Ўзбекистон | 11:44 / 02.12.2016
8376
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Президенти сайлови Европарламент нигоҳида

Аввал хабар қилинганидек, Страсбург шаҳридаги Европа парламентида мамлакатимизнинг Франция, Белгия ва Германиядаги элчихоналари ҳамкорлигида ташкил этилган “Ўзбекистонда Президент сайлови: Сайлов кампанияси - 2016” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда сайловга тайёргарлик жараёнлари, Президентликка тўртта партиядан илгари сурилган номзодларнинг сайловолди дастурлари ҳамда сайлов қонунчилигини халқаро ҳуқуқнинг умумеътироф этилган меъёрлари ва андозаларига мос ҳолда такомиллаштириш борасида олиб борилган ишлар билан танишган Европа парламенти аъзолари мамлакатимизда фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқи - овоз бериш ҳуқуқининг эркин амалга оширилиши борасида эришилган ютуқлар ҳақидаги ўз фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашдилар.

Мишел Дантен, Европа парламентининг Франциялик  депутати:

- 4 декабр куни Ўзбекистонда мамлакатнинг тўртта сиёсий партиясидан номзодлар иштирок этадиган Президент сайлови бўлиб ўтади. Энг муҳими - уларнинг ҳар бири аниқ шакллантирилган ўз сайловолди дастурига эга.

Шубҳасиз, ушбу сайлов давлатнинг келажагини белгилаб беради. Ўзбекистон ва Франция  ўртасидаги ҳамкорликни юксак баҳолайман ва Президент сайловидан кейин ҳам ўзаро муносабатларимиз сифат жиҳатидан янги босқичга чиқишини истардим. Шембери шаҳрининг мери сифатида таъкидлашим жоизки, биз Ўзбекистон билан мустаҳкам иқтисодий алоқаларни қўллаб-қувватлаймиз ва ушбу муносабатларнинг янада кенгайишидан манфаатдормиз.

Антонио Мириню и Пинту, Европа парламентининг Португалиялик депутати:

- Бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик фуқароларнинг сайлов фаоллиги ҳамда уларнинг ўз овоз бериш ҳуқуқларидан эркин ва онгли равишда фойдаланишга интилаётганларини намоён этмоқда.

Мамлакатингизда сайлов кампанияси Ўзбекистон Конституцияси ва “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида”ги Қонунга ҳамда сайлов жараёнларининг очиқ ва ҳалол ўтишига хизмат қилувчи умумеътироф этилган халқаро меъёрлар ва демократик тамойилларга тўла мос ҳолда амалга оширилаётгани жуда муҳимдир.

Шу муносабат билан, ўзбек халқига давлат раҳбари лавозимига сайловнинг муваффақиятли ўтказиб олишини ва мамлакатингизда ҳамиша барқарорлик, тинчлик ва ҳамжиҳатлик бардавом бўлишини тилайман.

Мавзуга оид