Голливуднинг қамоқдан қочиш ҳақидаги кинолари жуда кўп. Уларда маҳбус бирор усулда, масалан, туннел қазиб ёки канализация орқали қамоқхонадан қочиб кетади. Бизнинг “қаҳрамонимиз” эса 2005 йил 13 май куни Андижонда бўлган воқеалардаги ҳолатдан фойдаланган ва турмадан қочиб кетган.
Сериали жиноятлар ва 20 йил қамоқ
1976 йилда Сирдарё вилоятида туғилган Ҳамидбек Юсуфжанов бир неча бор судланган. У 16 ёшидаёқ, яъни 1992 йилда жиноятга қўл уриб, 3 йилга озодликдан маҳрум қилинган. 1996 йилда эса Нукус ҳарбий гарнизон судининг ҳукми билан яна 3 йил озодликдан маҳрум қилинган. Бироқ 1996 йил 7 августдаги амнистия актига кўра жазодан озод этилган. Гулистон шаҳар судининг 1996 йил 17 октябрдаги ҳукми билан эса 4 йилга қамалган.
Ҳамидбек Юсуфжанов кўп ўтмай навбатдаги жиноятга қўл урган. Унинг бу сафарги жинояти анча жиддий, яъни қотиллик билан боғлиқ эди. У Жиноят ишлари бўйича Сирдарё вилояти судининг 2004 йил 31 майдаги ҳукми билан жазони оғирлаштирувчи ҳолатларда қотиллик, босқинчилик, мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш жиноятларини содир қилишда айбли деб топилган. Суд ҳукми билан Ҳамидбек Юсуфжановга 20 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Жазонинг дастлабки 3 йилини турмага қамаш тарзида ўтаттириш белгиланган.
Турмага босқин
Ҳамидбек Юсуфжанов 2004 йил 8 октябр куни Андижон шаҳридаги турмага, ҳозирги Андижон вилояти ИИБ 3-сонли Тергов ҳибсхонасига олиб келинади. Маҳбус шу тариқа ўзига тайинланган жазони ўтай бошлайди.
Аммо 2005 йил 12 май куни Ҳамидбек Юсуфжановнинг ҳаёти ўзгариб кетади: айни шу куни тунда “Акромийлар” диний экстремистик оқим аъзолари у сақланаётган турмага бостириб киришади. Жиноятчилар тўдаси бунгача Андижон вилояти ИИБ ППХ ва ЖТСБ маъмурий биносига қуролли ҳужум уюштириб, у ердан ўқотар қуроллар ҳамда ҳарбий юк автомашинасини қўлга киритганди.
Экстремистик оқим аъзолари турмада сақланаётган шериклари билан бирга бошқа маҳбусларни ҳам озод қилишади. Улардан бири Ҳамидбек Юсуфжанов эди.
“Улар ҳокимиятни эгаллашларини айтишди. Камерадаги нарсаларимни йиғиштириб, барча маҳбуслар қатори турмадан чиқдим. Турмадан чиқаётган вақтимда бир нечта ИИБ ходимлари яраланиб ётганини кўрдим. Шунда турмага қуролли ҳужум уюштирилганини билдим.
Турмадан чиққанда террорчилар йўлни тўсиб олишди. Улар барча ўнг томондаги кўча орқали ҳаракатланиши, Андижон вилояти ҳокимияти томонга бориш кераклигини тушунтирди”, деган Ҳамидбек Юсуфжанов кейинчалик судда.






