Жаҳон | 09:31 / 15.11.2016
12959
2 дақиқада ўқилади

Обама Дональд Трампга хулқини ўзгартириш борасида маслаҳатлар берди

Архив сурат / BBC

АҚШ президенти Барак Обама Оқ уйда ўтказган анъанавий матбуот анжуманида  мамлакатнинг янги сайланган президенти Дональд Трампга маслаҳатлар берди. Обаманинг фикрича, Трамп ўз хулқ-атворини ўзгартириши устида тер тўкиши лозим. 

"Унинг феълидаги айрим жиҳатлари борки, Трамп уларни тан олиб, ўзгартирмас экан, хизмат вазифасини кўнгилдагидек адо қила олмайди, - дея фикр билдирган амалдаги давлат раҳбари. – Одамлар, янги вазиятга кўникишлари учун вақт талаб этилади".

Президент Обаманинг фикрича, Трамп "нафақат ўзига ишонч билдирган, балки бутун Америка халқининг ишончини қозониш учун барча чораларни кўриши керак". "Ўйлайманки, у муваффақиятли президент бўлиш ва мамлакатни тараққиёт йўлидан олиб бориш ниятида", - деган президент. 

Обама, журналистларнинг у ҳамон Трампни президентлик учун номуносиб деб ҳисоблайдими?, деган саволига жавоб бермаган. Обама бунинг ўрнига ўтган ҳафтада Трамп билан сидқидилдан суҳбатлашгани ҳақида сўз юритган. 

"Фикримча, янги президент ғоявий қарашлардан келиб чиқмайди, балки у прагматикдир", - деб изоҳ берган Обама. Шунга қарамай, Обаманинг тан олишича, республикачининг президентлиги бўйича унда "албатта хавотирлар сақланиб қолмоқда". 
 

Мавзуга оид