Фан-техника | 17:47 / 22.11.2016
8873
2 дақиқада ўқилади

Фотоайғоқчилар энг йирик BMW моделини суратга олишга муваффақ бўлишди

Фото: Motor.ru

Германиянинг BMW компанияси энг йирик йўлтанламасининг прототипини синовга олиб чиқди. Янги автомобиль X7 деб номланиши кутилмоқда. Машинанинг Германия йўлларида олинган жосуслик суратлари Autocar нашрида чоп этилди.

Суратлардан бўлғуси серияли модель кузовининг шаклини тахмин қилиш мумкин. Йўлтанламаснинг илк тизери BMW компаниясининг бир йиллик ишлари якуни ҳамда Бавария савдо белгисининг келажагига бағишланган матбуот анжуманида илк бора намойиш этилганди. Хабарларга кўра, X7 икки хил намунада ишлаб чиқилади: бири етти ўриндиқли бўлса, бошқа бири ҳашаматли кўринишда ва 4 ўриндиққа эга бўлади. 

BMW маркетинг ва савдо бўлими раҳбари Иен Робертсоннинг сўзларига кўра, компаниянинг энг йирик ўлчамли модели нафақат X5 платформасининг узайтирилган намунаси негизида барпо этилади. Айрим бутловчи қисмлар ва деталлар махсус ишлаб чиқилади. Аввалроқ, X7 олтинчи авлод 7-Series автомобиллари барпо этиладиган CLAR шассиси асосида ишлаб чиқилиши тахмин қилинган эди. 

Моделнинг моторлари қаторида олти ва саккиз цилиндрли агрегатлар ҳам бўлади. Бундан ташқари, V12 ва гибридли модификациялари ҳам пайдо бўлиши мумкин. 

BMW X7 АҚШнинг Спартанберг шаҳрида йиғилади. 2018 йилдан диллерларга етказилиши кутилаяпти. 
 

Мавзуга оид