Иқтисодиёт | 11:06 / 02.12.2016
8450
2 дақиқада ўқилади

Дубайда бир йилда икки марта чегирмали савдо мавсуми жорий этилади

Дубай ҳукумати бир йилда икки марта чакана савдо фестивали ўтказишга қарор қилди. Унда харидорларга йирик чегирмалар тавсия қилинади, деб ёзмоқда Arabian Business нашри.

Дубай иқтисодий тараққиёт департаменти қарорига мувофиқ, чакана савдо марказларидаги чегирмалар ҳар йилнинг 1-3 декабрь ва 25-27 май кунлари тақдим этилади. 

БААнинг Миллий кунига бағишланган биринчи шундай чегирмалар савдоси 1 декабрда бошланди. Уч кун давом этадиган савдоларда маҳаллий, минтақавий ва халқаро чакана савдо билан шуғулланувчи компаниялар 30-90 фоизлик чегирмаларни таклиф этмоқда. 

Одатда, Дубайда декабрь-январь ойлари ва июль-август ойларида савдо фестиваллари ўтказилади. Эндиликда, шаҳар маъмурияти Хитой тақвими бўйича янги йил ҳамда Ҳиндистондаги Дивали байрами, шунингдек, бошқа давлатлардаги йирик байрамлар муносабати билан савдо мавсумларини жорий қилишни режалаштирмоқда. 

Департамент ҳисоб-китобларига кўра, чакана савдо соҳаси амирлик иқтисодиётида асосий ўрин тутади. У ЯИМнинг 30 фоизини ташкил этади. Айнан чакана савдо фестиваллари Дубайга йилига 20 млн сайёҳни жалб қилиш стратегик режасини амалга оширишда муҳим ўрин тутиши белгиланган. 

Толиб Раҳматов
Тайёрлаган Толиб Раҳматов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид