. 

Ҳудудлар кесими бўйича жисмоний ва юридик шахслардан энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳар (14,8 мингта ёки 29,9%), Тошкент (5,9 мингта ёки 12,0%), Самарқанд (4,1 мингта ёки 8,3%), Андижон (3,5 мингта ёки 7,2%), Наманган (3,3 мингта ёки 6,8%), Қашқадарё (2,8 мингта ёки 5,7%) ва Сурхондарё (2,7 мингта ёки 5,6%) вилоятлари ҳокимликларига тушган.

Вазирлик, идоралар ва хўжалик бошқаруви органларига келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисми Адлия (10,0 мингта), Меҳнат (4,4 мингта), Молия (3,8 мингта), Халқ таълими (2,1 мингта) вазирликларига, Давлат солиқ (6,2 мингта), Давлат рақобат (3,7 мингта) қўмиталарига, «Ўзтрансгаз» (4,3 мингта), «Ўзавтосаноат» (3,1 мингта) компанияларига тўғри келган.

Жисмоний ва юридик шахсларнинг аксарият мурожаатларида маҳаллий ҳокимликлар, вазирликлар ва идораларнинг бевосита ваколатларига дахлдор бўлган масалалар кўтарилган бўлиб, уларнинг тизимида йўл қўйилаётган айрим муаммо ва камчиликлар, мурожаатларни ўз вақтида қонуний кўриб чиқилмаганлиги тўғрисида важлари кўрсатилган.

Вилоятлар ҳокимликларига банк — кредит масалалари бўйича мурожаатлар (2,4 бараварга), маҳалла (58,7 фоиз), ички ишлар (48,5 фоиз), нафақа (48,0 фоиз), агросаноат инфратузилмаси (46,2 фоиз), тадбиркорликни ривожлантириш (34,6 фоиз), давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ишлари (32,8 фоиз), халқ таълими (26,0 фоиз), иш, иш ҳақи (21,3 фоиз), соғлиқни сақлаш (16,6 фоиз), маданият ишлари, оила (ҳар бири 16,0 фоиз), олий ва ўрта махсус таълим (10,0 фоиз), қурилиш (9,0 фоиз), уй-жой ва ер олиш (7,0 фоиз), ёқилғи-энергетика (6,4 фоиз) ошган.

Маҳаллий ҳокимликлар, вазирликлар ва идораларда мурожаатларни кўриб чиқишнинг аҳволини ўрганиш натижалари, ҳақиқатан ҳам жойларда жиддий муаммолар мавжудлигини, уларнинг ечимлари ўз вақтида топилмаганлигини, мурожаатларни кўриб чиқишдек долзарб масалага раҳбарлар томонидан панжа орасидан қаралаётганлиги ҳамда масъулиятсизлик ва сансалорлик ҳолатларига йўл қўйилганлигини кўрсатди.

2016 йил 24 сентябрдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига республиканинг барча ҳудудларидан жами 77,1 мингта мурожаат келиб тушган. Жумладан, ишонч телефони орқали 34,9 мингта, веб-сайт — 40,3 мингта ва ЎзЛиДеп — 1,9 мингта мурожаат қабул қилиниб, ижрога юборилган.

Жами мурожаатлардан 20,9 мингтаси вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимлик органлари томонидан кўриб чиқиш жараёнида, 33,0 мингтаси ижрога юборилган, 23,2 мингтаси ҳал этилган.

Қисқа муддатда электрон қабулхонага кўп сонли мурожаатларнинг келиб тушиши жойлардаги, айниқса шаҳар ва туман миқёсидаги мутасадди раҳбарлар халқнинг таклиф ва муаммолари билан қизиқмаслигини, аксарият ҳолларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига эътиборсиз эканлигини кўрсатди.

Ҳудудлар кесимида энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри (27,0 мингта), Тошкент (10,0 мингта ), Фарғона (5,8 мингта), Қашқадарё (5,3 мингта) ва Андижон вилоятлари (4,2 мингта) фуқароларидан келиб тушган.

Жами келиб тушаётган мурожаатларни, уларда кўтарилган масалалар бўйича таҳлил қилинган, энг кўп Ички ишлар (8,6 мингта), Меҳнат (2,7 мингта), Соғлиқни сақлаш (1,2 мингта), Олий ва ўрта махсус таълим вазирликлари (626 та), Марказий банк ва тижорат банклари (3,4 мингта), Суд департаменти (2,0 мингта), Пенсия жамғармаси (1,6 мингта), «Ўзтрансгаз» акциядорлик компанияси (2,2 мингта), «Ўзавтосаноат» акциядорлик компанияси (692 та) ва «Ўзбекэнерго» акциядорлик жамиятига (967 та) келиб тушганлиги аниқланди.

Хусусан, уй-жой ва ер масаласи тўғрисидаги мурожаатлар (ипотека кредити, таъмирлаш, олди-сотди, ички йўлларни таъмирлаш масалалари) — 10,8 мингта, меҳнат ва бандлик масалалари — 4,5 мингта, табиий газ, электр энергияси, ичимлик ва иссиқ сув масалалари — 4,6 мингта, таълим соҳасидаги масалалар — 2,6 мингта, фуқаролик паспорти масалалари — 1,5 мингта, соғлиқни сақлаш соҳаси масалалари — 1,4 мингта, суд жараёни, ҳуқуқ-тартибот ходимлари хатти-ҳаракатлари масаласи бўйича — 5,4 мингтани ташкил этади.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг сўзсиз бажарилишини таъминлаш мақсадида қарор қабул қилган. 

Унга мувофиқ,

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари аҳоли ва тадбиркорлар учун кунлик соат 8 дан 11 гача шахсий қабулларни ташкил қилиш чораларини кўриш; 

жойларда аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ишлашни тубдан қайта кўриб чиқиш, уларнинг муаммолари ва эътирозларини жойида ҳал этиш, аҳоли билан ишлаш маданиятини ошириш;

аҳоли ва тадбиркорлар томонидан мурожаатларни Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасигача олиб чиқмаслик мақсадида ўзларининг веб-сайтлари ва ишонч телефонлари орқали мурожаат қилиш тизимини тубдан яхшилаш;

фуқаролар томонидан давлат хизматларидан фойдаланишни осонлаштириш мақсадида мурожаатлар статистикасининг таҳлили асосида тегишли давлат хизматларини интерактив кўринишга ўтказиш бўйича таклифларни ишлаб чиқиб, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига киритиш вазифалари юклатилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Либерал-демократик партияси билан биргаликда жойларда халқ қабулхоналарини ташкил этиш мақсадида шаҳар ва туманлар марказларида намунали кўриниш ҳамда аҳоли келишига қулай бўлган биноларни ажратиб, уларда барча шароитлар яратилишини таъминлаш белгиланган. 

Шу билан бирга, қарорга мувофиқ, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат, Олий ва ўрта махсус таълим, Адлия вазирликлари, Марказий банк ва тижорат банклари, «Ўзтрансгаз» АК, «Ўзбекэнерго» АЖ, Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ҳамда «Ўзавтосаноат» АК раҳбариятларига Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига келиб тушаётган мурожаатларнинг ўз вақтида ва сифатли ижросини таъминлашга қаратилган ҳайъат йиғилишларини ўтказиш;

аҳоли ва тадбиркорлар мурожаатларини кескин камайтириш мақсадида уларнинг келиб чиқиш сабабларини чуқур ўрганган ҳолда, муаммоларни бартараф этиш юзасидан тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга ўзгартиришлар киритиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига ўз таклифларини киритиш вазифаси юклатилган. 

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари «Ўзтрансгаз» АК, «Ўзбекэнерго» АЖ билан биргаликда қиш мавсуми арафасида аҳолидан тушаётган мурожаатларни зудлик билан жойига чиқиб, ҳал этилишини таъминлаш мақсадида бир ҳафта муддатда махсус гуруҳлар фаолиятини ташкил этишлари белгиланган.

Ҳужжатда айрим давлат органлари ва ташкилотлар раҳбарлари томонидан фуқароларнинг мурожаатларини ҳал этишда, сансалорлик, муддатидан ўтказиб юбориш ва қалбакилаштириш ҳолатлари қайд этилаётгани таъкидланган ва ҳайфсан эълон қилинган раҳбарлар номлари келтирилган. Хусусан, «Тошиссиқликқуввати» ишлаб чиқариш бирлашмаси Миробод тумани филиали раҳбари Мухаммедов эгаллаб турган лавозимидан озод этилгани маълум қилинган. 

Қарорда, шунигдек, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонаси орқали маҳаллий ҳокимлик органларига келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича иловада келтирилган 3та схема ҳам тасдиқланган. 

Мавзуга оид