Жаҳон | 22:24 / 09.03.2017
9542
2 дақиқада ўқилади

Эрдўғанга суиқасд уюштирганликда айбланганлар "тухумлар ёмғири" остида қолишди

Туркиянинг жануби-ғарбидаги Мугла провинцияси суд биноси олдида тўпланган президент Ражаб Тоййиб Эрдўған тарафдорларидан иборат гуруҳ навбатдаги суд мажлисига олиб келинган айбланувчиларга қарата тухумлар улоқтиришди. Мазкур бинода июль ойидаги ҳарбий тўнтарув ҳаракатлари чоғида турк раҳбарига уюштирилган суиқасд иши кўриб чиқилмоқда. Бу ҳақида 9-март, пайшанба куни Hurriyet газетаси хабар берди

Мазкур жиноят юзасидан мухолифат ислом воизи ҳисобланган Фатҳуллоҳ Гуленнинг 47 тарафдори иши кўриб чиқилмоқда, уларнинг 3 нафарига қидирув эълон қилинган. Айбланувчилар рўйхатида биринчи бўлиб Гуленнинг номи қайд этилган, у ҳозирда АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилади. 

Суд биноси олдида 300 нафарга яқин киши тўпланди. Уларнинг қўлларида Эрдўғанни қўллаб-қувватлаб, Гуленни қоралаб ёзилган шиорлар бор эди, уларда ҳаттоки суиқасд иштирокчиларига ўлим жазоси ҳам сўралган. Баъзи намойишчилар белгиланган ҳудуддан ўтиб кетишга уринишди, бироқ полиция томонидан тўхтатиб қолинди. 

2016 йилнинг июлида, Туркияда ҳарбий тўнтарув ҳаракати амалга оширилган тунда исёнкор ҳарбийлар Мармарисдаги Туркия президенти дам олаётган меҳмонхонага ҳужум қилишган. Ҳужум Эрдўған меҳмонхонани тарк этганидан бир неча дақиқа ўтгач амалга оширилган. Суиқасдни бартараф этиш давомида полициянинг икки нафар ходими ҳалок бўлган. 

Мавзуга оид