Спорт | 14:44 / 04.11.2016
8166
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистонлик 12 ёшли шахматчи қизга Россиядан квартира тақдим этилди

Россия шарафини ҳимоя қилувчи қозоғистонлик 12 ёшли Бибисора Асаубоевага Москва вилояти, Химки шаҳри маъмурияти томонидан квартира совға қилинди. Бу ҳақида  Chess-news.ru нашри маълум қилди.

Манбада таъкидланишича, шахмат тарихида бунақаси бўлган эмас. Катта ёшли жаҳон чемпионлари украиналик Анна Ушенина ва Мария Музичуклар ҳали-ҳануз ваъда қилинган квартирани олишмаган, Россияда эса кучли  гроссмейстерларга фақат автомобиль совға қилишган. 
 
Асаубоеванинг янги уйида таъмирлаш ишлари ўтказилган. Спортчи унга ажратилган квартирага кўчиб ўтган. 

31 октябрда Бибисора Асаубоева ўз фаолиятида бешинчи марта болалар орасидаги жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган. Бу унинг учун Россия байроғи остидаги илк ғалабадир. У сентябрь ойи бошида Россия терма жамоасига келиб қўшилган. 

12 ёшли Бибисора Тараз шаҳрида туғилган ва бир неча марта шахмат бўйича мамлакат чемпиони бўлган. 7 ёшида унга FIDE аёллар устаси унвони берилди - бу эса рекорд натижа ҳисобланади. 

Қозоғистон шахмат федерациясида спортчининг Россияга кетишини қизнинг ўзи ва Лиана Танжарикованинг (спортчининг онаси ва мураббийи) қарори, дея изоҳлашди. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид