Иқтисодиёт | 11:31 / 17.02.2017
11413
2 дақиқада ўқилади

Бразилия тарихда илк маротаба қаҳва импортига янгилик киритди

Бразилия ҳукумати мамлакат тарихида илк маротаба аччиқ робуст навли қаҳваларни импорт қилишга рухсат берди, деб маълум қилди Бразилия қишлоқ хўжалиги вазири  Силвио Фарнеси.

Рейтер агентлиги маълумотларига кўра, яқин орада ушбу навли қаҳвани Вьетнамдан чекланган тўпламларда етказиб бериш бошланади. Хориждан қаҳва сотиб олишга рухсатни Бразилия ташқи савдо палатаси CAMEX берган.

Хориждан сотиб олинган қаҳваларга унинг қийматининг 2 фоизи миқдорида импорт божи жорий қилинади. Белгиланган квотага мувофиқ, май ойи охиригача мамлакатга ҳар бири 60 кг бўлган 1 млн қоп қаҳва олиб кирилиши мумкин. Аммо, ойига 250 минг қопдан кўп бўлмаган миқдорда олиб киришга рухсат этилади. 

Бразилия қаҳва етиштириш ва экспорт қилиш бўйича энг йирик давлат ҳисобланади. 2016 йилда арабика навли қаҳванинг рекорд ҳосилини йиғиштириб олди, аммо робуст навининг ҳосили Эспириту-Санту штатидаги кучли қурғоқчилик сабабли 2004 йил даражасига тушиб кетди.

Мавзуга оид