Оқ уй ОАВ эътибор бермаган терактлар рўйхатини эълон қилди
Оқ уй маъмурияти, ОАВда етарлича ёритилмаган ёки умуман хабар қилинмаган қўпорувчиликлар рўйхатини эълон қилди. Ҳужжатдан унчалик ҳам маълум бўлмаган воқеалар сингари сўнгги йилларда жаҳон янгиликлар тасмасида ёритилган воқеалар ҳам киритилган.
АҚШ президенти Дональд Трамп ОАВни терактларга эътибор бермаётганликда айблади. "Шунчаликка боришмоқдаки, бу ҳақда (қўпорувчиликлар ҳақида) хабар қилишмаяпти, умуман кўп ҳолларда нохолис матбуот терактларни ёритишни истамаяпти", — деган Трамп Флорида штати ҳарбийлари қаршисида чиқиш қилар экан.
Шундан сўнг, Оқ уй таҳлилчилари 2014 йил сентябрь ойидан 2016 йил декабрь ойига қадар содир этилган 78та қўпорувчилик рўйхатини тузиб чиқишган. Улар орасида кенг оммага ошкор қилинмаганлари, хусусан, 2014 йил ноябрь ойида Саудия Арабистонида данияликка жароҳат етказилиши ёхуд 2015 йил январида Саудияда АҚШнинг икки фуқароси жабрланишига оид ҳолатлар бор.
Шу билан бирга, матбуотда кенг ёритилган хунрезликлар ҳам рўйхатдан ўрин олган. Масалан, 2014 йили Оттава ёдгорлик мажмуасида канадалик аскарнинг ўлдирилиши, 2015 йилда Техасдаги карикатуралар кўргазмасида террорчиларнинг йўқ қилиниши кабилар шулар жумласидан.
Оқ уйнинг эътиборсиз қолдирилган террорчиликлар рўйхатидаги айрим воқеалар жаҳон янгиликларида кенг ёритилган. 2015 йил июнида Тунисда содир этилган теракт ҳамда ўша йили Франция поездида қўпорувчиликка уриниш ОАВ эътиборидан четда қолмаган.
Бундан ташқари, Оқ уй рўйхатига 2015 йил октябрида Синай ярим ороли осмонида Россия йўловчи самолёти бортидаги теракт, 2015 йил охирларидаги Париж воқеалари ҳам киритилган. Шунингдек, Истанбулдаги 2016 йил июнидаги қўпорувчиликлар, 2016 йил июлидаги Ницца теракти ҳам Оқ уйга кўра ОАВ томонидан эътибор берилмаган ҳодисалардир.