Жаҳон | 16:29 / 25.02.2017
7594
2 дақиқада ўқилади

Ким Чен Нам ўлими бўйича КХДР дипломати ушланиши мумкин

Малайзия суди КХДР етакчисининг ўгай акаси Ким Чен Намнинг ўлимига доир иш бўйича шимолий кореялик дипломатни ҳибсга олишга кўрсатма бериши мумкин. Дипломат полиция маҳкамасига келишдан бош тортса, шундай чора кўрилиши эҳтимол, деб хабар қилмоқда Reuters агентлиги. Бу ҳақда Малайзиянинг Селангор штати полиция маҳкамаси раҳбари Абул Самах Мат маълум қилган.

Унинг сўзларига кўра, дипломатга ўз хоҳиши билан полицияга келиши учун муддат берилади. Шундан сўнг, унга тергов билан ҳамкорлик қилиш бўйича огоҳлантириш юборилади. 

"Агар дипломат бунга ҳам эътиборсизлик қилса, полиция судга мурожаат қилади ва дипломатни ҳибсга олиш бўйича ордер беришни сўрайди", - деган полиция раҳбари. 

14 февралда Малайзия полицияси Ким Чен Намнинг ўлимини тасдиқлаган эди. Унга суиқасд қилишда 8 киши гумон қилинмоқда. Улардан 4 нафари қўлга олинган, 4 нафари суиқасд содир этилган куни КХДРга чиқиб кетишга улгурган. 

Расмий Пхеньян марҳумнинг давлат раҳбари Ким Чен Инга умуман алоқаси йўқлигини таъкидламоқда.

Мавзуга оид