Ўзбекистон | 11:51 / 06.12.2016
32576
2 дақиқада ўқилади

Мирзиёев МДҲни сақлаб қолиш ва ривожлантириш тарафдори

Ўзбекистоннинг сайланган президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил давлат ҳамдўстлигини сақлаб қолиш ва унинг фаолиятини такомиллаштириш ҳамда янада ривожлантириш зарурлигига ишончи комил. Бу ҳақда МДҲ Ижроия қўмитаси раҳбари Сергей Лебедев РИА Новости агентлигига маълум қилган. 

2016 йил 2 сентябрида 78 ёшида Ўзбекистон биринчи Президенти Ислом Каримов вафот этган эди. Шундан сўнг, республика МСК навбатдан ташқари президентлик сайлови ўтказиш жараёнини эълон қилди. 2016 йил 4 декабрда бўлиб ўтган сайловда, МСК маълумотларига кўра, Мирзиёев 88,61 фоиз овоз тўплаб, ишончли ғалаба қозонди. Лебедев янги сайланган президент билан учрашган илк хорижий мамлакат ва халқаро ташкилот вакили бўлди. 

"Сайланган Президент билан мазмунли суҳбат бўлиб ўтди. Сайланган Президент сўзларига кўра, у аввалги давлат раҳбари Ислом Каримов олиб борган йўлни давом эттириш, МДҲни сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш ҳамда Ўзбекистоннинг Ҳамдўстлик доирасидаги интеграция жараёнида фаол иштирок этишини хоҳлайди", — деган Лебедев.

МДҲ Ижроия қўмитаси раҳбарининг қайд этишича, Мирзиёев интеграция жараёни бирлашмага аъзо давлатларнинг манфаатларига жавоб бериши керак деб ҳисоблайди. 

"Ўзбекистоннинг МДҲдаги аъзолиги унинг манфаатларига жавоб беради", — деган агентлик суҳбатдоши. 

Лебедевга кўра, Ўзбекистоннинг сайланган Президентининг айтишича, "ғарб мамлакатларининг МДҲ мамлакатларига санкциялар жорий қилиши муносабати билан ўзаро бир-биримиз билан қалин ҳамкорлик қилишимиз керак".

Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги (МДҲ) — собиқ СССР таркибига кирган аксар иттифоқчи республикалардан ташкил топган давлатлараро бирлашма бўлиб, 1991 йил 8 декабрда ташкил топган.  Ўшанда, Белоруссия, Россия Федерацияси ва Украина раҳбарлари уни ташкил этиш бўйича шартномани имзолашган эди. Ҳозирда, унинг таркибига Озарбойжон, Арманистон, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Украина киради. 

 

Мавзуга оид