Ўзбекистон | 20:31 / 21.02.2017
214122
2 дақиқада ўқилади

Андижон воқеалари тасвирланган ҳужжатли фильм намойиш этилди

2005 йилнинг 12-13 май кунларида Андижон вилояти маркази Андижон шаҳрида рўй берган қонли фожиалар тасвирланган ҳужжатли фильм YouTube порталида намойиш қилинди. 

"Олтин водийни титратган кун" деб номланган ушбу фильмда террорчилик ҳаракати тасвирлари, Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовнинг ҳудудга бориши ва давлат тўнтаришига уринишнинг бартараф этилиши тафсилотлари келтирилган.

Ўша йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси томонидан олиб борилган тергов суриштирув натижаларидан кейинги ҳисоботида “Ўзбекистон мустақил сиёсати, унинг миллий манфаатларини, конституциявий тузумини ағдариш ва исломий давлат барпо этишга қаратилган, геосиёсий манфаатларга тўлиқ мос келувчи пухта ўйланган ва режалаштирилган ҳаракат” дея баҳоланганди.

Ташқи кучлар қутқуси билан жиноий гуруҳ томонидан юзага келтирилган тартибсизликлар оқибатида ҳисоботга кўра, 187 киши қурбон бўлганди. Шундан 60 нафари тинч аҳоли вакиллари (уларнинг ичида икки нафар вояга етмаганлар ва бир нафари аёл) эди. Террорчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг 31 нафарини ўлдиришган. 287 нафар киши, жумладан, 91 нафар тинч аҳоли вакиллари, 49 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари ва 59 нафар ҳарбий турли даражадаги тан жароҳатлари олишган.

Террорчиларга қарши чора-тадбирлар вақтида эса 94 нафар террорчи йўқ қилинган, 76 нафари яраланган.

Мавзуга оид