Жаҳон | 11:24 / 05.09.2025
18173
3 дақиқада ўқилади

«Ҳинд Ражабнинг овози» 23 дақиқа тўхтовсиз олқишланди

Венеция кинофестивалида исроиллик ҳарбийлар томонидан отиб ўлдирилган беш ёшли қиз ҳақидаги — «Ҳинд Ражабнинг овози» ҳужжатли фильми намойиш қилинди. У фестивалнинг «энг кучли ва долзарб асари», деб топилди. «Бу овоз – сўнгги икки йил ичида Ғазода ҳалок бўлган 19 минг боладан биридир...» дейди фильм ижодкорлари.

Филм трейлеридан лавҳа

3 сентябрь кунги тадбирда намойиш қилинган «Ҳинд Ражабнинг овози» ҳужжатли фильми — тунислик режиссёр Бен Хания томонидан суратга олинган. Фильм кинотанқидчилар томонидан «бу йилги фестивалнинг энг кучли ва долзарб асари» деб таърифланди.

The Guardian нашрининг ёзишича, «Ҳинд Ражабнинг овози» фильмини томошабинлар премьерадан сўнг 23 дақиқа тик оёққа туриб олқишлади.

Ижодий гуруҳда Бред Питт, Жонатан Глейзер, Хоакин Феникс ва Алфонсо Куарон ижрочи продюсер сифатида иштирок этган.

Фото: Getty Images

Фильм 2024 йил январда Ғазо вайроналари ичида машинада қамалиб қолган Ҳинд Ражабнинг сўнгги, изтиробли қўнғироғини қайта тиклайди. Қариндошларининг жасадлари ёнида фақат у тирик қолган эди. Ўриндиқ остида яширинган Ҳинд Ражаб Фаластин Қизил Ярим Ой жамиятига қўнғироқ қилади. Аммо қизалоқ ҳам, уни қутқаришга чиққан шифокорлар ҳам исроиллик ҳарбийлар томонидан ўлдирилди. Исроил армияси бу иш юзасидан расмий тергов эълон қилмаган.

Исроил ҳарбийлари ўнлаб ўқ узган машина / Фото: BBC

«Мен Ҳинд Ражабнинг овозини илк марта эшитганимда, бу Ғазонинг ўзи ёрдам сўраётгандек овоз эди – аммо ҳеч ким унга етиб бора олмади», дейди Бен Хания.

Фильмда Ҳинднинг ҳақиқий телефон ёзувларидан фойдаланилган. Аммо воқеа уни қутқаришга уринган Қизил Ярим Ой жамоаси орқали драматик тарзда ҳикоя қилади.

Ҳинд Ражаб / Фото: Al-Jazeera

Актриса Сажа Килани бутун фильм жамоаси номидан шундай деди:

«Ҳинд Ражабнинг овозига бизнинг ҳимоямиз керак эмас. Бу фильм на фикр, на хаёл. Бу ҳақиқатга асосланган.

Ҳинднинг ҳикояси бутун халқнинг оғирлигини ўзида мужассам этади, бу фақат унинг ҳикояси эмас. Унинг овози – сўнгги икки йил ичида Ғазода ҳалок бўлган 19 минг боладан биридир.

Бу овоз – яшаш, орзу қилиш, қадр-қиммат билан мавжуд бўлиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир она, ота, шифокор, ўқитувчи, рассом, журналист, волонтёр ва фельдшернинг овози. Буларнинг барчаси кўз ўнгимизда ўғирланди. Ва бу фақат биз билган овозлар. Ҳар бир рақам ортида ҳеч қачон айтиб берилмаган ҳикоя бор», дейди у. 

Тайёрлаган:  Фаррух Абсаттаров

Мавзуга оид