Ўзбекистонда давлат ҳокимияти органларида фаолият юритувчи раҳбар ходимларига мамлакат фуқароларининг мурожаатлари ва муаммолари устида жиддий шуғулланиш вазифаси юклатилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг электрон қабулхонасига жисмоний ва юридик шахслар томонидан келиб тушаётган мурожаатларни кўриб чиқишда йўл қўйилган камчиликларни ўз вақтида бартараф этиш, мурожаатлар билан ишлашнинг натижадорлигини ошириш мақсадида 2016 йил 27 октябрида 366-сонли қарори қабул қилди. 

Унда ёзилишича, фуқаролар ва ташкилотларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш бўйича давлат органларининг масъулиятини ошириш мақсадида 2014 йил декабрь ойида «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди. Қонуннинг мақсади ва моҳияти, унинг ижросини амалга ошириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар белгиланди. 

Вазирлар Маҳкамаси томонидан ушбу Қонун ижросининг қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликлардаги аҳволи мақсадли ўрганилди. Хусусан, 2016 йил учун тасдиқланган иш режа асосида «Ўзстандарт» агентлиги, «Ўзнефтмаҳсулот» акциядорлик компанияси, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги, Ўрта махсус касб-ҳунар таълими маркази, Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси ва уларнинг тизимидаги ташкилотларда, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда қатор шаҳар ва туманлар ҳокимликларида мақсадли ўрганишлар амалга оширилди.

Вазирлик ва идоралар, маҳаллий ҳокимликларда мурожаатлар билан ишлаш масаласи танқидий муҳокама этиб борилган, жисмоний шахслар ва юридик шахсларнинг вакиллари қабул қилинган, уларнинг мурожаатлари кўриб чиқилган ва ҳақли талаблари қаноатлантирилган ҳамда тегишли чора-тадбирлар кўрилган.

Шу билан бирга, таҳлиллар натижаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқаруви органлари тизимида жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш борасида жиддий камчиликлар мавжудлигини кўрсатди.

2016 йилнинг 9 ойида республикадаги барча давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларга жисмоний ва юридик шахслардан жами 338,2 мингта мурожаатлар келиб тушган бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 3,1 фоизга кўпайган. Шу жумладан, Вазирлар Маҳкамасида мурожаатлар сони — 16,3 мингтани, вилоят ҳокимликларида — 50,0 мингтани, шаҳар ва туманлар ҳокимликларида — 200,8 мингтани ҳамда вазирликлар, идоралар ва хўжалик бошқарув органларида — 71,2 мингтани ташкил этган, дейилади қарорнинг кириш қисмида.